Эгоист – у қандай одам?

Эгоист – эго, яъни «мен» сўзидан олинган атама бўлиб, фақат ва фақат ўзини ўйлайдиган шахсдир. Бундай одам, одатда, ўзига бино қўйган бўлади, озода кийинади, ташқи кўринишига ҳаддан зиёд эътибор қилади, ўзига ёққан нарсалардан роҳатланиб юради, ўз хонасини саранжом-саришта тутади, ўз фикридан қолмайди, бировнинг фикрига қулоқ тутмайди, даврага ҳадеб қўшилавермайди, ўзидан бошқани ҳурмат қилмайди.

У ўзига тааллуқли ишларга ҳар доим вақт топади, бировнинг илтимосига эса баҳона топади, ўзига ёққан нарсадан хурсанд бўлиб сизга сўзлаб беради, бироқ сизга ёққан нарсани хурсанд бўлиб унга сўзлаб берсангиз, мутлақ беэътибор ўтиради. Чунки эгоистни ҳеч қачон бировнинг ўзи ҳам, унинг қилаётган ишлари ҳам заррача қизиқтирмайди. Агар қизиқтирганида у эгоист деган номга нолойиқ бўлар эди.

Эгоизм ҳам худди психопатияга ўхшаб болалик давридан шаклланади. Агар эгоистнинг болалик даврига назар ташласангиз, у ўта қизғанчиқ, ўзига аталган ўйинчоқларни яшириб юрадиган, ҳатто уни олиб берган ота-онасидан ҳам қизғанадиган, ака-укаларини ёмон кўрадиган, очкўз (агар мазали овқат қўйилса, ҳеч кимга қарамай паққос туширади), кўзлари олазарак болалар бўлишади. У кўчадаги болалар билан ҳам чиқишмайди, тез-тез улар билан уришиб уйга қайтиб келади, ота-онаси танбеҳ берса, улардан ҳам аразлаб юради, хонасига кириб ётиб олади ва овқатдан бош тортади. Эгоист бола ўзидан ёш болалар билан ўйнашни хуш кўради, чунки уларга кучи ўтади-да. Бундай бола, яъни эгоист, одатда, онасининг пинжида катта бўлади, отасидан эса қочади. Чунки у қаттиққўлликни кўтара олмайди. Отаси дашном берса, ўғил бола бўлса-да йиғлаб онаси олдига чопади. Онанинг меҳрибонлигидан фойдаланиб, унда доимо ўз ҳимоячисини кўради. Бир сўз билан айтганда, эгоист бола она меҳрибонлигини суиистеъмол қилувчи шахсдир. Агар она унга дашном берса, унинг меҳрибонликлари шу заҳотиёқ унут бўлиб, ундан ҳам аразлаб юради.
Шу боис ҳам эгоистларни психологлар руҳан заиф шахслар деб ҳисоблашади.

Натижада унда худбинлик шаклланиб боради ва эгоизм янада авж олади. Бундайларнинг дўсти бармоқ билан санарли. Агар эгоизм фанатизм билан биргаликда намоён бўлса, бу оғир психологик ҳолат бўлиб, ундайларни когнитив-бихевориал терапия ёки рационал-эмотив терапия орқали одамлар сафига қўшиши мумкин. Психотерапиянинг бу усулларини тиббий психологлар жуда яхши билишади ва моҳирона қўллай олишади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор

Яна ўқинг:  ЎСПИРИНЛИК – НОЗИК ДАВР

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: