ЛАБ, ҚЎЛ, ОЁҚ ТЕРИСИ ҚУРУҚЛАШСА… Уларни бартараф этишнинг йўллари кўп

Куз-қиш фаслида, яъни кунлар совиган пайтда юзингиз қуруқлашиб, қўл терингиз қизара бошласа, нима қиласиз? Бундай вазиятда қиммат кремлар-у тайёр ниқоблардан фойдаланиш ҳақида ўйламанг. Негаки, уларнинг таъсири вақтинчалик, холос. Умумий парваришлаш қоидаларига эътибор берилсагина, тери намлигининг йўқолиши, ёрилиши, оёқда қадоқ ҳосил бўлиши каби ҳолатларнинг олдини олиш мумкин. Келинг, биз сизга мавсумга мос тавсиялар берамиз.

«А», «О», «У»нинг фойдаси


Лаб териси совуқ ҳавога ўта таъсирчан. Етарлича суюқлик қабул қилинмаганда қуруқлашади, мавсумга мос бўлмаган лаб бўёғидан фойдаланилганда ёрилади. Лаб парваришида биринчи талаб – таркибида Е витамини бўлган лаб бўёқлари ёки унинг рангсиз (озиқлантирувчи) туридан ишлатинг. Кун давомида тез-тез суюқлик ичиб туринг. Шунингдек:

– ўта юмшоқ тиш чўткасини қайнатилган сувда ҳўллаб, 1-2 дақиқа давомида лаб терисини уқаланг. Бунда ўлик ҳужайралар ажралади. Сўнг бармоқ учига бодом ёғидан томизиб, аввал юқори лаб, сўнг пасткисини уқаланг;
– уйқуга ётишдан олдин озроқ асал ёки сариёғни лабларга суртиб қўйинг. Ушбу муолажа уч-тўрт кун давомида кетма-кет бажарилса, лаб қуруқлашиши бартараф этилади;
– ҳар куни эрталаб «А», «О», «У» унли товушларини овоз чиқариб талаффуз қилинг. Лаблар товушга мос тарзда ҳаракатлантирилганида терида қон айланиши яхшиланади.

Оддий, аммо самарали малҳамлар


Қўл терингиз ёрилиб, ачишса, безовталикни енгиллаштириш учун мана қуйидаги усулларни қўллаган маъқул:
2 дона тухум сариғи, 2 ош қошиқ суюқ асал ва 1 чой қошиқ ўсимлик ёғини аралаштириб, малҳам тайёрланг. Уни қуруқлашган қўл терисига суртиб, то қуригунича кутинг. Сўнг илиқ сувда чайинг. Муолажа бир ҳафтада 2-3 маротаба ўтказилиши мумкин.

Ўта қуруқлашган қўл териси муолажасида ёғли ванналардан фойдаланса бўлади. Масалан, 1 литр илиқ сувга 2-3 ош қошиқ ўсимлик ёғи аралаштириб, 10-15 дақиқа қўллар учун ванна қилинади. Мазкур усул кунора бажарилса, тери ҳолати меъёрлашади.

Қўл терисидаги ёриқлар тобора катталашиб бораётган бўлса, битта картошкани бир литр сувда тезгина қайнатиб олинг. Картошка пишгач, уни алоҳида идишга олинг. Суви бироз илигач, қўлларингизни картошка қайнатмасига солиб, 15-20 дақиқа ушлаб туринг. Бу пайтда бармоқларингизни бир-бирига ишқалаб, уқалаш ҳам яхши фойда беради.
Тери дағаллигини бартараф этишда карам баргидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Истасангиз, карам баргини юмшатиб, тери устидан боғлаб қўйинг. Ёки карам шарбатини ажратинг-да, қўл терисига суртиб, устини уқаланг. Ҳар иккала ҳолатда ҳам витаминларга бой полиз экини қўл терисини озиқлантиради.
Қўл терисининг тез-тез қуруқлашиши, ёриқлар пайдо бўлишига мойиллик таомномани ўзгариш кераклигини ҳам англатади. Тери озиқланиши учун булғор қалампири, карам, сабзи, сариёғ, сут-қатиқни канда қилманг.

Яна ўқинг:  Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми)

Қадоқлардан қутулишнинг чораси


Ёпиқ кўринишдаги пойабзалларда оёқ териси кераклича «нафас» ололмайди. Устига-устак пошнали туфлилар оёқ кафтида қадоқ ҳосил бўлишига олиб келади. Товонда эса кўпинча қуруқлашиш кузатилади. Толиқиш, оғриқлар… Хўш, буларнинг чораси қандай?
Аввалига оёқ терисини юмшатиш керак. Бунинг учун оёққа илиқ ванна қабул қилиниб, дағаллик мавжуд соҳа спирт эритмаси билан артилади. Сўнг пемза ёрдамида терининг устки қисми тозаланади. Дағаллашган терига юпқа қилиб канакунжут ёғидан суртинг. 1-2 дақиқадан сўнг пайпоқ ки­йиб оласиз.

Оёқ кафтидаги дағаллашган терини асло шилиб олманг. Акс ҳолда ўрнида ёриқлар келиб чиқади. Мабодо оёқ териси ҳаддан ташқари қуруқлашиб, унинг таъсирида ёриқлар пайдо бўлган бўлса, карам баргидан компресс тайёрланг. 1-2 та япроқ болғача ёрдамида юмшатилади. Кейин терининг зарарланган қисмига қўйиб, устидан юмшоқ пайпоқ кийилади. Малҳам эрталабгача қолдирилса, тери озиқланиб, юмшайди.

Кун бўйи тик оёқда туриб толиқсангиз, денгиз тузи, мойчечак ёки мармарак ўсимликларидан тайёрланган ванналар жоннинг роҳати.

Наргиза ИКРОМОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: