Армиямиз – тинчлик ва тараққиётимиз посбони

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 20 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ёшларни ҳарбий хизматга саралаш жараёни бошланди. Ҳарбий хизматга отланган йигитлар тиббий кўрик ва синовлардан ўтмоқда.

Миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш – шарафли иш. Аскарлик – баркамоллик белгиси. Бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Фақат жисмоний машқларда чиниққан, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан камолга етган йигитларгина ҳарбий форма кия олади.

Собиқ тузум даврида юртимиз ўғлонлари ўз тупроғи қолиб, узоқ ўлкаларда хизмат қилар эди. Бу турли миллатга мансуб йигитларни жипслаштиради, деб оламга жар солинса-да, аслида ҳаётда мутлақо акси эди. Масалан, Марказий Осиёдан борган аскарлар асосан қурилиш батальонларига, оғир ишларга жалб этилар, уларга беписанд назар билан, “иккинчи сорт одамлар” сифатида қаралар эди.

Ҳарбий хизматдаги носоғлом муҳит оқибатида қанча йигитлар жувонмарг кетгани ёки уйига майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини кўпчилик изтироб билан эслайди. Биргина 1989 йилнинг ўзида, тинчлик даврида, 430 нафар ўзбекистонлик аскарнинг нобуд бўлгани бунинг далилидир. Ўша пайтларда ота-оналар фарзандларини армиядан олиб қолишга ҳаракат қилгани, жўнатса ҳам, йиғи-сиғи, хавотир билан кузатгани бежиз эмас.

Мустақиллик шарофати билан халқимиз тинчлик-хотиржамликка, рўшноликка эришди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямиз ташкил этилиб, ғам-андуҳлар, ҳадик ва хавотирлар ариди. Энди Ўзбекистон ўғлонлари ўз юртида, ўз юртига, ўз халқига, ўз Президентига садоқат билан хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз сарҳадлари ва халқимиз осойишталиги ҳимоясида собит. Ҳарбий қисм ва бўлинмаларда соғлом маънавий-руҳий муҳит, юксак маданият қарор топган. Миллий армиямиз сафида хизмат қилаётган йигитлар жисмонан соғлом ва бақувват, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлиб етишмоқда. Шу боис ёшларимиз орасида армияда хизмат қилишга қизиқиш ва интилиш тобора кучайиб бораётир.

Давлатимиз мустақилликнинг илк йилларидан тинчликпарвар сиёсат юритиб келаётир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар мамлакатимизда барқарорликни таъминлашнинг, фуқаролар ва миллатлараро аҳиллик, ҳамжиҳатликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Яна ўқинг:  Sog‘lom tishlar – ko‘rk bag‘ishlar

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун бу борадаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қонунда давлатимиз ташқи сиёсатининг асослари, стратегик устувор йўналишлари, халқаро майдондаги мақсад ва вазифалари билан бирга миллий хавфсизликни таъминлаш, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш принциплари ҳам ўз ифодасини топган.

Мамлакатимиз ташқи сиёсати миллий манфаатларнинг устуворлиги, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига асосланади.

Концепцияда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатимиз Қуролли Кучларини шакллантиришдан кўзланган бирдан-бир мақсад – давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини мудофаа қилишдан иборат.

Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ўзбекистон ўзининг қўшни давлатлардаги қуролли можароларга ва қарама-қаршиликларга тортилишининг олдини олиш учун тегишли чора-тадбирларни кўради. Ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

Сир эмаски, бугунги кунда йирик давлатлар ўртасида геосиёсий рақобат тобора кучайиб бормоқда. Турли ҳарбий-сиёсий бирлашмалар тузилиб, бошқаларни таъқиб остига олишга уринишлар сезилмоқда.

Ўзбекистон аскари давлатимиз чегарасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмайди. Фақат ўз Ватани, ўз халқи тинчлиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилади.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқ ва марраларнинг асоси, энг катта бойлигимиз – юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, миллатлараро тотувликдир. Бу бойликни асраб-авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.

Шу боис жамоатчилигимиз ҳарбийларни тинчлик-осойишталик посбонлари сифатида эъзозлайди. 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини бутун халқимиз байрам қилади.

Ватан фақат жанг майдонида ҳимоя қилинмайди. Ўз ишини фидойилик билан бажариб, мамлакатимиз равнақига фаол ҳисса қўшиш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш ҳам элу юртни мудофаа қилишдир.

Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик таъминланиб, барча соҳаларда улкан юксалишга эришилаётган экан, бу бутун халқимизнинг ютуғидир. Бу бизни ягона мақсадга – юртимиздаги тинчлик-осойишталикни қадрлаб, халқимиз танлаган мустақил тараққиёт йўлини изчил давом эттиришга ундайди.

Анвар САМАДОВ,

Яна ўқинг:  Гайморитни халқ табобати усули билан даволаш

ЎзА шарҳловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: