Фарзандингиз чимхўр бўлса…

Кўплаб ота-оналар фарзандининг кам овқат ейишидан нолишади. Хўш, болалар овқатни яхши емаслиги сабаби нимада? Ота-оналар хавотири боисини тушуниш мумкин. Чунки бола тўлақонли овқатланмаса, соғлом ўсмаслиги ва яхши ривожланмаслиги мумкин. Болаларнинг овқатдан бош тортиш сабаблари жуда кўп. Уларнинг олдини олиш учун ота-онага сабр, кичкинтойга нисбатан диққат-эътибор керак бўлади.

Бола бетоб бўлганда унинг ҳатти-ҳаракатлари бирдан ўзгариб қолади. У инжиқ, қайсар, йиғлоқи бўлади. Иштаҳаси бўғилади. Бундай пайтда дарҳол бола ҳароратини ўлчаб, ётқизилади ва шифокор чақирилади. Шифокор келиб, бола касаллигини аниқлагунга қадар унга қайнаган сув ёки ширин чой берилади.
Мутахассисларнинг фикрича, муддатдан аввал туғилган айрим қизалоқларда бош миянинг озиқланиш маркази шикастланиши натижасида кўриш қобилияти сусайиши ва иштаҳасизлик келиб чиқиши мумкин.
Масалан, анорекцияда умуман овқатдан воз кечиш юзага келади. Бундай болаларни овқатга чақирсангиз унамайдилар, еса ҳатто қусиши ҳам мумкин. Бола бўшашиб, озиб кетади. Кўпинча, анорекция ўспирин қизларда турли хил парҳезлар таъсирида, ёш болаларда эса кескин қўрқиш оқибатида келиб чиқади. Бундай вазиятда бола нафақат даволовчи шифокор, балки руҳшунос ёрдамига ҳам муҳтож бўлади.

Анорекцияда организм трофикаси ва ичак фаолиятини яхшилаш учун апилак, сут ва нордон сут маҳсулотлари (қатиқ, творог, зардоб), бифидум ва колибактерин, бификол, сут лактобактерини кабиларни шифокор маслаҳатига кўра қўллаш тавсия этилади. Болаларнинг соф ҳавода етарлича бўлиши, тўғри режим, ижобий руҳий мувозанат, массаж, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, чиниқтириш, шифобахш ванналар қабул қилиш каби тадбирлар ёрдамида иштаҳа бузилишининг олди олинади.

Асабий болаларда овқат пайтида сўлак кам ажралади. Улар ҳатто кичкина котлет ёки қуюқ овқатларни еёлмайдилар. Бундай пайтда овқатдан олдин чучук мевалар (олма, нок), мевали ва сабзавотли шарбатлар берилади.
Болангиз соғлом бўлса, аммо овқатланишда уни ейман, буни ейман деб хархаша қилса, чимхўр бўлса, ҳамма овқатланиб бўлгандан сўнг нон ковшаса асло диққат бўлманг. Бу ишда сизнинг иттифоқдошингиз – бола иштаҳасидир. Иштаҳанинг табиий йўл билан очилишига имкон беринг.
Кўпчилик оналар нонушта ва тушлик орасида, сайр вақтида болаларига нон, печене бериб иштаҳасини бўғиб қўядилар. Бундай қилишни тўхтатиш керак. Бола яхшигина оч қолса, маза қилиб овқатланади. Овқатдан бош тортмай, аксинча қўшимча овқат сузиб беришни сўрайди.
Ҳамма овқатларни (салат, шарбатлар, ширинликлар, мевалар)ни дастурхонга бирданига қўйманг.
Фақат кўкрак сути билан боқилган чақалоқлар бир ёшгача бўлган пайтларида ўзларига зарур бўлган овқатни танлай оладилар. Чунки уларнинг таъм билиш қобилияти ҳали бузилмаган бўлади.
2-5 ёшлардаги болаларга олдин биринчи таомни тўла едириш, сўнгра қолганларини бериш лозим. Акс ҳолда бола овқат танлайдиган, инжиқ бўлиб қолади.
Турли ширинликлар ваъда қилиб болани овқатга ундаш, биттагина конфет бериш, болангизни овқатдан тамоман воз кечиб, сизни хоҳлаган кўйга солиши учун етарли бўлади. Бундай пайтда, она меҳрининг энг маъқул кўриниши бола соғлиғи учун керакли бўлган овқатланиш режимига қатъий риоя қилишдир.
Бола бир оз қайсарлик қилса, бутун оила унинг олдида парвона бўлади. Дарҳол унга қизиқтириш учун эртаклар айтилади, чапак чалинади, стол устига яхши кўрган ўйинчоқлари қўйилади. Овқат еса «рағбатлантирувчи конфет ёки бошқа бир ширинлик»лар ваъда қилинади. Бунинг ўрнига овқатни столдан олиб қўйиб боланинг яхшилаб очиқишини кутиш керак.

Ҳар қайси она «битта қошиқ ойи учун, биттагинаси дада учун», деб боласини зўрлаб овқат едирганининг кўп гувоҳи бўлганмиз. Мажбурлаб едирилган овқат кичкинтой учун фақат зарар олиб келади. Аксинча, бирон бир бўтқа, кисел ёки сабзавотли пюрега нисбатан нафратини оширади. Ҳар бир катта ёшли одамнинг умуман ёқтирмайдиган таоми бўлади. Одатда, бу унинг болалигида мажбурлаб едирилган таоми бўлиб чиқади. Шунинг учун бола қорнини деярли тўйдиргандан кейин, қолганини емайман деб тихирлик қилса, уни асло мажбурламанг.
Болаларга у ёки бу маҳсулотнинг фойдаси унчалик тушунарли бўлмайди. Шунинг учун турли шарбат, бўтқалар фойдаси ёки уни емаса тиши оғриши ҳақида ҳаддан зиёд насиҳат қилманг. Болангизнинг таъби бузилган бўлса, (кўп нарса татиб улгурган) у атайин кўп шоколад ейиши мумкин. Ундан кўра болани оддий, фойдали уй таомлари билан овқатлантиринг.

Болаларни тўғри овқатлантиришда асосий ва алмаштириб бўлмайдиган маҳсулот сут ва сутли маҳсулотлар ҳисобланади. Сут меъда шираси кислоталигини пасайтиради, бу уни гастрит, яра касаллиги, ўт пуфаги ва жигар касалликларида қўллашга йўл очади. Сигир сутида 2,8 фоиз тўла қимматли оқсил мавжуд. Сут оқсилида алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар – лизин, метионин, триптофан, лейсин, валин, аргининлар бўлиб, улар микробларга қарши таъсирга эга. Сигир сутида ёғ миқдори 3,5-6 фоизгача бўлиб, енгил ҳазм бўлади. Сутда қанд миқдори лактоза – 4,5 фоиз бўлади. Сут турли минерал тузларга, айниқса, фосфор- 0,9 г/л ва калсий- 0,5 г/л га бой. Сутда темир моддаси кам, бироқ у яхши сўрилади. Бундан ташқари, сут C, В, А, D, E витаминларига бой. Сигир сути оқсилини кўтара олмайдиган болаларга даво сифатида эчки сути тавсия этилади.
Болалар овқатланиш тартибида нордон сут маҳсулотлари: жумладан қатиқ кенг қўлланилади. Қатиқ ичиш парҳезда, болаларда ичак инфекцияси, дисбактериоз, рахит, гипотрофия, камқонлик, зотилжам, овқат аллергияси ва анорекция каби касаллик­ларда ҳамда антибиотиклар кенг қўлланилганда тавсия этилади. Қатиқ организмда калсий, темир ва Д витамини кўпайишига имкон беради. Ичакларда овқат ҳазм бўлиши ва сингишини яхшилайди, меъда ширасини кучайтиради. Қатиқ чиринди ва патоген микробларнинг кўпайишига тўсқинлик қилади, ичак микрофлорасини меъёрга солади. Нордон сут маҳсулотларида B2 ва B12 витаминлари миқдори юқори бўлади. Янги ивитилган қатиқ ични яхшилайди, икки – уч кунлик қатиқ эса аксинча, ични қотиради.
Творог бола овқатида қимматли маҳсулот ҳисобланади. У оқсилга (14-18 фоиз) бой бўлиб, таркибида турли аминокислоталар кўп. Творогда айниқса метионин мўл, у ўсаётган организм ва жигар касалликлари билан оғриган болалар учун ниҳоятда фойдали. Творог оқсили сут оқсилига нисбатан осон ҳазм бўлади. Творогда калсий, калий ва фосфор кўп миқдорда бўлади. Шу боис у рахит, остеомиелит касаллигига чалинган болалар учун жуда зарур маҳсулот ҳисобланади.
Сут маҳсулотларидан пишлоқда ҳам оқсил, ёғлар, калсий ва фосфор тузлари кўпдир. Ёш болаларга оз-оздан пишлоқнинг ўткир бўлмаган, юмшоқ навларидан берилади. Пишлоқни юқумли касалликлар билан оғриб, заифлашган, касалманд ва операциядан чиққан болаларга тавсия этиш мақсадга мувофиқ.

Яна ўқинг:  Инсон онги мия ўлимидан кейин ҳам ишлаши аниқланди

Ҳамида РАЖАБОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: