Ўзбегимнинг ўзлигисан, буюк тилим!

Она тилим, онам айтган аллам ўзинг,
Тўйлардаги ёр-ёрлар-у яллам ўзинг,
Юракларга жон бағишлар ширин сўзинг,
Меҳрибоним – онамдайин суюк тилим,
Ўзбегимнинг ўзлигисан, буюк тилим!

Боболарим дўмбирасин қўлга олиб,
Алпомиш-у Гўрўғлини эсга солиб,
Куйлай кетса, кенг жаҳонни лол қолдириб,
Бахши бобом достонидай суюк тилим,
Ўзбегимнинг ўзлигисан, буюк тилим!

Сен – ўғилнинг онасига ёзган хати,
Қоғозларда қолиб кетган муҳаббати,
Қаро кўзлар дилидаги ҳақиқати,
Отам қилган дуодайин суюк тилим,
Ўзбегимнинг ўзлигисан, буюк тилим!

Қалб қувонар, сенга ашъор битган чоғим,
Минбарларда таърифингни айтган чоғим,
Кўз тегмасин, қадаб қўяй кўзмунчоғим,
Навоийнинг қаламидай суюк тилим,
Ўзбегимнинг ўзлигисан, буюк тилим!

Наргиза СУЛТОНОВА

Яна ўқинг:  Танбеҳ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: