ТУҒМА МАЙМОҚЛИК ХАСТАЛИГИ: уни бартараф этиш мумкинми?

Ўз вақтида аниқ ташхис қўйиш, муолажани тўлиқ амалга ошириш ва тўғри парвариш. Шу уч омил ҳар қандай касалликда беморни нохуш асоратлардан асрайди. Мазкур қоида болаларда учрайдиган ортопедик нуқсонларни бартараф этишда ҳам ғоят муҳимдир. Айниқса, маймоқлик хасталиги ҳақида сўз борганида унинг туғма шакли ортопедик хасталиклар орасида кўп учрайдиган ҳолат эканини алоҳида қайд этиш лозим.

Айтиш жоизки, ушбу хасталик диагностикаси мураккаб эмас. Агар болада туғма маймоқлик мавжуд бўлса, туғруқхонанинг ўзидаёқ илк аломатларни илғаш мумкин. Яъни малакали доялар чақалоқ оёқларининг тузилишидан келиб чиқиб, ортопед кўригини тавсия этишади.

Туғруқхонадан чиққач, роппа-роса бир ойдан сўнг болани ортопед-шифокорга олиб борган маъқул. Мутахассис маймоқликнинг тури ва даражасини аниқлаб, аввалига даволаш гимнастикаси ҳамда уқалаш машқларини тавсия этади. Шу тариқа болакайни гипс қўйишга босқичма-босқич тайёрлаб бориш лозим – дабдурустдан гипс қўйиш кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Ҳозирги кунда туғма маймоқлик нуқсонини бола она қорнида эканидаёқ аниқлаш имкони бор. Бунинг учун ҳомиладорликнинг бешинчи, олтинчи ойларида доплер текшируви ўтказилади. Ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар, хусусан, қўл-оёқ суяклари деформациясини билишда доплер текширувининг аҳамияти катта. Шуниси ҳам борки, патология маълум бўлгани билан асосий муолажа кичкинтой дунёга келгач бошланади. Туғилажак боладаги маймоқлик ташхисини эшитиб, ваҳимага тушмаслик керак. Чунки ушбу туғма нуқсон тўлиқ коррекция қилиниши мумкин бўлган хасталиклар сирасига киради.

Маймоқликнинг туғма шаклидан ташқари иккиламчи кўриниши ҳам мавжуд. Бу, асосан, неврологик касалликлар ва жароҳатдан кейинги нотўғри суяк битиши асоратидир. Маймоқлик ҳар икки ёки бир оёқда бўлиши мумкин. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, ҳатто икки томонлама маймоқликда ҳам болакай тўлиқ соғайиб кетади!
Даволаш гимнастикаси ва уқалаш муолажаларидан сўнг оёқ суяги гипс боғламини қўйишга тайёр ҳисобланиб, асосий муолажа бошланади. Аввалига гипс боғлами ҳар ҳафтада бир маротаба алмаштириб турилади. Баъзи болаларда гипс муолажаси бир-икки ой қўлланса, айрим беморлар учун олти-етти ой керак. Бу боланинг организми, касаллик даражаси ва қолаверса, ота-­онанинг парвариши, эътиборига боғлиқ. Гипс боғлами босқичма-босқич янгилаб борилаётган пайтда муолажанинг бирортасини ҳам кечиктириш, ўтказиб юбориш ярамайди. Бу даволаш самарадорлигини камайтириши тайин.
Авваллари гўдак бир ярим ёшга етгунига қадар гипс қўйилар, кутилган натижага эришилмаса, жарроҳлик амалиёти қўлланилар эди. Ҳозирги кунда эса ортопедиядаги замонавий даволаш услублари маймоқликнинг оператив даво чораларини анча эрта амалга ошириш имконини бермоқда. Оёқ пайини узайтириш, яъни ахилотопия бугун амалиётда юқори самара бераётганлиги фикримиз исботидир. Мазкур технологияни хасталикнинг оғир даражаларида ҳам қўллаш мумкин. Қисқа фурсатда бажариладиган амалиётдан сўнг боланинг оёқларига махсус пластмассадан ишланган шина тақилади. Шина олингач эса маймоқликни даволаш учун мўлжалланган махсус ортопедик пойабзаллар кийилади.

Ортопедик касалликларнинг деярли барча тури бирламчи ҳолатига қайтиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунга, шубҳасиз, муолажадан кейинги реабилитация чораларига қатъий амал қилмаслик сабабдир. Мисол учун, айрим ота-оналар боласининг оёғи тузалиб, юриб кетгач, ортопедик пойабзал кийдириш, уқалаш (ёки даволаш гимнастикаси) муолажаларини унутиб қўйишади. Чала даволаниш туфайли оёқ аввалги қолипига тушиб қолиши эҳтимоли кучлидир. Беморлар орасида такроран операцияга олиб келинганлар ҳам йўқ эмас. Амалиётдан сўнг оёқни текис ҳолатга мослаштириш учун физиомуолажа, парафин, сувли ванналар, электрофарез сингари реабилитация тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Йўқса, операция йўли билан чўзилган пай яна қисқариб, маймоқликни юзага келтираверади.

Айрим ортопедик касалликларда гўдакнинг эрта қадам ташлаши маън этилади. Маймоқлик эса бундан мустас­но. Мазкур хасталикда болакай қанча эрта қадам ташласа, шу қадар фойдалидир. Маймоқлик билан оғриган бола­лар, кўпинча, оёқнинг ён томони билан юра бошлашади, оёқ панжасини тўлиқ ерга босиш учун эса ҳаракатни чекламаслик керак. Келгусида маймоқлик билан туғилган бола спортнинг ҳар қайси тури билан шуғулланиши мумкин. Жисмоний фаолликка қанчалик кўп эътибор берилса, мушак ва бўғимлар шу қадар мустаҳкамланиб бораверади.

Маймоқлик уч асосий белгига кўра тасдиқланади: супинация – оёқ панжасининг ўз ўқи атрофида айланиши, эквинус – оёқ панжасининг пастга тушиши ҳамда оёқ олд қисмининг ичкарига томон бурилиши. Мана шу аломатлар биргаликда намоён бўлсагина маймоқлик ташхиси қўйилади. Оёқни ичкари тарафга буриб қадам ташлаш боладаги рахит аломати ёхуд тизза, сон-чаноқ патологиясидан дарак бўлиши мумкин.

Замир КИМСАНОВ,

Яна ўқинг:  Оламни асраш –одамни асраш

ортопед-шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: