ПАРКИНСОНИЗМ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Паркинсонизм қандай касаллик? Нима учун у «Паркинсон касаллиги» деб аталади?Шу ўринда аввало ушбу касалликнинг тарихи ҳақида қисқача билиб олсак. 1817 йили англиялик врач Жеймс Паркинсон (1755–1824) «Титроқ фалажлик» номли кичик бир асар ёзади. Ушбу китобчада у ўша давргача номаълум бўлган касаллик ҳақида сўз юритади. Ҳамма гап шундаки, бу дардга унинг ўзи йўлиққан эди. У ўзида кечаётган касаллик белгиларини ён дафтарчасига ёзиб юради. Унинг қўллари доимо титрар, боши қалтирар ва ҳали ёши 60 га ҳам етмаган бўлса-да, гавдаси букчайиб бораётганди.

Паркинсон танасидаги барча мускуллари гўёки қотиб бораётганидан, бемалол қадам ташлаб юра олмаётганидан азият чекарди. У яқинларига: «Бу қарилик эмас, балки қандайдир бир касаллик» дейди сиқилиб. Ҳозирда ҳар бир невропатолог биладиган паркинсонизмнинг деярли барча белгилари ўша вақтдаёқ Паркинсон томонидан ёзиб қолдирилган. Агар Паркинсон ушбу касаллик билан оғримаганида эди, балким биз унинг ҳақида ҳеч нарсани билмаган бўлар эдик. Чунки у кўзга кўринган олим эмас, балки оддий врач бўлган. «Бошидан ўтган табиб» деган нақлни эшитсам, ҳаёлимга Жеймс Паркинсон келади.
Шу ўринда ушбу хасталик ҳақидаги бир қатор саволларга жавоб изласак.

Савол: Паркинсон касаллиги фақат катталарда учрайдими?

Жавоб: Жеймс Паркинсон ўзида бу касаллик белгиларини 50 ёшдан ошгандан сўнг пайқай бошлаган. Кейин унинг ўзи яна 6 нафар беморда худди шундай касаллик аломатларини кузатади. Улар ҳам 50 ёшдан ошган эди.
Касалликнинг катталарда учраши Паркинсон эътиборини тортади ва у «Ушбу касаллик 50 ёшдан ошганларда учрайди» деб ёзади. Шу билан бирга ўзида ва ўзи кузатувга олган беморларда бир хил аломатларга, яъни қўлларнинг титраши, мушаклар қотиши, ҳаракатларнинг сустлашиб бориши ва қадам ташлашнинг секинлашувига эътибор қаратади. Мускуллар кучи сақланиб қолган бўлса ҳам, титроқлар ва мускулларнинг қотиб қолиши сабабли Паркинсон бу касалликка «Титроқ фалажлик» деб ном беради.
Паркинсон ўлимидан 50 йил ўтгач, яъни 1874 йили машҳур француз неврологи Жан Мартен Шарко бу касалликни чуқур ўрганиб, унинг номини ўзгартиради. Жарко шундай деб ёзади: «Биз ушбу касалликни ўзи шу дарддан азият чеккан ва уни батафсил ёзиб қолдирган врач номи билан атаймиз». Барча олимлар Шарконинг бу таклифини қўллаб-қувватлашади. Ўша даврдан бош­лаб ушбу касаллик Паркинсон касаллиги деб номланади. Жаҳон неврологияси фани асосчиси Ж.М.Шарко ушбу касалликдан ўлган беморларнинг бош миясини очиб ўрганади, бироқ мия тўқималарида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар топмайди.

Савол: Паркинсон касаллигининг сабаблари нима? Агар бош мияда ҳеч қандай ўзгаришлар топилмаган бўлса, нима учун бу касаллик ривожланади?

Жавоб: Паркинсон касаллигидан ўлган беморларнинг бош миясини Шарко давридан (1880 йиллардан) буён олимлар ўрганиб келишган. Бироқ бош мияда ҳеч қанақа ўзгаришлар топишмаган. Бу мўъжизадан олимлар ҳайратда қолишади: «Нев­рологик белгилар бор-у, бироқ бош мия ўзгармаган?!». Бу қанақаси бўлди? Балки касаллик наслий хусусиятга эгадир? Бу савол деярли 80 йил мобайнида, яъни ХХ асрнинг 60-йилларигача жавобсиз қолади.
Бироқ шу ерда бир нарсани айтиб ўтиш керак. 1918 йили Европада эпидемик энцефалит (бош миянинг кучли яллиғланиши) билан касалланганлар сони жуда кўпайиб кетади. Венгриялик олим Экономо ушбу касалликнинг, яъни энцефалитнинг сурункали босқичида Паркинсон касаллигига хос симптомларни кузатади. Энцефалитдан ўлган беморларнинг бош мияси текширилганда бош миянинг чуқур қисмида патологик ўзгаришлар топилади.
Ўша даврдан бошлаб Паркинсон касаллигига ўхшаб кечувчи касалликларни паркинсонизм деб атай бошлашади. Ўша пайтлари патоморфологик текширувлар ривожлана бошлаган эди. Паркинсонизмдан ўлган беморларнинг бош мияси текширилганда бош миянинг қуйи қисмида жойлашган қора модда ҳужайралари атрофияси аниқланади.

Яна ўқинг:  МЕЪДА ОСТИ БЕЗИ САРАТОНИНИ ЭРТА АНИҚЛАШ УСУЛИ ТОПИЛДИ

Савол: Паркинсонизм наслдан наслга ўтадими?

Жавоб: Паркинсон касаллигининг ривож­ланишида наслий омилларга катта урғу берилади. Чунки касаллик наслдан-наслга доминант типда узатилади. Бу касаллик тўла равишда фарзандларга ўтади дегани эмас.
Ваҳоланки, Паркинсон касаллигининг ўзи эмас, балки унга мойиллик кейинги авлодларга узатилади. Демак, ушбу касалликка мойиллиги бор одамларда турли ташқи салбий таъсирларгина Паркинсон касаллигини юзага келтириши мумкин.

Савол: Боксчиларда ҳам паркинсонизм ривожланади дейишади. Шу тўғрими? Бокснинг паркинсонизмга нима алоқаси бор?

Жавоб: Албатта, бокснинг паркинсонизмга бевосита алоқаси йўқ. Биз ҳаммамиз машҳур боксчи Муҳаммад Алини яхши биламиз. Унда бош мияга теккан зарбалар кейинчалик паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлган. Умуман олганда, кўпчилик паркинсонизм касаллигини машҳур Муҳаммад Али орқали билади. Чунки унинг паркинсонизм билан касалланганлиги жуда кўп спорт ихлосмандларига маълум.
Бошга теккан доимий зарбалар миянинг чуқур тузилмалари эзилиши ва уларга нуқтали қон қуйилишларга сабабчи бўлади. Бунинг оқибатида инсон ҳаракати учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган дофамин моддасини ишлаб чиқувчи ҳужайралар сони камая боради. Бу эса паркинсонизм ривож­ланишига сабабчи бўлади.
Мен бокс билан шуғулланаётганларни чўчитиб қўймоқчи эмасман. Юқорида айтиб ўтганимдек, паркинсонизмга мойиллиги бор одамларда ташқи таъсирлар ушбу касалликнинг ривожланишига олиб келади. Фикримча, Муҳаммад Алида паркинсонизмга наслий мойиллик бўлган. Чунки машҳур боксчилар жуда кўп. Улар ҳам миясига кўп зарбалар олган. Бироқ ёши ўтгандан сўнг уларда паркинсонизм ривожланмаган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Демак, бош мия жароҳати, албатта, паркинсонизм ривожланишига олиб келади, деган фикр нотўғри.

Савол: Асаб тизими заҳарланишлари ва инфекциялари ёки ҳар хил дориларни кўп истеъмол қилиш ҳам паркинсонизмга олиб келади, деб эшитганман. Шу тўғрими?


Жавоб: Ҳақиқатан ҳам турли кимёвий моддалар ва воситалар билан сурункали заҳарланиш паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, олтингугурт, марганец, қўрғошин, метил ва этил спиртлари, фосфорорганик бирикмалар, ис гази, яъни мияда дофамин моддаси алмашинувига салбий таъсир кўрсатувчи моддалар паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлади. Асаб системаси инфекция­лари ҳақида айтадиган бўлсам, миянинг ички қисмида жойлашган қора моддани зарарлайдиган вируслар паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлади. Масалан, энцефалит касаллигини бунга мисол қилиш мумкин.
Дориларнинг ножўя таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, фақат баъзи дориларгина паркинсонизм ривож­ланишига сабабчи бўла олади. Паркинсонизм ривожланишига энг кўп сабабчи бўладиган дорилар – булар аминазин, галоперидол ва шу гуруҳга кирувчи дорилар. Бу дорилар, асосан, руҳий бузилишларни даволашда ишлатилади. Улар катта миқдорда ёки узоқ вақт тавсия қилинса, беморда паркинсонизм белгилари ривожланади. Лекин бемор бу дориларни ичишни тўхтатса, паркинсонизм белгилари дарров орқага қайтади. Шунинг учун ҳам дорилар таъсиридан ривож­ланган паркинсонизм ҳақиқий Паркинсон касаллигига қараганда тез тузалади. Паркинсонизмни юзага келтирадиган дориларнинг ножўя таъсирини пасайтириш учун циклодол берилади.
Шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиганларда паркинсонизм кўп учрайди. Чунки гиёҳванд моддалар айнан қора моддада ишлаб чиқариладиган дофамин моддасини парчалайди.

Савол: Мия томирлари атеросклерози, гипертония касаллиги ва инсульт ўтказганларда ҳам паркинсонизм ривож­ланадими?


Жавоб: Афсуски, бу саволга «Ҳа» деб жавоб бериш керак. Неврологияда «Томир паркинсонизми» деган атама бор. Бош мияда қон айланишининг сурункали бузилишлари паркинсонизм ривожланишига сабабчи бўлиши мумкин. Масалан, дисциркулятор энцефалопатиянинг 3-босқичида деярли 25 фоиз беморда паркинсонизм ривожланади. Агар бемор доимо юқори қон босимдан азият чекиб юрса, унда тез-тез гипертоник кризлар учраб турса, қон босими юқори бўлиб спиртли ичимликлар истеъмол қилса, уларда томир паркинсонизми ривожланиши хавфи юқори. Шунингдек, тез-тез кичик инсультлар кузатиладиганларда ҳам томир паркинсонизми ривожланиш хавфи бор.

Савол: Энди бу касаллик белгилари ҳақида сўзлаб берсангиз.


Жавоб: Бу касалликнинг ҳар бир белгиси ўзига хос хусусиятга эга. Зийрак кўзли невропатолог паркинсонизмнинг ҳар бир белгисига қараб, адашмасдан ташхис қўя олади.
Масалан, 60 ёшли беморнинг кўзлари бир нуқтага тикилган, қадди бир оз букилган, қадам ташлашлари секинлашган, мускуллари қотишган ва қўл панжаларида титроқлар аниқланса, демак, беморда паркинсонизм ривожланаяпти. Бироқ ёшларда кузатиладиган жаҳл чиққандаги титраш паркинсонизм белгиси эмас. Паркинсонизм учун бир оз букилган қўл панжаларининг айнан тинч ҳолатдаги доимий титраши хос. Беморда ҳаракатлар ҳажми камайган бўлса-да, мушаклар кучи сақланиб қолади. Танадаги мушаклар тонуси ошганлиги сабабли бемор шахдам қадамлар ташлаб, равон юра олмайди. У кичик қадамлар ташлаб юради. Бундай юриш «қўғирчоқ юриш»» деб аталади. Беморнинг юз кўриниши ниқобсимон бўлади, юз-кўзида ҳиссий аломатлар кўринмайди. У гўёки қотиб қолган одамни эслатади.

Яна ўқинг:  ГЎЗАЛЛИГИНГИЗ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: