Бош айланяптими?
Бош айланиши ички қулоқ касаллиги натижасида вестибуляр (мувозанатли) тизими бузилишининг ўзига хос аломати ҳисобланади (Меньер касаллиги, отит, шиш ўсимта ва ҳоказо). Бундан ташқари, ички уйқу ва умуртқа артериялари стенози ва патологик букилишлари, умуртқа бўйин бўлими остеохондрози, бир қанча неврологик касалликлар, гипогликемия аломатлари бўлиши, юрак мароми бузилиши, гипертоник касаллик ва бошқа юздан ортиқ касалликларда ҳам учраши мумкин.
Ички қулоқ яллиғланишида (отит) аввалига эшитиш пасаяди, кейин юрганда чайқалиб, бош айланиши пайдо бўлади, қулоқда шовқин бўлиши мумкин.
Эшитиш нерви ўсмасида (невринома) бош айланиши хуружи, эшитишнинг пасайиши, қулоқнинг шанғиллаши туфайли юзага келади ва аста-секин тезлашиб ва кучайиб боради.
Меньер касаллигида бош айланиши хуружи жуда аниқ кўриниб туради, соатлаб давом этиши ва шунчалик кучли бўлиши мумкинки, киши каравотга михланиб қолади, узлуксиз кўнгил айниши ва қайт қилавериш уни беҳол қилиб ташлайди. Ўткир хуруж вақтида бемор кўз олмалари галма-галдан ҳаракат қилишини кўриш мумкин (бу ҳолат «нистагм» дейилади). Касаллик кучайиб бориши баробарида вақтида муолажа қилинмаса, эшитув қобилияти ишдан чиқиб, бутунлай карликка сабаб бўлиши мумкин.
Умуртқанинг бўйин бўлими остеохондрозида гавданинг муайян ҳолатида бош айланиши содир бўлади:
– бошни бир томонга бурганда;
– эрталаб тўшакдан турганда;
– бошни орқага ирғаганда;
– бошни узоқ вақт бир томонга ёки олдинга эгиб турганда. Бундай аломатларга умуртқа артериясини бўйин бўғимлари қисиши (артерия «эгилиши») ёки спазм сабаб бўлади, умуртқа артерияси мувозанатга масъул бош миянинг бўлимларини қон билан таъминлаб туради.
Агар сизни бош айланиши безовта қилса:
• меҳнатга қобилият йўқолади;
• муттасил такрорланиб туради ёки бир неча кун давом этади;
• сиз қулоқдаги ўзгаришлар ва кўзнинг ғалати ҳаракатларини кўриб қолсангиз (нистагм) дарҳол шифокорга, яхшиси вестибуляр касалликлари муаммоси билан махсус шуғулланиб келаётган мутахассис (невропатолог ёки отоневролог)га мурожаат қилинг.
Бош айланиши кучли хуруж қилганда, айниқса, кўнгил айниб, қуссангиз, дарҳол «тез ёрдам» чақиринг.
Вестибуляр аппарати касаллигига гумон қилинганда замонавий аппаратлар мажмуаси билан жиҳозланган, ихтисослаштирилган отоневрологик марказлардаги текширувлар ҳаммасидан самаралироқ бўлади. Шифокор фаол вестибуляр тестлар, қулоқ эшитишини текшириш (аудиометрия), умуртқанинг бўйин бўлими рентгенографияси, бош мия компьютер ёки оҳанрабо-резонанс томографияси, бош ва бўйин томирларини ультратовуш текширув ва ҳоказо текширувларга тавсия қилиши мумкин.
Боши айланадиган беморларни даволаш бош айланишига сабаб бўлган касаллик хусусиятига боғлиқ. Муолажада турли дорилардан фойдаланилади. Ички қулоқ касалликларида мутахассислар одатда ички қулоқ микроайланиши ва қон билан таъминланишини яхшиловчи, кўнгил айниш маркази таъсирчанлигини пасайтирувчи дорилар ва тинчлантирувчи воситаларни тайинлайди. Айрим касалликларда муолажанинг жарроҳлик усуллари кўрсатилган.
Фармокологик воситаларни шифокор маслаҳати ва унинг назорати остида қўллаш лозим.
Жарроҳлик муолажасига эшитиш нерви ўсмаси (невринома), меньер касаллигини дори билан даволашнинг барқарор самараси йўқлиги сабаб бўлади. Сўнгги вақтда Меньер касаллигини даволаш учун жарроҳлик амалиёти билан бирга, кимёвий лабиринэктомиядан фойдалана бошладилар. Беморнинг қулоқ бўшлиғига махсус дори киритилади, улар бош айланишининг йўқолиб, соғайиб кетишига олиб келади.
Беморни қаттиқ бош айланиши хуружи тутганида шундай ётқизиш керакки, боши, бўйни ва елкаси ёстиқда бўлсин, чунки бу ҳолатда умуртқа артериялари букилмайди. Бош бир томонга бурилиб қолмасин, деразани очиб, хонани шамоллатиш, пешонасига совуқ латта босиш керак, уни сирка билан озроқ ҳўлласа ҳам бўлади.
Босим ва ҳароратини ўлчаб, уни ўзига келтириш чораларини кўриш керак, юрак уриши частотаси дақиқасига 100 марта урса ёки юрак нотекис урса, шунингдек, бош айланишига кўнгил айниши ва қайт қилиш қўшилса, албатта «тез ёрдам» чақириш зарур.
Бош айланганда гипотония туфайли кунда 1 стакан анор суви ичиш керак. Агар бу бош мия томирлари склерози оқибати бўлса ва бундан ташқари бошда шовқин бўлса, қуйидаги восита тавсия этилади: 2 ошқошиқ четан пўстлоғи 2 соат паст оловда 500 мл сувда қайнатилади. Кунда 3-4 маҳал 1 ошқошиқдан ичилади.
Вестибуляр аппаратини мустаҳкамлаш усули: бир неча метр тўғри чизиқ тортиб, ундан юрилади, айни вақтда бошни ўнгга, чапга буриб, чизиқдан чиқиб кетмасликка ҳаракат қилинади. Кунда 5-10 дақиқадан машқ қилинади. Бу бош оғриғини қолдириб, асабни тинчлантиради.
Боши айланадиган одамлар учун тик тепаликка кўтарилганда ва чидаб бўлмас узоқ саёҳатларда бажариладиган машқ: гавда ғоз тутиб турилади, оёқлар бир жойда бўлади, бош гоҳ у, гоҳ бу томонга бурилади, суръат тобора тезлашиб боради. Аввалига машқ 5-10 сониядан бажарилади, кейин бу машқ бир неча кун давом эттирилади ва суръат оширилади. Ёш ва ўрта ёшдаги, деярли соғлом, томир касалликлари ва бўйин-кўкрак бўлимидаги умуртқа паталогиясидан азият чекмайдиган одамлар учун тавсия этилади.
Ёқуб НАМАТОВ,
шифокор