Танганинг орқа томонини ҳам эсдан чиқармайлик

Инсон саломатлигига барча замонларда ҳам энг муҳим вазифа сифатида қаралиб келинган. Чунки одамлар соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Соғлом жамиятдагина ривожланиш, ўсиш бўлади. Албатта, соғлом бўлиш аввало инсоннинг ўзига боғлиқ.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, аҳоли саломатлигининг атиги 10 фоизи тиббиёт ходимларига боғлиқ бўлса, қолган 90 фоизига профилактика орқали эришилар экан. Шу маънода, инсон жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлиши учун энг аввало қарашларини ўзгартириши шарт. Хусусан, соғлигимиз ҳақида ўзимиз қайғуришимиз лозим. Яъни тиббий маданиятимизни оширмас эканмиз, давлатнинг ҳам, шифокорларнинг ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлари бесамар бўлаверади. Ҳакимларимиз таъкидлаганларидек, бугун соғлигимиз ҳақида қайғурмасак, эртага касаллигимиз ҳақида қайғурамиз.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўтказилган соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бағишланган видеоселекторда бугунгача тиббиёт тизимида мавжуд бўлган муммоларнинг келиб чиқишида оилавий поликлиникалардаги хизмат кўрсатишнинг тўғри йўлга қўйилмагани асосий сабаб сифатида кўрсатилди. Натижада аҳоли тўғридан-тўғри марказий поликлиника ёки шифокорларга мурожаат қилмоқда ва тор доирадаги тиббиёт ходимларининг асосий вақти маслаҳат бериш билан ўтмоқда.

Ҳудудлардаги поликлиникаларда мутахассислар деярли етишмайди. Барча учун бир нафар шифокор ва ҳамшира хизмат кўрсатади. Ҳатто мутахассислиги тўғри келмаса-да, аёллар, эркаклар, энг қизиғи, болалар учун ҳам бир шифокор маслаҳат беради. Албатта, бу аҳолининг норозилиги, тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пасайишига олиб келадиган жиддий муаммодир. Яна бир жиҳат, марказий поликлиникаларда ҳам ҳалигача одамлар турнақатор нав­батда турадилар. Хусусийлардаги каби электрон навбат жорий қилинмас экан, навбат кутиш билан боғлиқ муаммо муаммолигича қолаверади.

Бугунги кунгача мавжуд муаммоларнинг барчасига тиббиёт тизимининг қуйи бўғинида аниқ ваколат ва мажбуриятларнинг белгиланмагани, фаолияти назоратга олинмагани сабаб бўлмоқда. Натижада бирламчи бўғин томонидан олдини олиш мумкин бўлган айрим касалликлар тобора хуруж олмоқда.
Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, респуб­лика бўйича бир йилда 23 минг бемор гипертония, 7 минг нафари инфаркт, 5 минг киши қандли диабет ва 3,6 минг шахс инсултдан вафот этган. Бу эса бирламчи тиббий хизмат, яъни касалликнинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш чоралари кўрилмаганидан далолат беради.

Яна ўқинг:  Шуҳрат Арслонов – йилнинг энг яхши курашчиси

Афсуски, аксарият ҳудудларда тиббиётнинг қуйи бўғини эмлаш вақтида ёки тиббий маълумотнома керак бўлгандагина борлиги билиняпти, холос. Бириктирилган ҳудуддаги аҳолининг умумий ҳолати, касалликлар турлари ва сони бўйича ҳеч қандай маълумот юритилмайди. Энг ёмони, давлатга тегишли тиббиёт муассасаларида бепул хизмат кўрсатиш қатъий белгиланган бўлишига қарамай, очиқчасига пуллик хизмат кўрсатишга ўтиб олинган. Мана аҳолининг норозилигини келтириб чиқарадиган, муаммолар авж олишига сабаб бўладиган, касалликлар кўпайишига имкон берадиган омиллар.

Албатта, танганинг фақатгина бир томонига ишлов бериш билан унинг жилосини узоқ вақт сақлаб бўлмайди. Шу жиҳатдан қараганда, аҳолининг тиббий маданияти ҳақида гапиришдан олдин тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини ҳам ошириш лозим бўлади.

Назир СОБИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: