«Қилтомоқ»нинг давоси борми?

Халқ орасида «қилтомоқ» бўлибди» деган иборани кўп эшитамиз, аммо доим ҳам бу қандай касаллик эканини билавермаймиз. Хўш, «қилтомоқ» қандай касаллик?! Ушбу хасталикнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозим? «Қилтомоқ» ёки қизилўнгач ўсмаси касаллиги ҳақидаги ССВ Матбуот хизматининг саволларига тиббиёт фанлари доктори Олимжон Ғуломов жавоб беради.

– «Қилтомоқ» ёхуд қизилўнгач ўсмаси деб аталадиган ушбу касаллик асосан томоқдаги ноқулайлик, овқатни чайнаш ва ютиш пайтидаги қийинчиликлар орқали бошланади, – дейди Олимжон Ғуломов. – Касалликнинг келиб чиқишига асосан тановул вақтидаги нохуш ҳолатлар – қизилўнгачнинг балиқ қилтаноқлари, овқатдаги майда суяклардан шикаст­ланиш ёки кимёвий кислоталар ва ишқорлардан куйиши сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу хасталик мия қон-томирлари жароҳатланиши, мия шикастланиши, хавфли ва хавсиз ўсмалар, асаб касалликлари ва бошқа омиллар туфайли ҳам юзага келиши мумкин.

– Касаллик вақти беморда қандай салбий ўзгаришлар кузатилади?


– Хасталикда қизилўнгач деворлари шикастланиб, тораяди ва бу ҳолат овқат ютишнинг қийинлашиши (дисфагия)га олиб келади. Бунда бемор дастлаб қуюқ, кейинчалик суюқ овқатларни ютолмай қолади. Тўш орқасида, баъзан кўкрак пасти ва қорин соҳасида турли оғриқлар кузатилади.
Қизилўнгач тешигининг торайиши вақти кўпинча овқатни ютишдан кўра, таом ўтаётгандаги кучли оғриқ беморга ноқулайлик туғдиради. Бундай вақтда суюқ овқатлар, бўтқаларни тановул қилиш қийин бўлмаслиги мумкин, аммо қуюқ овқатларни еяётганда одам суюқлик ичишга мажбур бўлади. Агар ютиш бузилиши беморнинг ҳаётига хавф туғдирса, шифокор томонидан беморни махсус найча орқали овқатлантириш буюрилади.

– Дисфагия белгилари кузатилганда, бемор қандай таомланиши лозим?


– Аввало овқатни оз-оздан, бўлиб-бўлиб ейишга одатланиши керак. Бунинг учун кунига 4-5 маҳал таомланиши мақсадга мувофиқ. Дас­турхон олдида имкон борича гапирмаслик, таомланаётганда шошилмаслик лозим.
Акс ҳолда қизилўнгачга ҳаво кетиб, овқат ўтиши янада қийинлашиши, бу эса беморга ортиқча ноқулайлик туғдириши мумкин. Бундан ташқари, овқатдан сўнг дарҳол ухлашга ётиб олмаслик зарур. Чунки бу ҳам дисфагияга сабаб бўлади.

– Қизилўнгач фаолиятининг бузилишига яна қандай омиллар сабаб бўлади?


– Қизилўнгач соҳасидаги аксарият оғир хасталиклар шиллиқ қаватнинг шикастланиши туфайли келиб чиқади. Баъзан шошиб овқатланиш ёки қуруқ егуликларни яхши чайнамасдан ютиш ҳам қизилўнгачнинг ички нозик шиллиқ қаватларини шикаст­лантириши мумкин. Бунинг натижасида шиллиқ қаватда турли ўсмалар пайдо бўлади.

Қизилўнгач саратонининг дастлабки босқичлари кўпинча аломатларсиз ўтади. Касаллик фақат овқатни ютиш қийинлашгандагина ўзини намоён қилади. Бу ҳолат эса қизилўнгачнинг ичкарида ўсаётган ўсимта билан тўсиб қўйилганда юзага келади. Хусусан, кичик шиш пайдо бўлиши деворнинг спазмига ва натижада овқатнинг сиқилишга олиб келиши мумкин.

Аслида қизилўнгач ўсмалари икки хил бўлиб, хавфли ва хавфсиз турларга ажралади. Хавфсиз ўсма ҳужайралари тананинг бошқа аъзоларига тарқалмайди. Масалан, фиброма, гемангиома, нейрофиброма, леймиомалар асосан эркакларда учрайди. Хавфли ўсма эса хавфсизига қараганда тезроқ ва бетартиб ривожланади. Кейинчалик эса ён-атрофдаги тўқималарга кириб бориб, уларни зарарлайди.

– Касалликка қандай ташхис қў­йилади?


– Аввало, қизилўнгач ўсмасининг турини аниқлаш учун шифокор беморда диагностик текширувларни ўтказади. Унутмаслик лозим, ҳар қандай беморга қўйиладиган тўғри ташхис чуқур текширувга асосланади.
Шу боис, шифокор қизилўнгачни эндоскопик текширувдан ўтказиш учун лаборатор текширувларни тайинлайди. Зарур бўлса, биопсия – текширув учун тўқиманинг кичик бир қисми ҳам олиниши мумкин.
Шунингдек, ўсимта тарқалишини билиш учун (бошқа тўқималар ва органларнинг иштирок этиш даражаси) қўшимча текширув усуллари ҳам қўлланилади. Шифокор ютишнинг қайси босқичи бузилишини аниқлагач, шунга қараб ҳар бир бемор учун индивидуал тиклаш муолажаларини тайинлайди.
Жумладан, беморга асосан нутқ терапияси, фаол ютиш ва чайнашнинг рағбатлантириш машқлари, артикуляр машқлар, фарингеал мушакларнинг тебранишини ўз ичига олган машғулотлар буюрилади. Шу билан бирга, таомномага ҳам алоҳида эътибор берилиб, суюқ ва қуюқ овқатларнинг мослиги белгиланади. Мутахассис томонидан тайинланган машғулотлар давомийлиги беморнинг ҳолатига қараб давом эттирилади.

– Одамда қизилўнгачнинг хавфли ўсмаси аниқланса, қандай даво чоралари қўлланилади?


– Агар касаллик танага бутунлай тарқалиб кетган бўлса, у ҳолда махсус даволаш чоралари – нур ёки ким­ёвий дорилар тайинланади.

Яна ўқинг:  АНТИКАНЦЕРОГЕН ПАРҲЕЗ

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда замонавий тиббиёт қизилўнгач ўсмаларини эрта аниқлаб, ташхис қўйиш учун барча имкониятларга эга. Ўсмаларни олиб ташлаш мақсадида ўтказиладиган жарроҳлик амалиётлари ҳам ижобий натижа беради. Бунинг учун бемор шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиши зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: