Туғма ичак тутилишидан эҳтиёт бўлинг!

Туғма нуқсон деганда, анатомик тузилишнинг бузилиши ва бунинг натижасида аъзо ва тизимлар фаолиятининг издан чиқиши тушунилади. Туғма нуқсонлар хилининг кўплиги ва клиник манзарасининг ҳар хил ёшда турлича кечиши, уларга аниқ ташхис қўйишни қийинлаштиради ва бу жарроҳларни туғма нуқсонларни мукаммалроқ ўрганишга ундайди.

Болаларда ошқозон ичак тизими ривожланиши нуқсонларидан туғма ичак тутилиши кўпроқ учрайди. Аслида ҳомиланинг 4-12 ҳафтасида ошқозон ичак тизими шаклланиб бўлиши керак. Лекин бу даврда ҳомилага турли хил (ташқи ва ички) омиллар таъсири сабабли ошқозон-ичак трактида нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин.

Масалан:
ошқозон-ичак трактининг шаклланиш нуқсонлари: атрезия, стеноз (ичак торайиши), мембрана (тўлиқ ёки қисман тўсиқ бўлиши);
ичакларнинг ташқи томондан босилиши натижасида келиб чиқадиган нуқсонлар (тақасимон ва ҳалқасимон ошқозон ости бези, ошқозон-ичак трактининг иккиланишлари, қорин бўшлиғининг кистоз хосилалари);
ичаклар ротацияси (жойлашуви) ва фиксацияси нуқсонлари (Ледд синдроми, айнан ингичка ичак буралиши, ичакларнинг патологик фиксацияси, ўрта ичак буралишлари, мезоколикопариетал чурралар, нотўлиқ ротация, амалга ошмаган ротация, тескари ротация);
меконияли илеус ва бошқалар туғма ичак тутилишига сабаб бўлиши мумкин.
Туғма ичак тутилишининг турли шакллари аксарият ҳолатларда неонатал (чақалоқлик даври) ва 3 ойликкача бўлган даврга тўғри келади. Бунда кўплаб туғма ривожланиш нуқсонлари ва бунинг устига қўшимча соматик касалликлар туфайли юзага келадиган мослашувнинг бузилиш ҳолати даволаш натижаларига салбий таъсир кўрсатади.

Туғма ичак тутилиши катта ёшдаги болалар ва ўсмирлар орасида кузатилганда касалликка ташхис қўйиш мураккаблиги туфайли бемор ҳаётига хавф солувчи асоратларнинг ривожланиши операция муолажасини ўтказишни ва операциядан кейинги даврнинг кечишини янада чигаллаштиради.
Яхшиямки, замонавий тиббиёт соҳасида бизнинг мамлакатимизда ҳам жаҳон стандартларига мос келадиган юқори сифатли ташхислаш ва даволаш ишлари йўлга қўйилган ва юқорида айтилган муаммолар муваффақиятли ҳал этилмоқда. Мисол учун, Республика перинатал марказида айнан туғма нуқсонларни ташхислаш ва даволашда эришилаётган ютуқларни эътироф этиш керак. Шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаларида ҳам, хусусан «Госпитал болалар хирургияси» кафедра­сида туғма ва орттирилган касалликлар бўйича илмий-амалий тадқиқот ишлари муваффақиятли олиб борилмоқда. Респуб­ликамиз вилоятларида туғма ичак тутилишини эрта ташхислаш, яъни гўдак она қорнидалигидаёқ аниқлаш ва комплекс ташхислаш усуллари ва даволаш йўлга қўйилган. Айнан туғма ичак тутилиши хасталигини даволаш йўналишида неонатал хирургия, болалар жарроҳлиги ва гастроэнтерология бўлимлари режа асосида, тадқиқотлар натижаларидан фойдаланиб, болалар жарроҳлиги мутахассислиги бўйича талабалар, магистрлар ва клиник ординаторлар тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини олиб бормоқда.
Баъзида юзага келган туғма ёки орттирилган нуқсонларни бартараф этиш учун жарроҳлик амалиёти зарур бўлади. Бунда жарроҳлик муолажаси даволашнинг асосий босқичи ҳисобланади. Айниқса, болаларда ушбу муолажани ўтказиш учун муддатни аниқ белгилаш муҳим аҳамиятга эга.
Жарроҳликни амалга оширишда зарурий (абсолют) ва нисбий кўрсатмалар бўлади. Зарурий кўрсатма беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин бўлган ҳолатларда, масалан, орттирилган ёки туғма ичак тутилиши, деструктив аппендицит, ичакнинг чуррада қисилиб қолиши кабиларда, қорин бўшлиғида ўткир кечаётган касалликларда берилади.

Нисбий кўрсатма режали жарроҳлик муолажасига кўрсатма бўлган ҳолатларда, масалан, сиқилмаган чов чурралари, гипоспадия, полидактилия, киндикнинг туғма оқмалари, кисталари ва ҳоказоларда берилади. Бу ҳолатда шошилинч жарроҳлик муолажаси ўтказишга эҳтиёж бўлмайди.

Жарроҳлик ўтказиш вақтини аниқлашда бола ёши катта аҳамиятга эга. Лекин зарурий кўрсатма бўйича жарроҳлик муолажаси ҳамма ёшдаги болаларда, чақалоқларда ва ҳатто чала туғилган чақалоқларда ҳам ўтказилиши мумкин.
Нисбий кўрсатма бўлган ҳолларда эса касалликнинг хусусияти, боланинг ёши ҳисобга олиниб, режа асосида жарроҳлик муолажасини ўтказиш муддати белгиланади. Масалан:

Туғма ичак тутилиши – ташхис қўйилганидан сўнг;
Бўйин туғма оқмалари – 2 ёшдан;
Воронкасимон кўкрак қафаси – 5 ёшдан;
Жигар туғма кисталари – ташхис қўйилганидан сўнг;
Сариқлик ва сийдик йўлларининг оқмалари: тўлиқ – ташхис қўйилганидан сўнг, нотўлиқ – консерватив усул 6 ойгача натижасизлигида оператив;
Киндик ҳалқаси чурраси – 6 ойликдан;
Қорин оқ чизиғи чурралари – 3 ёшдан;
Пилоростеноз – ташхис қў­йилгандан сўнг;
Ошқозон-ичак тизимининг иккиланишлари – ташхис қў­йилгандан сўнг;
Гиршпрунг касаллиги – 1-2 ёшлардан;
Анус ва тўғри ичак атрезия­лари, оқмали шакллари – 6-12 ойлардан;
Мегауретер – ташхис қўйилгандан сўнг;
Буйрак дистопиялари – клиник кўрсатмаларга қараб;
Гипоспадия – 1 ёшдан;
Эписпадия – 1-2 ёшдан;
Чов чурраси – 6 ойликдан;
Уруғдон истисқоси – 2 ёшдан;
Уруғ тизимчаси кистаси – 2 ёшдан;
Крипторхизм – 1 ёшдан.
Фақат айрим ҳоллардагина (мисол учун, киндик чуррасида) жарроҳлик муолажасини ўтказиш муддати кечиктирилади. Чунки кечиктирилган муддат ичида касаллик йўқ бўлиб кетиши ёки муолажа ўтказиш учун қулайроқ шарт-шароит туғилиши мумкин.

Болаларни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш жараёнида ота-оналарнинг ҳам ўрни муҳим. Уларга нафақат операция олдидан, балки кейинги даври учун ҳам қўшимча вазифалар юкланади. Вазифалар беморнинг ёши, касаллик тури, даври ва кечишига қараб белгиланади. Муҳими, ота-оналар фарзандларини ўз вақтида керакли мутахассисга олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтсалар, биз шифокорлар ҳам касалликни аниқ ташхислаб, тез ва самарали даволашга эришишимиз мумкин.
Республикамизнинг барча вилоятларида ҳомиладорларни текширувдан ўтказиш учун скрининг ва перинатал марказлари мавжуд, бугунги кунда уларга мурожаат этиб, туғма нуқсонларни аниқлаш ва тегишли кўрсатмаларни вақтида олиш муҳим. Шунда ҳомила тақдирини белгилаш (ҳомиладорликни тўхтатиш ёки бола туғилишига рухсат бериш) ҳисобига оғир аномалиялар сонини камайтириш имконияти мавжуд бўлади.

Яхшиси, ота-оналар туғма нуқсонларнинг олдини олиш учун ўз вақтида ҳаракат қилганлари маъқул. Бунинг учун ёшликдан соғлом турмуш тарзига, рационал овқатланиш тамойилларига амал қилиши, дори-дармонлардан билиб-билмай фойдаланишга чек қўйиши, бўлажак она ўзига ва келгусидаги боласи соғлигига бефарқ бўлмасликни ўрганиши зарур. Бу борадаги ишларни ҳомиланинг она вужудида пайдо бўлишидан аввалроқ бошлаб, ҳомиладорлик даврида давом эттириб, бола туғилгандан кейин ҳам оғишмай амал қилиш зарур бўлади.

Жамолиддин САТТАРОВ,

Яна ўқинг:  Одамларда гижжа: турлари, аниқлаш ва даволаш

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: