Олтин давр остонасида
Мустақил ҳаёт сари қадам қўйган ҳар бир йигит-қиз эзгу мақсадларни кўзлаб олға интилади. Юксак билим ва савияга эга бўлиш ёшларимизнинг эзгу мақсадларига айланган десак асло муболаға эмас.
Жорий йилда олий ўқув юртларига 480407 нафар абитуриент ҳужжат топширганлиги буни исботлаб турибди. Бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 48390 нафардан кўп абитуриент ҳужжат топширганлигини англатади. Яратилган шарт-шароитлардан тўлақонли фойдаланиб, тинимсиз ўқиб изланган ёшлар албатта тест синовларини муваффақиятли топшириб, талаба деган шарафли номга муяссар бўлишади.
Бу борада Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2006-2007 ўқув йилидан бошлаб вилоятлар кесимида «Хотин-қизлар спортини ривожлантириш йўналиши»да қабул ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад хотин-қизлар спортини ривожлантириш, улар саломатлигини яхшилаш баробарида соғлом онадан соғлом бола дунёга келишини таъминлаш, уларнинг улғайиши, тарбия топиши ва пировард натижада миллат генофондини яхшилашдан иборат. 2006-2007 ўқув йилида мазкур йўналиш бўйича 220 нафар қизлар талабаликка қабул қилинган бўлса, 2011-2012 ўқув йилида улар сони 260 нафарга етган. Ўтган ўқув йилида ушбу йўналиш бўйича ўқиш истагида бўлган 1433 нафар абитуриент қизлар ариза топширганининг ўзиёқ хотин-қизларнинг спортга бўлган иштиёқи кундан-кунга ортиб бораётганини кўрсатиб турибди.
– Ҳар йили вилоятларда хотин-қизлардан мазкур йўналиш бўйича тест синовлари олинар эди. Жорий йилдан бошлаб бу синовлар тўғридан-тўғри институтнинг ўзида ўтказиладиган бўлди. Бу йил мазкур йўналиш бўйича 260 нафар талаба қабул қилинади. Бадиий гимнастика, қўл тўпи, волейбол, баскетбол каби спорт йўналишида етук мутахассислар тайёрлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз, — дейди Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти маънавий-ахлоқий ишлар бўйича проректори Нодир Ғаффоров. Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ушбу йўналишда таҳсил олган талабалардан Зулфия Карабаева Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритган бўлса, 6 нафар иқтидорли қизлар Ибн Сино номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлишган. 100 нафардан зиёди кўп карра Ўзбекистон чемпиони, 300 нафардан зиёд қиз спорт устаси, 30 нафардан кўп талаба халқаро тоифадаги спорт устаси ва кўплаб Осиё ўйинлари ғолиби саналади. Хотин-қизлар спорти йўналишини битириб, мураббий сифатида фаолият кўрсатаётган талабаларимиз кўмагида ҳудудларда ёшлар ўртасида бадиий гимнастика, сузиш, қўл тўпи, енгил атлетика каби спорт турларига бўлган қизиқиш анча ортди. Айни вақтда мазкур йўналишда таҳсил олаётган 1050 нафар талаба-қизлар ўқиш ва жамоат ишларида фаол иштирок этмоқда.
Ж.ҲАЙДАРОВА