Она сути бола руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатади(ми?)

Она билан бола ўртасидаги ўзаро алоқа ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидан бошланади. Буни тиббиётда «она – йўлдош – ҳомила» мулоқот тизими шаклида тушунтирилади. Гўдак олти ойликкача қўшимча озуқаларсиз фақат она сути билан эмизиб боқилиши зарур.

Фарзанд дунёга келгач эса бу мулоқот «она – кўкрак сути – бола» тариқасида давом этади.

Буюк бобоколонимиз Абу Али ибн Сино она сутини қуёш нурига қиёс қилади. Бежиз эмаски ер юзидаги барча тирик мавжудот билан ўсимликлар дунёси учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган бола учун она сути шунчалик муҳим ҳисобланади.

Она сутида болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммал даражада мавжуд. Она сути суюқ, енгил ҳазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроб­лардан холи тайёр озуқадир. Бу сут таркибида 100дан зиёд керакли озиқ моддалар бўлиб, фақат миқдор жиҳатидан бола эҳтиёжини қопламай, сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёши ва соғлигига мос келади. Оқсил, ёғ, углеводлар она сутида тузилишига кўра енгил ҳазм бўладиган бўлса, таркибига нисбатан гўдак тўқимасига яқин бўлади ва унинг эҳтиёжини тўлиқ қоплайди. Сигир сути таркибидаги оқсил миқдорига қараганда она сутидаги оқсил миқдори 2-2,5 маротаба кам бўлишига қарамай, жуда кўп миқдорда алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталар сақлайди. Шунингдек, она сутида гўдакнинг ақлий салоҳиятига ижобий таъсир этувчи тоуринг моддаси ва асабларни ўстирувчи моддалар ҳам бўлади.

Углеводлар энергия манбаи бўлиши билан бирга боланинг ичак микрофлорасини яхшилайди. Она сутидаги минерал моддалар ва витаминлар ўсаётган бола эҳтиёжига мос келади. Оғиз сути бу янги туққан аёл кўкрагидан 1-1,5 кун ичида ажралиб чиқадиган сарғиш ва ширали, чўзилувчан суюқлик бўлиб, бола организми учун ўта фойдалидир.

Бу сут боланинг ичакларини тозалайди уни инфекциядан сақлайди ва иммуноглобулинга бой бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Оғиз сути биринчи эмлаш ўрнидан ҳам ўтади. Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддалар – антителоларга бой бўлади. Яъни, у болада иммунитет тизимининг шаклланишида қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди.

Кўкрак сути таркибидаги лактоферин эса бир томондан темир моддасининг яхши сингишини таъминласа, иккинчи томонидан турли микроблар ўсишини тўхтатади.

Чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатади. Эмизиб боқилган гўдакларда ҳаракатчанлик, сезувчанлик, сунъий сутли аралашмалар билан боқилган болаларга қараганда барвақт бошланади. Кўкрак сути эмган бола анча вақтгача тетик, очликка чидамли бўлади. У барвақт онани таний бошлайди ва унга интилади. Бу болада илк меҳр куртакларини уйғотади. Гўдакларни икки ёшгача эмизиб боқиш зарур. Шунда улар ҳар томонлама соғлом ва бақувват бўлади. Яна эмизиб боқиш оналарда туғруқлар оралиғининг сақланишида ҳам муҳимдир.

Яна ўқинг:  ҚАБЗИЯТ ВА ИЧАК ДИСКИНЕЗИЯСИДА ПАРҲЕЗ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: