Безгак юқумлими?
Безгак – дунёнинг юздан ортиқ давлатлари аҳолиси соғлигига хавф туғдириб келмоқда. Касаллик, асосан, Африка, Ўрта Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европанинг айрим ҳудудларида учрамоқда.
Саломатлик инсон учун энг бебаҳо неъмат бўлиб, уни асраб-авайлашда соғлом турмуш тарзи тартибларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун киши ҳар куни вақт ажратиб спорт билан шуғулланиши, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиши лозим. Акс ҳолда турли хавфли юқумли касалликларни юқтириб олиш ҳеч гап эмас.
Жумладан, ўткир юқумли касалликлардан бири бўлган безгак иситма хуружлари, ички аъзолар шикастланиши, камқонликнинг ривожланиши билан кечадиган хасталикдир. Бир ҳужайрали паразит касалликнинг қўзғатувчиси бўлиб, у чивин ҳамда одам организмида кўпайиб, безгак чивинлари орқали тарқалади. Уларнинг 4 хили, тропик безгак, уч кунлик, тўрт кунлик безгак, овале турлари бор.
Ўзбекистонда безгак чивинининг 7 хил тури мавжуд. Касаллик белгиларининг қанчалик намоён бўлиши паразитнинг инсон организмига тушганда аввало жигарда, сўнг эса эритроцитларда ривожланиши билан боғлиқ. Жигар ҳужайраларидаги ўзгаришлар одатда белгисиз бўлади. Безгакнинг уч кунлик ва овале турларида яширин давр уйқудаги паразитлар ҳисобига 8-12 кунгача чўзилиб кетиши мумкин.
Касалликни юқтириб олган кишилар шифохона шароитида даволанади. Кейинчалик уч йил давомида диспансер назоратида кузатилади. Чунки касаллик қайтадан ривожланиши ҳам мумкин. Безгак касаллигини тарқатувчи чивинларга қарши курашиш унинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Чивин чақишидан ҳимояланиш мақсадида яшаш хоналарининг дераза ва эшикларига тўр пардалар тортиш ҳамда чивинларни ҳайдаш мақсадида танага турли суртмалар суртиш лозим.
Безгак чивинлари дарё соҳиллари, ботқоқлашган сув ҳавзаси, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўлиб кетган, турғун сувли ёки оқими секин ариқлар, сув қувурларининг ишдан чиқиши натижасида, вақтинча вужудга келадиган сув ҳавзаларида кўпаяди.
Безгак фақатгина безгак чивинлари мавжуд жойларда тарқалади. Бунинг учун эшик ва деразаларни ҳимоя тўрлари (дока, темир ёки полиэтилен сетка) билан қоплаш, ҳашаротлардан ҳимоя қилувчи тўр (пашшахона) ўрнатиш лозим. Бундан ташқари, махсус электрик мосламалар ёки физик қурилмалар ёрдамида чивинларни қўрқитувчи спирал ва пластиналарни қўллаш мумкин.
З.РЎЗМЕТОВА,
Хоразм вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси
энтомолог врачи