Остеохондроз қандай касаллик?

Остеохондроз – умуртқа поғонаси касаллиги. Халқимиз уни бўғимлар орасига туз йиғилиши деб ҳам атайди. Биз бел-думғаза ва бўйин умуртқалари остеохондрози деган ташхисларни кўп учратамиз.

Сабаблари нима? Остеохондроз 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди. Одам қариган сайин остеохондроз билан касалланиш кўпайиб бораверади. Жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланмайдиганлар ҳам остеохондрозга мойил бўлишади.
Белгилари қандай? Остеохондроз, кўпинча, оғриқлар билан намоён бўлади. Бел-думғаза соҳаси остеохондрозида белда ўтирганда-турганда ҳам оғриқ пайдо бўлаверади, улар санчувчи, куйдирувчи ва ачиштирувчи хусусиятга эга. Ушбу оғриқлар оёқнинг орқа-ён юзаси бўйлаб тарқалади. Баъзи беморларнинг бели қийшайиб қолади.
Бўйин умуртқалари остеохондрозида оғриқлар бўйин-энса соҳасида пайдо бўлиб, елка ва қўлларга тарқайди. Бемор бўйнини турли томонларга бурганда, елкаси ёки қўлларини кўтарганда оғриқлар пайдо бўлади ёки кучаяди. Бўйин умуртқалари остеохондрози кучлироқ намоён бўлса, бош мия томон йўналган қон томирлар эзилиб, бош айланишлар ва чайқалиб юришларни юзага келтириши мумкин.

Остеохондроз диск чуррасига олиб келадими деб сўрашади. Умуман олганда, диск чуррасининг асосий сабабчиси – бу остеохондроз. Бироқ негадир оддий остеохондрозни диск чурраси деб даволаш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бундай ташхислардан аксарият беморлар хавотирга тушмоқда, баъзилари эса операция йўлини танлашмоқда. Белдаги оддий радикулит ёки остеохондроз сабабли пайдо бўлган оғриқларни дарров диск чурраси билан боғлаш керак эмас. МРТда аниқланган кичик ҳажмдаги диск чурралари ҳам хавфли эмас. Бемор сузишга қатнаса, умуртқани чиниқтирувчи махсус машқларни бажарса, текис ва равон жойда ётса, турникда тортилиб турса, бу ҳолатлар тез ўтиб кетади. Оғриқ кучсиз бўлса – радикулит, кучли бўлса – диск чурраси деб ҳисоблаш ҳам нотўғри. Чунки белни букчайтириб қўювчи кучли оғриқлар радикулит ва остеохондрозда ҳам учрайди.

Ташхис қандай қўйилади? Остеохондроз ташхиси рентген орқали бемалол қўйилади. Агар диск чуррасига гумон қилинсагина, КТ ёки МРТ текшируви ўтказилади.
Негадир рентген текширувига келувчилар сони камайиб, КТ ва МРТ текширувига келувчилар сони ортиб бормоқда. Аслида акси бўлиши керак. Чунки диск чурраси умуртқа остеохондрозига қараганда жуда кам учрайди. Ваҳоланки, остеохондроз КТ ва МРТга қараганда рентгенда жуда яхши аниқланади. Буни ҳамма врачлар билишади. Шундай экан, беморлар врач кўрсатмасига қулоқ тутиши ва қиммат текширувларга ружу қўймасликлари керак. Диагностика марказлари ҳам врачлар тавсияси бўлмаса, беморларни турли текширувларга олмасликлари лозим. «Бош мия касаллиги бор» деб гумон қилинган 300 та МРТ хулосасини таҳлил қилиб чиқдим. Шулардан 63 та МРТ хулосаси ҳақиқатга тўғри келди, холос. Қолган 237 та ҳолатда МРТ хулосалари меъёрида бўлиб чиқди.

Даволаш қандай олиб борилади? Шуни унутмангки, остеохондрозни дори-дармонлар билан эмас, балки турли хил машқлар, физио­терапевтик муолажалар ва дам олиш сиҳатгоҳларида ўтказиладиган оддий даволаш тадбирлари билан бемалол даволаш мумкин.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

Яна ўқинг:  Шакарни кўп истеъмол қилиш руҳиятга салбий таъсир кўрсатади

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: