Бемор нега чайқалиб юради ёки Атаксия нима?

Аксарият беморлар чайқалиб юришдан, юрганда бир томонга ёки орқага оғиб кетишдан шикоят қилади. Бу ҳолатни кўпчилик бош айланиши билан изоҳлайди, яъни чайқалиб юрадиган бемор бошим айланаяпти, деб ўйлайди. Бироқ чайқалиб юриш ҳар доим ҳам бош айланиш билан боғлиқ бўлавермайди. Тиббий тилда чайқалиб юришга ва тик тура олмай гандираклаб кетишга атаксия деб айтилади.

Сабаблари нима? Асосий сабаби мияча касалликлари бўлиб, у бошнинг энса тубида жойлашган. Мияча инсон мувозанатини сақлаш ва унинг равон ҳаракатлари учун жавоб беради. Мияча фаолияти бузилишига сабабчи бўлувчи қон томир касалликлари, мияча жароҳатлари, миячанинг яллиғланиш касалликлари, наслий касалликлар (айниқса, болаларда) атаксияга олиб келади. Шунингдек, бўйин остеохондрози сабабли миячага борувчи қон томирлар зарарланиши ҳам чайқалиб юриш сабабчиси ҳисобланади.

Белгилари қандай? Атаксиянинг асосий белгилари – чайқалиб юриш, тураётганда гандираклаб кетиш, гавданинг бир томонга ёки орқага оғиб кетишидир. Атаксия худди маст одамнинг юришини эслатади. Баъзида бундай беморни кўрган одам кўп ичибди, оёғида ҳам тура олмаяпти, деб ўйлайди. Демак, атаксия қандай ҳолат эканлигини билмоқчи бўлсангиз, маст одамни кўз олдингизга келтиринг. Болаларда учрайдиган миячанинг наслий касалликларида боланинг мушаклари бўшашган бўлиб, қўллари билан қиладиган ҳаракатларда жуда қийналади. Баъзи болалар ўзини-ўзи эплай олмай қолади.

Ташхис қўйиш ва даволаш. Ташхис невропатолог томонидан қўйилади. Беморга тиббий текширувлар билан бирга бош мия МРТ ёки КТ қилинади ва мияча ҳолати текширилади. Касаллик сабаби аниқлангач, врач томонидан даволаш муолажалари ўтказилади. Бу муолажалар касаллик сабабига қараб белгиланади.

Эсда тутинг. Гоҳида учраб турадиган чайқалиб кетиш оддий чарчашдан, қон босим ўйнаганидан ёки камқонликдан бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун фақат врач кўрсатмасига қараб иш тутинг.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Яна ўқинг:  Организмни эскирган ҳужайралардан тозалаш умрни учдан бирига узайтириши маълум бўлди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: