Кичкинтойнинг кун тартиби қандай бўлиши керак?
Гўдак ҳаётида кун тартиби алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу жараён унда дастлаб шартли ва кейинчалик шартсиз рефлексларни вужудга келтиради. Уйқуси, уйғоқлиги, эмизиш ва чўмилтириш амалларининг маълум тартибда кетма-кет бажарилиши туфайли чақалоқнинг кун тартиби оқилона тақсимланади.
Олимларнинг илмий изланишлари натижасига кўра, дунёга келган чақалоқ дастлабки 2 соат мобайнида, айниқса, дастлабки 30 дақиқа ичида илк марта эмизилса, унинг иммун тизими юқори даражада бўлар экан. Шунингдек, бу ҳол гўдакда юқумли касалликларга мойилликни 2-3 мартага камайтиради. Кейинчалик учинчи, бешинчи, олтинчи ҳафта мобайнида, яъни қирқ кунлик чилла даврида бола бир кеча-кундуз 20 соатгача ухлаши тақозо қилинади. Бу борада айтиш жоизки, Европа мамлакатларида чилла даври 14 кунни, Россияда эса 28 кунни ташкил этади.
Ухлашга сарф этилган соатлардан қолган вақт гўдакни эмизиш, уйғоқ бўлиш ва чўмилтириш жараёнларига сарф этилади. Бу даврда бола кундузи ҳар 3 соатда 7 марта, кечаси эса 6 соатдан сўнг эмизилади. Онанинг кўкрак безлари эмизишдан аввал қайнатилган илиқ сув билан ювилиб, тоза сочиқ билан артилади.
Болани чилла даврида илк бор чўмилтириш унинг «киндиги тушиб», яранинг ўрни тузалгач бажарилади. Муолажани бошлашдан аввал уни чўмилтиришга мўлжалланган идиш (тоғора)ни иссиқ сувда совунлаб ювиш ва ундан кейин қайноқ сув билан чайиш маъқул. Гўдак териси нозик бўлганлиги сабабли улар учун махсус ишлаб чиқарилган болалар совунидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Тоғора илиқ, яъни ҳарорати +36-37 даража бўлган сув билан тўлдирилади. Шундан сўнг болани эҳтиётлик билан кўтариб, сувга туширилади ва юмшоқ мочалка билан бадани, қўл-оёқлари ишқалаб, ювилади. Шуни унутмаслик керакки, кичик ёшдаги болани чўмилтиришга мўлжалланган тоғорани бошқа мақсадларда, жумладан катта ёшдаги болаларни чўмилтириш ёки кир ювишга ишлатмаслик керак.
Боланинг ичи келганидан сўнг албатта таносил аъзоларини илиқ қайнаган сув билан ювиш тавсия этилади. У 2-3 ойлик бўлганида бир кеча-кундузлик уйқуси кеч соат 18-30 дан то эрталабки соат 6 гача давом этиши лозим. Бу даврда болани бир кеча-кундузи ҳар 3,5 соатдан сўнг 6 марта эмизиш керак. Чўмилтириш муолажалари ҳар куни, айниқса, эмизишдан олдин амалга оширилгани маъқул.
Гўдак 5-6 ойга тўлгач, уни кундузи 90 дақиқадан 3 марта, кечаси эса соат 20.00 дан то эрталаб соат 6.00 гача ухлатиш тавсия этилади. Бу ойларда болани бир кеча-кундузи ҳар 4 соатдан сўнг эмизиш керак.
Бола 8-12 ойга тўлгач, уни кундузи 90 дақиқадан ухлатиш керак. Унинг кечасидаги уйқуси 20-00 дан то эрталабки соат 6-00 гача давом этади. Бу даврда болани кундуз пайтида ҳар 4 соату 30 дақиқадан сўнг 4 марта эмизилади. У 1-1,5 яшар бўлгунича эса кундуз кунлари 90 дақиқадан 2 марта, кечаси эса 10 соатгача ухлатилади.
Тавсиялар ўз вақтида бекаму-кўст амалга оширилса, бола одатий кун тартибига мослашиб, саломатлиги юқори даражада бўлади.
Ботир САИДОВ,
тиббиёт фанлари номзоди