ТЕАТР САНЪАТИ БАЙРАМИ
Тошкентда “Theatre.UZ/2012” учинчи халқаро театр фестивали давом этмоқда
Фестиваль “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон ёшлар театри ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар театр санъати ихлосмандлари, маданият ва санъат намояндалари, талаба-ёшлар, юртимиз меҳмонларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш, комил инсонлар этиб вояга етказишнинг муҳим тарбиявий воситаси сифатида театр санъати равнақига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимиздаги театрлар учун замонавий бинолар барпо этиш, мавжудларини капитал реконструкция қилиш, зарур саҳна, мебель, техника воситалари билан таъминлаш, ижодкорлар меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда томошабин қалби ва онгида эзгу ғояларни қарор топтириш, уларни соғлом ва мустақил фикр юритишга, Ватан тақдири, унинг келажаги учун масъулиятни ҳис этишга ундовчи замонамиз қаҳрамонлари акс эттирилган, юксак бадиий савияли саҳна асарларини яратишни доимий рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бир қатор ижодий ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган “Тошкент баҳори” халқаро театр фестивали, ёш драматурглар, режиссёрларнинг “Дебют” кўрик-фестивали, “Сени куйлаймиз, замондош!” ижодий танловлари ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда уч йилдан буён муваффақиятли ўтказиб келинаётган мазкур халқаро театр фестивали юртимиз ва хорижлик саҳна санъати ижодкорларининг ўзаро мулоқоти, фикр ва тажриба алмашиши, ижодий ҳамкорликни тобора кенгроқ йўлга қўйишида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Фестивалда Марказий Осиё мамлакатлари, Болгария, Россия, Исроил каби давлатларнинг театр жамоалари ўзининг энг сара саҳна асарларини томошабинларга тақдим этади. Томошабинлар Тошкент шаҳридаги театрлар, театр-студиялар, вилоятлардаги ижодий жамоалар репертуаридаги энг сара спектакллар билан танишиш имконига эга бўладилар.
Бу йилги халқаро фестиваль доирасидаги тадбирларда томошабинни спектаклни яратиш жараёни, театр ижодкорларининг бу йўлдаги машаққатли меҳнати билан атрофлича таништиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз ва хорижлик театр ижодкорларининг ўзаро ҳамкорлиги самараси ўлароқ, бир қатор янги ижодий лойиҳалар мухлислар эътиборига ҳавола этилади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида хорижлик ва юртимиз театр ижодкорлари иштирокида илмий маърузалар, анжуманлар, семинарлар, ижодий учрашувлар, мулоқотлар ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Фестиваль доирасида ёш режиссёрлар томонидан ишланган диплом-спектаклларининг намойиш этилиши умидли саҳна ижодкорларининг фаолиятини атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, фаолиятини янгича, янада юқори талаблар асосида йўлга қўйиш имконини беради. Лойиҳа доирасида Ўзбек Миллий академик драма театрида замонавий театр санъатининг ривожланиш масалаларига доир илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
– Ўзбекистонда театр жамоалари давлат томонидан алоҳида қўллаб-қувватланаётганидан яхши хабардорман, – дейди Буюк Британия ёшлар театрининг режиссёри Пол Харман. – Ўзбекистондаги ёшлар театр жамоаларидаги қизғин, соғлом, жонли ва жўшқин муҳит мени жуда ҳайратга солди. Ижодкорга чексиз илҳом ва маънавий қувват бағишловчи бундай муҳит ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Фестиваль учун Марказий Осиё давлатлари театр жамоалари билан биргаликда янги ижодий лойиҳа – “Ипак толаси” саҳна кўринишини тайёрладик. Ўзбекистонлик актёрларнинг маҳорати ва истеъдоди, изланувчанлиги мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда муҳим омил бўлди.
“Theatre.UZ/2012” учинчи халқаро театр фестивали доирасида шаҳримиз театр саҳналарида спектаклларнинг намойиши, маҳорат сабоқлари, ҳамкорликдаги ижодий лойиҳалар тақдимоти, қизиқарли учрашувлар, мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири