Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ҳақида биласизми?

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги (ҚКГИ) каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир.
Ушбу касаллик инсонларнинг ўткир юқумли касаллиги бўлиб, одамларга одатда касаллик қўзғатувчиси билан зарарланган каналар чақиши орқали юқади. Бундан ташқари, касалланган бемор билан мулоқотда бўлганда (қон олиш, инъекция қилиш, каналарни қўл билан олиб ташлаш, беморни парваришлаш даврида кичик жароҳатлар орқали) юқади.

Касалликни вирус қўзғатади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисоб­ланади. Касаллик вирусининг манбалари – кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллардир. Демак, касалликнинг асосий манбаи бўлиб, касалланган одамлар, касаллик қўзғатувчиси билан зарарланган каналар ва ҳайвонлар ҳисобланади.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги ўта хавфли ўткир вирусли юқумли касаллик бўлиб, агарда бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаса ва тиббий ёрдам кўрсатилмаса, аянч­ли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу хасталик билан фақат одамлар касалланади. Ҳайвонлар бу касаллик билан касалланмайди. Касалликка барча ёшдаги одамлар бирдай чалинади, беморларнинг асосий қисмини 15 ёшдан 60 ёшгача бўлган фаол ёшдаги инсонлар ташкил этади. Тажрибага кўра ушбу касаллик билан 5 ёшдаги бола касалланган ҳолатлар ҳам кузатилган.
Ўзбекистонда каналарнинг 100 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, каналарни табиатдан ажратиб олишнинг, мутлақо тугатишнинг имкони йўқ. Улар озиқасиз (кесаклар, тошлар ва бошқалар орасида) 10 йилгача яшаши мумкин.
Иксод каналарининг чақиши ёки каналарни қўл билан эзиб ўлдириш ҳамда қон кетиши кузатилаётган беморларга ёрдам кўрсатаётган шахсларга қон билан мулоқот орқали ушбу касалликнинг юқиш ҳолатлари кузатилса, кичик ёшдаги болалар ўртасида эса улар қўй, эчки ва ит болалари билан ўйнаш жараёнида кана чақиши орқали юқади.

Касаллик асосан, фаолияти чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгаларида (чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жунини қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганлар) учрайди. Геморрагик иситма мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан йилнинг баҳор ва ёз фаслларида қайд этилади. Касалликдаги бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади.

Республикамизнинг жуда катта майдони геморрагик иситма бўйича табиий ўчоқли ҳудудлар ҳисобланади. Ушбу касаллик вирус билан зарарланган каналарнинг тарқалишига боғлиқ бўлиб, табиий ўчоқли бўлмаган ҳудудларда ҳам учраши мумкин. Бундан ташқари, ушбу касалликнинг юртимиз ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи ҳам мавжуд.
Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.
Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши (39 – 40 ºС), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши, баданнинг совуқ қотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади.
Ушбу касаллик геморрагик белгиларсиз ҳам кечиши мумкин. Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қонталашлар кузатилмайди, касаллик асосан иситма ва холсизлик аломатлари билан кечади. Бундай беморлардан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнида тегишли қоидалар талабларига риоя қилмаслик натижасида тиббиёт ходимларига ҳам касаллик юқиши мумкин.

Қрим-Конго геморргик иситмаси бир неча босқичларда кечади. Яширин даври бир неча соатдан 2-7 кунгача, бош­ланғич даври бир неча соатдан 3 кунгача. Авж олиш даври 2-4 кунгача ва соғайиш даври эса касалликнинг қанчалик оғир кечишига ҳамда асоратларига боғлиқ бўлиб, ўртача 2-3 ҳафта ва ундан ортиқ вақт давом этади. Касаллик клиник белгиларининг босқичлари организмга тушган вирусларнинг миқдорига боғлиқ. Вирус организмга қанчалик кўп миқдорда тушса, яширин даври шунчалик қисқа бўлади.

Касаллангандан кейин бемор озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушади ва одам ҳудди соғайгандек туюлади, шу пайтда беморларни ўзи ва тиббиёт ходимлари бирмунча хатоликка йўл кўйиши мумкин, чунки грипп ва ўткир респиратор инфекциясига ўхшаш симптомлар кузатилади, лекин сал ўтмасдан касалликнинг иккинчи-геморрагик даври бош­ланади. Бунда бурундан қон кетиши, терида нуқтасимон қон қўйлишлар, укол қилинган жойларда қон қўйилишлар кўзатилади. Қон қўйилиши ички аъзоларда (ошқозон-ичак, бачадон) рўй бериши мумкин. Касал одам ажратмаларида (қон, қусиқ моддалари, сийдиги, ва бошқалар) кўплаб касаллик вируслари бўлиб, атроф­дагиларга катта хавф туғдиради. Агар ўз вақтида касалхонага мурожаат этилмаса кўп қон йўқотиш натижасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилиги ва бошқа органлар фаолияти чуқур бузилиши натижасида бемор ҳалок бўлиши мумкин.
Қрим-Конго геморрагик иситмасининг махсус профилактикаси йўқлиги сабабли асосий эътибор шахсий ҳимояга қаратилиши керак. Хусусан, каналарнинг чақишига йўл қўймаслик, каналарни қўл билан эзиб ўлдирмаслик, касалликнинг клиник белгилари кузатилган беморга ёрдам бериш пайтида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, дока ниқоб тақиб юриш, махсус қўлқоплардан фойдаланиш, тананинг очиқ жойларига ва кўзга қон томчиларининг тушишининг олдини олиш. Айниқса, қишлоқ жойлардаги якка хўжаликларда қорамолларни сақлаш шароитини тўғри ташкил этиш, шунингдек, каналарнинг кўпайишига йўл қўймасликка алоҳида эътиборни қаратиш зарур.
Касалликни даволаш фақат махсус стационарларда ўтказилади, уйда даволаш мумкин эмас, бу бемор ҳаётига ва атрофдагиларга катта хавф туғдиради. Касаллик барвақт аниқланса ва тегишли даво чоралари ўз вақтида ўтказилса, беморлар тўлиқ соғайиб кетади.

Касалликни юқтирмаслик учун қў­йидаги қоидаларга қатъий амал қилиниши зарур:
– мулкчилик шаклидан қатъий назар барча даволаш-профилактика муассасалари мутахассисларини Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги бўйича хуш­ёрлигини ошириш чораларини кўриш: ҳар бир тана харорати юқори бўлган, ўткир респиратор касалликлар аломати мавжуд, бурундан, милклардан, ошқозон-ичаклардан, бачадондан қон кетган беморларни мазкур касалликка гумон этган ҳолда қабул қилиш ва ташхислаш ҳамда ушбу беморларга нисбатан эпидемиологик анамнезни тўлиқ йиғишни;
– оммавий ахборот воситалари орқали касалликнинг олдини олиш мавзусида тушунтириш ва ташвиқот ишларини етарли даражада ташкил этиш ва касаллик профилактикаси бўйича маҳаллаларда семинар ва кўргазмали ташвиқот ишларини ташкил этишни;
– Ўзбекистон Республикаси «Ветеринария тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ ҳайвон эгалари чорвачилик биноларида ва бошқа объектларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишларини ўз вақтида ўтказишни;
– ҳайвонларни боқиш, чорва озуқаси жамғариш, дала ишларини бажариш ёки шунчаки табиат қўйнида дам олиш учун чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш (терини кана чақишидан асраш учун чўчитувчи воситалар, яъни репеллентлардан фойдаланиш);
– қирқимга жалб қилинган ишчилар тўлиқ махсус кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминланиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;
– чорва молларининг жунини қирқиш олдидан уларга махсус воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов бериш юзасидан ветеринария хизмати ходимлари билан маслаҳатлашиш;
– ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни қирқим жараёнига жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик;
– кичик ёшдаги болаларга қўй, эчки ва ит болалари билан ўйнашга йўл кўймаслик;
– кана одам танасида мавжудлиги аниқланса, тиббиёт муассасасига имкони борича дарҳол мурожаат қилиниши, у ерда кананинг мутахассис томонидан олиб ташланиши ва малакали мутахассилар томонидан тиббиёт кузатувига олиниши;
– тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш имкони бўлмаса пинцет ёрдамида, резина қулқоп билан олиб ташланиши зарур. Агар кана танага ёпишган бўлса уни зинҳор юлиб олмаслик, кананинг нафас олиш аъзоси танасининг орқа қисмида жойлашганини инобатга олган ҳолда унинг устига камфора ёғи, агар у йўқ бўлса оддий ўсимлик ёғини томизиш, шунда нафас ола олмай қолган кана сўрғичини танадан чиқаради кейин у олиб ташланади;
– чорва ва уй ҳайвонларида канани пайқасангиз уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилмаслик, дарҳол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, уларнинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажариш;
– агарда бирор кишини кана чақса ёки баданига кана ёпишганини кўрса, қўллари кана қони билан ифлосланса, шунинг­дек, иситмаси чиққан бўлса, бурундан, милклардан, ошқозон-ичаклардан, бачадондан қон кетган беморларга ёрдам кўрсатилган ҳолатларда ёки беморнинг қони тери ва шиллиқ қаватларига теккан бўлса, унда ёрдам кўрсатган шахс тиббий ёрдамга мурожаат этиши лозим.

Қрим-Конго геморрагик иситмасига қарши вакцинация мавжуд эмас. Юқоридаги қоидаларга қатъий амал қилсак, қайд этилган касалликнинг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаларга ҳам тушунтирсангиз ўзимизнинг ва атрофдагиларнинг соғлигини ҳимоя қилган бўламиз.

Яна ўқинг:  Иллатлар илдиз отса, дунё залолатга ботади

Клара РАЖАПБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати

ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси                                                       

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: