Вужуд гавҳари

Кундалик ҳаётда «кўз нури» деган атамага кўп бора дуч келамиз. Айтайлик, болалигимизда ота-онамиз «кўз нурингни беҳудага тўкма», дея таъкидлашади. Ёшимиз улғайганда эса ўзимиз ҳам кичикларга шундай маслаҳат, ўгит берамиз. Бу бежиз эмас. Чунки, тўкис, бахтли турмуш кечириш, эзгу манзилларга етиш учун соғлом кўзлар керак бўлади.

Хўш, кўз нури дегани ўзи нима? Мазкур тушунча соғлом инсон организмида соғлом кўзлар фаолиятининг ифодасидир. Кўзлар унга тушган ёруғлик, нур орқали соғлом кўринади ва образни қабул қилади. Кўчма маънода, кўз нури – кўз шоҳ пардасининг соғломлиги, ялтираши, кўзгудек акс бериб, тирикликни намоён этишидир.

Кўзлар нега хасталанади?


Кўз касалликлари келиб чиқишининг сабаблари кўп. Бу борада наслий, экологик омиллар билан бирга, носоғлом турмуш тарзининг ҳам каттагина ўрни бор. Масалан, эртадан-кечгача телевизор томоша қилиш, компьютер олдида ўтириш боланинг кўриш қобилиятига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Бундай касалликларнинг олдини олиш учун рационал овқатланиш, жисмоний фаоллик, тозалик, экологик муҳит мусаффолиги, кун тартибини тўғри ташкил этиш, ўз вақтида ҳордиқ чиқариш жуда муҳим.
Ҳозирги кунда жаҳон тиббиётида рефракция аномалиялари, (узоқ ёки яқинни яхши кўрмаслик – миопия, гиперметропия, астигматизм), турли кўз жароҳатлари, катаракта, глаукома, пресбиопия (кексайган сари кўришнинг пасайиб бориши) каби касалликлар кўп учрамоқда.

Энг илғор усуллар қўлланилмоқда


Дунё тиббиёти офтальмология ва кўз микрохирургияси йўналишида ҳам улкан ютуқларга эришди. Пойтахтимизда, вилоятлар марказлари ва туманларда фаолият юритаётган олтмишга яқин тиббиёт муассасалари ҳамда беш юз элликдан кўпроқ тиббиёт хоналарида бу йўналишда аҳолига юксак технологиялар воситасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказининг маслаҳат-ташхис поликлиникасида кунига бир юз элликка яқин қатнов қайд этилади. Энг илғор диагностика ва даволаш воситалари билан жиҳозланган клиникада йилига олти мингдан кўпроқ беморда ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Изланишлар натижасида катарактани даволашнинг олтин стандарти деб ном олган замонавий усуллари, шоҳ пардани кўчириб ўтказиш амалиёти, глаукома, миопия касалликлари, қандли диабетнинг оғир асорати – диабетик ретинопатия каби хасталикларда лазер технологиялари воситасида тиғсиз жарроҳлик амалиётлари жорий этилгани беморларга ёруғ дунёни қайта кўриш имкониятини бераётир.

Тиббиёт илмининг бундай янгиликларини ҳудудий тиббиёт муассасаларида ҳам татбиқ этиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказида офтальмологларнинг малакасини ошириш учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Бундан ташқари, олимларимиз ва шифокорлар режа асосида чекка ҳудудларга чиқиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади, жойларда жарроҳлик амалиётлари олиб борилади, маҳорат дарслари уюштирилади.

Тиббий профилактика

Яна ўқинг:  ҲАРАКАТ – САЛОМАТЛИК ТАЯНЧИ


Ҳар қандай хасталикнинг олдини олишда самарали усул бу – тиббий профилактика, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишдир. Ёши қирқдан ошганлар гарчи шикояти бўлмаса ҳам йилда бир марта шифокор кўригидан ўтиши, кўзнинг ички босимини ўлчатиши керак.
Хира кўраётганидан шикоят қилганларнинг аҳволини тахминий усуллар – узоққа бармоқларини кўрсатиб, яқинга китоб саҳифасини ўқитиб текшириб кўриши мумкин. Қолаверса, кўздаги қизариш, қовоқларда қисилиш, жароҳат белгиларига бефарқ бўлмаслик шарт. Кўзойнак тақишнинг ҳам ўз қоидаси бор. Қанд­ли диабет, гипертония каби касаллиги бор беморлар шифокор кўригига бориши лозим.
Бундан ташқари, уйда муолажа олаётган беморлар кўз томчиларидан тўғри фойдаланиши, уларни қўллашдан аввал шахсий гигиена қоидаларига риоя этиши мақсадга мувофиқ.

Дилшод АБДИНАЗАРОВ,

олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: