Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси нечоғли хавфли?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун Ер юзи аҳолисининг қарийб йигирма-ўттиз фоизи меъда-ичак фаолияти бузилиши, хусусан, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси хасталигидан азият чекмоқда. Бу муаммонинг бир қанча сабаблари бор. Улар орасида нотўғри овқатланиш етакчи ўринни эгаллайди. Шу боис аҳоли орасида патронаж кўригини ўтказиш асносида сиз, муҳтарам ҳамширалар соғлом турмуш тарзи ҳамда тўғри овқатланиш қоидаларига қай даражада амал қилинаётганига ниҳоятда ­эътиборли бўлишингиз даркор.

Энг муҳими – тўғри овқатланиш


Ошқозон ярасини келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида сўз борганда, хонадон аҳли, аввало, стрессдан сақланиш ҳамда руҳий зўриқишларга йўл қўймаслик жуда муҳимлигини яхши билишлари керак. Асабийлашган кишида иштаҳасизлик ёки аксинча ҳолат кузатилади. Бу эса пала-партиш овқатланишга сабаб бўлади ҳамда меъда-ичак тизими фаолиятини бузади.
Меъда ва ўн икки бармоқли ичак ярасини юзага келтирувчи бошқа омиллар қаторида «Helicobacter pylori» инфекция­си, наслий мойиллик, меъда ширасининг кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши натижасида ошқозон-ичак тракти деворининг куйиши, жароҳатлар, айрим дориларни узоқ муддат қабул қилиш сингари ҳолатлар туртки бўлиши мумкин. Айниқса, ярим тайёр егулик­лар, газли ичимликлар, аччиқ, шўр ва кўп миқдорда зиравор қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш кони зарар.

Ошқозон ярасидан азият чекаётган бемор, асосан, тўш ости соҳасидаги оғриқ, тунги безовталик, иштаҳа кама­йиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, кекириш, қориннинг дам бўлиши ҳамда қайт қилиш каби белгилардан шикоят этади. Яранинг жойлашишига қараб, оғриқ хуружи овқатлангандан сўнг 1-2 соат ўтгач ёки оч қолганда бошланади. Бемор таом ёки суюқлик истеъмол қилаётганда кўнгил беҳузур бўлиши, ошқозонда куйдирувчи оғриқ, қорин дам бўлиши сингари аломатларни сезади. Буларнинг бари меъёридан кам овқатланиш ва шунинг эвазига вазн йўқотиш, иммун тизими сустлашувига сабаб бўлади. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, бошқа турдаги касалликларга ҳам олиб келиши мумкин.

Эътиборли бўлинг, агар…


– Бемор қаҳфа қуйқаси кўринишида ёки қон аралаш қайт қилса;
– Қайт қилганда бир неча соат (ёки кун) аввал ейилган овқат қолдиқлари ажралиб чиқса;
– Совуқсираш ва ўз-ўзидан терлаш кузатилса;
– Тўсатдан келиб чиққан бош айланиши ва ҳолсизлик;
– Нажас ранги қора (кўмир) бўлиши;
– Тез-тез қайт қилиш;
– Тунги ёки узлуксиз тўш ости соҳасидаги оғриқ (оғриқ бел соҳасига тарқалиши ҳам мумкин);
Мазкур аломатлар ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси зўрайганидан дарак бўлиши мумкин. Вақтни ўтказмай, беморни шифокор ҳузурига олиб бориш керак.

Қандай тиббий таҳлиллар ўтказилади?

Яна ўқинг:  Таъми аччиқ – шифоси ширин


Меъда фаолиятидаги ўзгаришларга ташхис қўйишда дастлаб беморнинг умумий аҳволи ва шикоятлари ўрганилади. Шунингдек, эндоскопик текширув, ошқозон трактини рентгенограмма орқали кўриш, «Helicobacter pylori» инфекциясини аниқлашга доир қон таҳлиллари ўтказилади.
Тиббий хулосага асосан, ошқозон ширасини камайтириш, аниқланган инфекцияни бартараф этиш, ошқозон шиллиқ пардасининг фаол яллиғланишини камайтириш, яра ва эрозиялар битиб кетишини таъминлаш, яра хуружларининг олдини олишда қўлланиладиган (оғриқсизлантирувчи) препаратлар буюрилади. Муолажа давомида шифокор назоратида бўлиш ва албатта, қатъий парҳезга риоя этиш лозим. Негаки, бу хасталик узоқ муддат даволанадиган, тўлиқ муолажа олинмаса, янада авж оладиган хасталикдир.

Парҳезга амал қиляпсизми?


Патронаж ҳамшира беморга шу савол билан мурожаат қилиши зарур: жавобга қараб муолажа шартлари қай тариқа бажарилаётганини билиб олиш баробарида, парҳез нечоғлик муҳим экани яна бир бор эслатилади.

– Ёғсиз (мол, балиқ, товуқ) гўшт;
– Сабзавот ва мевалардан тайёрланган бўтқа, сархил мева шарбатлари;
– Сут-қатиқ маҳсулотлари, ёғсиз творог;
– Суюқ дамланган чой ва маъданли сув ошқозонни зўриқтирмайди.
Аксинча:
– Ёғли гўшт;
– Тузланган ва дудланган маҳсулотлар;
– Аччиқ, шўр, ўта иссиқ ва яхна егуликлар;
– Газли, спиртли ичимликлар;
– Узум шарбати, сабзавотлардан — пиёз, саримсоқ, булғор қалампири кабилар тавсия этилмайди.

Хулоса шуки, меъда хасталикларига дучор бўлмасликнинг энг муҳим шарти – соғлом турмуш тарзига риоя этиш. Бу қоидани ёдда тутган киши ҳамиша ўзини тетик ва бақувват ҳис этади.

Ёқуб НАМАТОВ,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: