Агар кўзингизда катаракта бошланса…

Инсон кўз касалликларига учрамаслиги учун нима қилиши лозим? Унга кўзни асраб-авайлаш билан боғлиқ қандай маълумотлар керак бўлади? Биз шу ҳақида газетхонларни тиббий маълумотга эга қилиш мақсадида тиббиёт фанлари номзоди, офтолмолог Равшан МИРХАЛИКОВ билан суҳбатлашдик:

– Маълумотларга кўра, кўз ожизлигига олиб келувчи асосий сабабларнинг 50 фоизини айнан катаракта касаллиги ташкил этар экан. Шу тўғрими?


– Ҳа. Катаракта касаллиги кўз касалликларидан бири бўлиб, бу хасталикда кўз гавҳарининг хиралашиши ва кўриш қобилиятининг паса­йиши кузатилади. Дунёда катаракта касаллигига аҳолининг 3 фоизи, асосан, ёши қирқ-эллик ёшдан ўтганлар учрайди.
Мамлакатимизда тиббиётнинг замон талаблари даражасида ривожланаётгани, тиббиёт муассасаларининг илғор замонавий-тиббий асбоб-­ускуналар билан таъминланаётгани туфайли катаракта лазер жарроҳлиги йўли билан осонгина олиб ташланмоқда. Катарактанинг бошланғич даврида ультратовуш билан даволаш усули қўлланилмоқда. Катаракта олиб ташлангандан сўнг кўз нурини тиклаш мақсадида суньий гавҳар-интроокуляр линзаси қўйилади. Бу юмшоқ линзалар кўзга бутун умрга ўрнатилади ва линзалар ҳеч қандай зарарсиз бўлиб, улар инсонга табиий гавҳар каби яқин ва узоқ масофани кўзойнаксиз кўра олиш имкониятини беради.

– Катаракта хасталигини қандай аниқлаш мумкин?


– Агар биз кўзни фатоаппарат деб тасаввур қиладиган бўлсак, кўз гавҳари объективлик вазифасини ўтайди. Қачонки, кўз гавҳари соғлом бўлиб, яхши ишласа, атрофдаги нарсаларни яққол, аниқ-тиниқ кўра оламиз. Агар кўз гавҳари хиралашиб қолса, кўриш қобилияти ёмонлашади. Бу ҳолат катаракта дейилади.
Катаракта қарилик белгиси ва у оддий жараён ҳисобланади. Бу касаллик кўз касаллик­лари орасида энг кўп учрайдиган тур бўлиб, қирқ ва ундан ортиқ ёшга кирган кишиларда табииий равишдаги кўриш қобилиятининг пасайиши билан кечади. Бундан ташқари, ёшга боғлиқ катарактадан ташқари, гавҳарга бирор шикаст етганлик натижасида ҳам кўз хиралашиши мумкин. Масалан, маълум турдаги нурланишлар, баъзи дориларни қабул қилиш, диабет, миотония, глаукома ва узоқни кўра олмаслик каби кўз касалликлари туфайли ҳам кўз хиралашиши мумкин.

– Катарактада кўзда қандай хасталик ҳолатлари кузатилади?


– Катаракта хасталигида беморнинг кўз гавҳари ўз шаффофлигини йўқотиб, ёруғлик нурларининг бир қисми тўрпардага етиб келмайди. Натижада, кўз хиралаша бошлайди. Катарактада кўриш қобилиятининг пасайиши ёки умуман йўқолиши, кўз ўнгида оқ парда ёки тўқ доғлар пайдо бўлиши, кўриш шаклининг бузилиши, битта нарсанинг кўп бўлиб кўриниши, ёруғликка ўта сезувчанликнинг (миопия) пайдо бўлиши ёки кучайиши, кўз босимининг ортиши, оғриқлар пайдо бўлиши ҳолатлари кузатилади. Хасталикка чалиниш хавфини оширувчи омилларга генетик мойиллик, модда алмашинувининг бузилиши, қандли диабет, авитаминоз, ультабинафша нурлардан таъсирланиш, ноқулай экологик муҳит ҳам сабаб­чи бўлиши мумкин.

– Катаракта хасталигини даволашнинг консерватив усуллари ҳам борми?


– Бу хасталикнинг олдини олувчи ва уни даволовчи самарали дори воситалари ҳали мавжуд эмас. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари катаракта хасталигини даволашнинг ягона ва самарали усули – бу жарроҳлик амали эканлигини тасдиқлайдилар. Шу боис хасталик жарроҳлик амалиёти орқали тўлиқ тузалиб кетишига эришилмоқда.

– Катаракта хасталиги қайси даврда операция қилинади?


– Баъзи кўз мутахассисларида «кўз бутунлай кўрмай қолганда, яъни катаракта етилганида операция қилиш керак», деган янглиш фикрлар учрайди. Биз эса тажрибаларга асосланиб, қўлланиладиган илғор усул, яъни уни етилгунича ортиқча кутмасдан, катарактанинг дастлабки босқичидаёқ кўриш қобилиятини қайта тиклаш имкониятини қўллаймиз. Шунингдек, иккиламчи глаукома (кўз босими) билан мураккаблашган катаракта ҳолатларида ҳам тезкор операция қўлланилиши касалликни бартараф этишда яхши натижаларни бермоқда.

– Хасталикни даволашни қандай усуллари мавжуд?


– Катарактани даволашнинг турли усуллари мавжуд. Улар кўз томчилари билан даволаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш усулидир. Жарроҳлик амалиётининг мақсади битта – хиралашган кўз гавҳарини олиб ташлаш ва ўрнига сунъий гавҳар қўйишдир.
Консерватив даволаш усули одатда касаллик ривожланишини вақтинча тўхтатиб туриши мумкин, аммо бутунлай даволай олмайди. Шу боис консерватив даволаш катарактанинг бошланғич даврида қўлланилинади. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзан жарроҳлик амалиётини ҳам қўллаб бўлмайди. Бунда лазер даволашнинг асосий усулига айланади. Катаракта узоқ давом этувчи касаллик ҳисоб­ланганлиги боис томчилар билан даволаш давомий қўлланилиши керак. Катарактадаги кўз томчилари фақат офтаьмолог томонидан тавсия этилади.

– Қандай омиллар катарактанинг етилишига сабаб бўлади?


– Даволаш жараёнидаги танаффуслар катаракта етилишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларда замонавий усулларидан бири ҳисоб­ланган – ультратовуш факоэмульсифакациясидан фойдаланилади. Унда сунъий гавҳар ҳеч қандай чораларсиз кичик кесиш орқали қўйилади.
Катаракта хасталигининг ривожланиши гавҳарнинг сувсизланиши билан боғлиқ. Сувсизланиш натижасида гавҳар керакли озуқани ололмайди. Бошқа хасталиклар каби катарактанинг келиб чиқиши ҳам овқатланиш тартиби ва маҳсулотлар сифатига боғлиқ эканлигини унутмаслик лозим. Кўз нури учун витамин С жуда фойдали. У эркин радикаллар шикаст­ланишининг олдини олади.

– Факоэмусьсификация ва интраокуляр линза киритиш усулининг афзалликлари нимада?


– Факоэмусьсификация ва интраокуляр линза киритиш усули қуйидаги афзалликларга эга. Бу усул бошқа касалликларни қўзғатмаган ҳолда кўриш қобилиятининг кескин яхшиланиши, операциядан кейинги тикланиш даврининг қисқариши, ижобий ва барқарор натижа бериши, катаракта етилишини кутмасдан тиклаш имкониятларини беради.

– Контакт линза тақишнинг афзалликлари нимада?


– Айрим йигит-қизлар кўзларидаги нуқсон, узоқ ва яқинни яхши кўра олмаслик, шоҳ парда касалликларини бартараф этиш, кўзойнак тақиб юришдаги ноқулайликлардан халос бўлиш ва кўзни пардозлаб кўрсатиш мақсадида линзалардан фойдаланишмоқда. Контакт линзалар кўз рефракциоаномалиялари ҳолатида, косметологик мақсадларда, баъзан даволаниш учун тавсия этилади. Шифокор бемордаги кўз ҳолати ва иш шароитини баҳолаб, линза тақиш ёки тақмасликка маслаҳат беради. Линзадан фойдаланишда гигиенага риоя этиш лозим.

– Кўз хиралашишидан нолийдиган катта ёшдаги кишилар неча ёшдан бошлаб кўзойнак тақишлари мумкин?


– Инсон қирқ ёшдан сўнг яқиндан кўриш учун кўзойнак тақиши табиий ҳол. Чунки бу гавҳарда юзага келадиган ёшга хос ўзгариш­ларга боғлиқ бўлади. Шу боис бу ёшдагилар кўз шифокори кўригидан ўтиб туришлари, кўзни асраш ва зўриқтирмаслик учун шифокор тавсия этган кўзойнакларни тақишлари лозим.

– Компьютернинг кўзга кўрсатадиган салбий томони ҳақида маълумот берсангиз.


– Техника тараққиёти туфайли ҳаётимизга мобел телефонлари, компьютер кабилар кириб келди. Ҳаддан зиёд компьютерга боғланиб қолиш, соатлаб унинг олдида ўтириш кўзга салбий таъсир этмасдан қолмайди. Болалар компьютер қаршисида 7-8 соатлаб ўтирса, албатта, кўз рефракцияси бузилади. Шу боис 12 ёшгача бўлган болаларни компьютер ёки телевизор экрани олдида узоқ вақт ўтиришдан асрашимиз лозим. 13-16 ёшдаги болалар эса ҳар 2 соатда компьютердан танаффус эълон қилиб, кўзларни ён-атрофдаги бошқа нарсаларга чалғитиш, кўзни ҳар томонга ўйнатишга одатланиш лозим.

– Кўзни равшанлаштириш учун қандай машқларни тавсия этасиз?


– Бунда кўз соққасини ўйнатувчи машқлар тавсия этилади. Масалан, стол тенниси ўйнашга одатланиш ёки шарикчани кузатиш кўз учун яхши гимнастика ҳисобланади. Дераза ойнасига бирор нарсани қўйиб, унга яқиндан ва узоқдан қараш, яшил майсазорга тикилиш ҳам кўзга дам беради. Шунингдек, ҳар куни ўртадаги учта бармоқлар билан қовоқни секин босиб, кўзларни юмиш кўздаги циркуляцияни яхшилайди.

Яна ўқинг:  Тил ҳам оғрийдими?

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: