Соғлом сочлар чиройни очар

Пардозчилар инсон чиройининг 80 фоизи юз териси текислиги ҳамда сочларнинг соғлом кўриниши билан ўлчанишини исботлашган. Шу боис соч ташқи кўринишимизда муҳим ўрин тутади. Аммо турли сабабларга кўра, соч тўкилиши, жилосини йўқотиши мумкин. Бу ҳолат барчамизни бирдек ташвишга солиши тайин.

Маълумки, бошда ўрта ҳисобда 50 мингдан 150 мингтагача соч толаси бўлиши меъёр ҳисобланади. Соч фолликуладан ўсиб чиқади. Фолликула остида эса соч қопчаси жойлашган бўлиб, у ерда соч илдизи ривожланади. Соч қопчасида янги тола пайдо бўла бошлаганда, эскиси тўкилиб кетади. Бу эса табиий жараёндир. Яъни ҳар куни 60-100 донагача соч тўкилиши мумкин. Ўртача 2 йилдан 4 йилгача яшайдиган соч толаси асосан кундузи ва кўпроқ баҳор ҳамда ёз ойларида нисбатан тезроқ ўсади.

Ўзингиз аниқлашингиз мумкин


Соч инсон организмидаги энг нозик ва энг «жонкуяр» аъзолардан бири. Чунки унинг тўкилишига тананинг бош­қа аъзолари касалланиши ёки асаб толаларининг таранглашиши сабаб бўлади. Сочнинг меъёридан ортиқ тўкилиши, аввало, нерв тизимининг умумий аҳволи бузилиши туфайли бошланади. Бунга ички секреция безлари, жигар, меъда-ичак йўли аъзолари фаолиятининг бузилиши, витамин етишмаслиги ёки соч фоликулалардаги туғма нуқсонлар ҳам туртки бўлиши мумкин. Себорея (ёғ ажралишининг бузилиши) натижасида ҳам сочнинг эрта тўкилиши эҳтимоли бор. Тана ҳароратининг баъзи инфекцион касалликлар оқибатида узоқ вақт юқори бўлиши, захмга чалинганда ва оғир операциялардан сўнг баъзида соч тўкилади. Бошнинг сочли қисми терисига замбуруғ юққанлиги натижасида ҳам сочларимиздан айрилишимиз мумкин.
Асабий зўриқиш, ўта чарчаш ва бош­қалар оқибатида кўпинча соч уя-уя ёки думалоқ-думалоқ бўлиб тўкилади. Баъзан имтиҳон даврида ўта толиқиш, уйқусизлик оқибатида ўқувчиларда ҳам соч камайиши кузатилади.

Сочнинг табиий ёки меъёридан ортиқ тўкилаётганини қандай билиш мумкин? Бунинг учун бошни ювиб, орадан бир кун ўтгач бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқ билан 60 донача соч толасини ушлаб тортинг. Агар қўлингизга 7 донадан камроқ тола узилиб чиққан бўлса, зарари йўқ. Акси бўлса, унда имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Нима қилиш керак?


Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш аслида ўз қўлимизда. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш биринчи галдаги вазифа. Унутманг, сочларнинг тўкилиш муаммосини махсус шампун, витамин-минералли комплекслар ва шу каби қўшимча воситалар ёрдамида ҳал қилиш ўзига хос бўлмаган даво усули ҳисобланади. Дарҳақиқат, айрим соч парваришига тааллуқли воситалар таркибида фойдали ва парваришловчи компонентлар мавжуд ва улар сочларга ижобий таъсир кўрсатади. Зарур бўлган моддалар етишмовчилигини тўлдириб, фолликулаларнинг озиқланишини яхшилайди.

Соч парваришининг муҳим омилларидан яна бири, уларни тўғри ювишдир. Бунда ювиш воситаси, сув ҳарорати, тўғри тараш каби омиллар етакчи ўрин тутади:
– сув ҳарорати 35-45 даража илиқ бўлиши лозим. Соч қанчалик ёғли бўлса, сув ҳарорати нисбатан пастроқ бўлиши тавсия этилади;
– шампунни соч турига қараб танлаш мақсадга мувофиқ. Мутахасислар шампундан сўнг махсус текисловчи воситалардан фойдаланишни тавсия қилади. Улар соч қуришини ва тарашни осонлаштиради, толага эластиклик бахш этади;
– соч тараш бир қарашда оддийдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ҳам ўзига яраша ­эътиборли жиҳатлари бор: калта сочлар илдизидан, узун сочлар пастки қисмидан бошлаб таралади;
– соч қуритгичларни тез-тез қўллаш тавсия этилмайди. Уларни бошдан 40 см. узоқликда ушлаб — «совуқ қуритиш» кўрсаткичида қуритиш лозим.
Ёдингиздан чиқарманг! Сочни совун билан ювиш мумкин эмас. Чунки совун толадаги сув-липид қаватини йўқотади ва зарарлайди.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА тайёрлади

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда саратоннинг қайси тури энг кўп тарқалгани маълум бўлди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: