Кўз нега ёшланади?

Чақалоғимнинг кўзи нега тез-тез ёшланади? Говмуччадан қутилишнинг иложи борми? Боламнинг кўзи нима учун хиралашиб боряпти? Қандли диабет кўришга салбий таъсир қиладими?
Соғлиғи билан боғлиқ ана шундай муаммолардан безовталанган кишилар, энг аввало, хонадонига кириб келган патронаж ҳамширадан саволларига жавоб кутади. Бундай вазиятда офтальмология ва унинг замонавий йўналиши ҳисобланган кўз микрохирургияси ютуқларидан хабардор бўлиш айни муддао.
Офтальмолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зафар СИДДИҚОВ билан суҳбатимиз айнан шу мавзуга бағишланган бўлиб, мазкур мулоқот соҳа ходимларининг билим, малака ва маҳоратини янада оширишда қўл келади, деган умиддамиз.

– Одамнинг кўриш салоҳияти мураккаб ва қизиқарли жараён эканини биламиз. Суҳбатимизни шу ҳақдаги маълумотлар билан бошласак.


– Кўз инсон вужудидаги энг муҳим сезги органларидан биридир. Чунки, биз атрофимиздаги олам ҳақидаги ахборотнинг 70 фоизини кўз орқали оламиз. Кўз мугуз пардаси, қорачиқ, гавҳар, кўз тўр пардаси, кўриш асаб тизими, кўз олмаси ва унинг ёрдамчи тузилмалари бўлган мушаклар, қовоқлар, шиллиқ парда, кўз ёш аппарати, мия каби муҳим ҳаётий ­аъзоларимиз бизга оламдан баҳра олиш имконини беради.

– Болаларнинг кўриш қобилияти қандай шаклланади?


– Болаларнинг кўзи ўзига хос фарқли жиҳатларга эга. Мисол учун, янги туғилган чақалоқнинг кўз олмаси катталарникидан фарқли равишда шарсимон кўринишга эга бўлади. Оқсил пардаси юпқа, склерада кўплаб эластик толалар бўлади. Гўдак бир ойликка тўлганда предметни кузатиш, баъзида нигоҳни қадаш рефлекси ривожланади. 2-3 ойликка тўлганда кўз олдига бирон нарсани бирданига яқинлаштирсангиз, кўзларини юмиб олади. Бу хавфни сезиш рефлекси ҳосил бўлаётгани белгисидир. 6–8 ойлигида эса бола оддий геометрик шаклларни фарқлайди.
Рангни фарқлаш қобилияти ҳам 2-3 ойлигида ривожланади. У, энг аввало, қизил рангни ажратади. Рангларни фарқлаш хусусияти 3-4 ёшигача шаклланиши керак. Агар бу жараёнда нуқсонлар бўлса, турли кўз касалликларидан дарак бўлиши мумкин. Шу боис, патронаж кўригида болаларнинг кўриш аъзолари ривожланиш босқичларини мунтазам кузатиб бориш лозим.

– Боланинг кўзи тез-тез ёшланиши бирор касаллик белгисими ёки аста-секин ўтиб кетадиган ҳолатми?


– Кўз ҳуда-беҳуда ёшланмайди. Айниқса, болаларда бу муаммо бўлса, туғма кўз ёши каналларининг ёпилиши ёки торайиб қолиши, шамоллаш аломати бўлиши мумкин. Бундай вазиятда вақтни бой бермай, болани окулист-шифокор кўригидан ўтказиш керак.

– Кейинги пайтда болалар ва ўсмирларда кўриш қобилиятининг пасайиши кўп учрамоқда. Бунинг олдини олиш мумкинми?


– Кўз табиатан узоқ-узоқ манзилларни кўришга мослашган. Аммо, XXI асрга келиб юксак технологияларнинг ривож­ланиши туфайли яқин масофадан иш битиришга одатланмоқдамиз. Яъни, компьютер, смартфон, мобиль телефон асосий иш қуролимизга айланиб боряпти. Бунинг натижасида кўзларимиз табиий иш режимини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. Албатта, бу муаммо кўзларнинг кўриш қобилиятига ўз таъсирини ўтказмай қўймаяпти.
Миопия – узоқни яхши кўра олмаслик касаллигининг кўпа­йиб бораётгани шунинг белгиси. Энг ёмони, кейинги пайтларда бу касаллик ёшариб бораётир. Бунинг олдини олиш учун оилада тарбияга эътиборни кучайтириш, кичкинтойларнинг мобиль телефон, компьютер ўйинларига берилишига йўл қўймаслик, уларни кўпроқ тоза ҳавода сайр эттириш, овқатланиш тартибига ва таомларнинг шифобахшлик хусусиятига эътибор қаратиш керак.
Катталар ҳам компьютерда ишлаш қоидаларига риоя этиши зарур. Яъни, монитор ва кўз ораси 15 – 20 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак. Компьютерда узлуксиз ишлайдиганлар ҳар икки соатда 20-30 дақиқа кўзга дам бериши мақсадга мувофиқ. Соғлом турмуш тарзига оид бу маълумотларни ҳар бир оилага етказсангиз, кўз хасталикларининг олдини олишда сезиларли натижаларга эришасиз.

– Кўз қорачиғи катта-катта бўлса, «кўзлари чаросдек порлаб турибди», деб гўзалликка йўямиз. Айримларда эса катта қорачиқ ўткир кўриш қобилиятидан дарак, деган фикр ҳам бор. Ҳақиқатан ҳам шундайми?


– Йўқ, кўз қорачиғининг катта бўлиши глаукома белгиси бўлиши мумкин.
Кўз ичи босими баланд бўлиши глаукома ривожланишининг асосий омилидир. Шу боис, касалликни барвақт аниқлаш, шифокор назорати остида бўлиш кўриш нерв тизими зарарланишининг олдини олади ва кўриш қобилиятини сақлашга ёрдам беради.

– Кексаларимиз кўзларини кўк чой билан тез-тез ювиб туришларига кўп гувоҳ бўлганман. Бунинг саломатликка фойдаси борми?


– Маълумки, кўк чой табиий усулда олингани боис, унда табиий, шифобахш моддалар кўп. Шунингдек, бактерияларга қарши курашиш хусусиятига эга. Шу жиҳатлари сабабли конъюнктивит, блефарит ва бошқа шамоллаш туфайли келиб чиқадиган кўз хасталикларининг олдини олиш ва даволашда ўзига хос таъсир кучига эга.

– Кўзга говмучча чиқиши ниманинг аломати?


– Бу бирор ички касаллик, шамоллаш, қовоқлар яллиғланиши ва гижжа асорати бўлиши мумкин. Бундай вазиятда болани педиатр, юқумли касалликлар шифокори ва окулист кўригидан ўтказиб, мажмуавий муолажа қилиш керак. Шунингдек, боланинг иммунитетини ошириш учун уни рационал овқатлантириш, жисмонан чиниқтириш зарур.

– Қандли диабетнинг кўришга таъсири борми?


– Ушбу касалликка чалинган кўплаб беморлар асосан эндок­ринолог кўригидан ўтиб, қанд миқдорини меъёрида сақлаш билан чекланади. Ҳолбуки, қандли диабет иккиламчи асоратлари билан ҳам хатарлидир. Жумладан, унинг таъсирида кўз касалликлари келиб чиқиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун беморни йилда икки марта окулист кўригига йўллаш ва шифокор тавсияларига риоя этиш мақсадга мувофиқ.

– Замонавий офтальмология ва кўз микрохирургиясининг энг муҳим ютуқлари нималардан иборат? Улардан амалда фойдаланиш самаралари ва соҳа ривожига йўналтирилган янги режалар ҳақида маълумот берсангиз.


– Замонавий офтальмология ва кўз микрохирургияси бугунги кунга келиб шу қадар ривожландики, натижада илгари даволаш мушкул бўлган кўпгина касалликларни бутунлай бартараф этишга эришяпмиз. Катаракта хасталигининг турли шаклларини факоэмулсификация усулида даволаш, кўз шоҳ пардаси хиралашганда кератопластика операцияси, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари туфайли келиб чиққан тўр парда ва шишасимон тананинг хасталикларини замонавий усулда даволаш бўйича ютуқлар бунга мисолдир. Бундай илғор операцияларни бугунги кунда ҳудудларда ҳам жорий этиш мақсадида жойларда амалий ишлар тизимли йўлга қўйилган.
Тиббиёт ютуқларидан амалда фойдаланиш баробарида, касалликларнинг олдини олиш масаласи ҳам доимо эътиборда. Мазкур йўналишда ҳам давлатимиз томонидан муҳим чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Хусусан, вилоят кўз касалликлари шифохоналарига офтальмологиянинг энг сўнгги технологиялари билан жиҳозланган кўчма мобиль клиникалар етказиш борасида иш олиб борилмоқда. Ушбу техника-технологиялар кўмагида шифокорларимиз жойларга чиқиб, чекка-чекка ҳудудлар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.

Акмал ЭРГАШЕВ суҳбатлашди

Яна ўқинг:  Буйрак-тош касаллигининг қандай олдини олиш мумкин?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: