Юзим нега қийшайиб қолди?

Совуқ ёмғирли ҳавода қолиб кетдим, эрта баҳорда деразани очиб ухлаб қолдим, терлаб туриб кондиционер тагида ишловдим, шундан сўнг юзимнинг бир томони қийшайиб қолди, деб невропатологга шикоят қилиб келган беморга «юз нерви невропатияси» деб ташхис қўйишади.

Тиббиёт институтида ўқиб юрган кезларимизда академик Наби Мажидов неврологиядан маъруза ўқиётиб айтган бир ибора эсимга тушиб кетди. Улар шундай деган эдилар: «Зудлик билан шифохонага ётқизиладиган икки хил неврологик касаллик бор: бири – инсульт, агар беморни ётқизиб дарров даволай бошламасангиз унинг ҳаёти хавф остида қолади; иккинчиси – бу юз нерви касаллиги, агар ўша куниёқ даволаш бошланмаса, бемор умрбод хунук бўлиб қолиши мумкин. Чунки ҳар бир инсоннинг энг суюкли аъзоси – бу унинг юзи».

Ҳақиқатан ҳам юз нерви шамоллаб, юзи қийшайиб қолган беморни даволашни асло кечиктирмасдан ўша заҳотиёқ бошлаш керак. Акс ҳолда касаллик асорати ачинарли бўлиши мумкин. Бу касаллик ёшлар орасида кўп учрайди. Сабаби, улар ўзларига эътиборсиз бўлишади, чўмилиб, юпун кийиниб, уйдан чиқиб кетишади, бош кийим кийишни ёқтиришмайди. Соч турмаги бузилса, уни тўғрилаш осон, бироқ юз шакли бузилса, уни ҳатто косметолог ҳам тўғрилай олмайди. Чунки нерв функцияси тикланмас экан, ҳеч қандай косметологик муолажа ёрдам бермайди.

Юзда икки хил функцияни бажарувчи нерв бор: биринчиси – бу юз нерви бўлиб, у фақат ҳаракат толаларидан иборат ва мимик мускуллар ҳаракатини таъминлайди; иккинчиси – бу уч шохли нерв бўлиб, асосан, сезги толаларидан иборат.

Уч шохи нерв зарарланса, юз қийшайиб қолмайди, балки ўта кучли санчувчи оғриқлар пайдо бўлади. Юз нерви зарарланса, оғриқлар кузатилмайди, сезги бузилмайди. Чунки юз нервида сезги толалари йўқ. Демак, юзнинг иккита нерви икки хил вазифани ўзаро бўлишиб олишган: бири сезги учун жавоб беради, иккинчиси ҳаракат учун.

Агар даволаш эрта бошланса, бемор 2-3 ҳафта ичида тузалиб кетади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор

Яна ўқинг:  СИЗ ҚАНДАЙ ЎЗГАРАСИЗ?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: