Ҳар бир дарси санъат асари эди

Устозлар борки, улар илмидан таралмиш ёрқин шуъла не-не авлодлар ҳаёт йўлини ёритади. Устозлар борки, улар берган сабоқ ва ўгитлар дунёдан ўтганларидан кейин ҳам қалбларни эзгуликка ошно этишда давом этади. Илмда ўзидан улкан мактаб қолдирган Омонулла Мадаев ҳам ана шундай сабоқлари барҳаёт устоз эди.

Етук адабиётшунос олим Омонулла Мадаев ўлмас сабоқлари заминида бино қилган маҳобатли тарбия мактабида камол топганлар беҳисоб. Улар орасида мактаб ўқувчисидан тортиб кекса авлод вакилларигача бор. Таълим тизимининг қуйидан то олий босқичига қадар қамраб олган узоқ йиллик фаолияти давомида устоз ўргатган адаб илми, берган маънавият сабоқлари қанчадан-қанча зиёга интиқ қалбларда чин меҳр-муҳаббат, садоқат, инсонийлик туйғуларининг камол топишига ҳисса қўшди.


Менга ҳам устознинг улуғвор сабоқларидан баҳрамандлик бахти насиб етган. Ўзбекистон Миллий университетидаги илк дарс барча сабоқдошларим қатори мен учун ҳам унутилмас кун бўлган эди. Шу дамдан эътиборан она тилимиз, адабиётимиз жонкуяри, сўз санъати фидойисининг ҳар бир дарсини интиқ кутадиган бўлдик. Илк машғулотдаёқ биз билан кўп йиллик қадрдонлардек муносабатга киришган домланинг ҳар бир сўзи, маърифат нури таралаётган сабоқлари бизни буткул сеҳрли уммонга етаклади. Дарсга шунчаки кирган, эътиборсиз талаба ҳам кўп ўтмай устоз сабоқларининг чинакам шайдосига айланарди.

Бир қанча китобини мактаб, лицей ўқувчилари, олий таълим талабаларига тақдим этган устоз бутун ҳаёти давомида юксак мавқега садоқатини намоён етиб яшади. Умри сўнггида нашр юзини кўрган «Навоий суҳбатлари» асарини ўқиб, кўп йиллар давомида қалби тубидаги истакларини ишонч билан қаламга олганига гувоҳ бўлдим. «Университетда муҳрланган лаҳзалар» деб номланган китоб адабиётшунос, фолклоршунос олим, ўзбек педагогикаси соҳасига салмоқли ҳисса қўшган инсон Омонулла Мадаев муаллифлигида ёзилган. Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг юз йиллик юбилейи олдидан университет тарихи, ундаги илмий, педагогик, миллий ўзликни англаш йўлидаги том маънодаги кураш жараёнининг ноёб лаҳзалари, реал ҳаёт воқелиги акс этган.

Устозимиз ўрик гулларининг мафтуни эди. Ҳар йили ўрик гулга кирганда бир неча кунлаб йўқ бўлиб қолар, қайтгач таассуротлари билан ўртоқлашарди. Ҳамроҳ бўлганлар домламизнинг болажонлиги, ширинликлар сотиб олиб йўл-йўлакай болаларга улашиб келгани ҳақида ҳаяжон билан сўзлашарди.

Шундайлар борки, умри давомида ҳалол яшашга, яхши фарзандлар, оқибатли шогирдлар тарбиялашга, атроф­дагиларга яхшилик улашишга ҳаракат қилиб яшашади. Устозимиз Омонулла Мадаев ҳам шундай улуғ мақомга эга бўлган буюк инсон эди…

Феруза КАРИМОВА,

Яна ўқинг:  Barkamol avlod

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани

15-санаторий туридаги мактаб-интернат ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: