АСАБ СИСТЕМАСИ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Инсоннинг асаб системаси жуда мураккаб тузилишга эга. Асаб системасини, хусусан, бош мияни олимлар ҳанузгача ўрганиб келишмоқда ва бундан кейин ҳам уни ўрганиш тўхтамайди. Образли қилиб айтганда, энг кўп ўрганилган ҳам бош мия, энг кам ўрганилган ҳам бош мия! Қуйида асаб системаси ва руҳиятга оид қатор маълумотларни келтириб ўтамиз.

Бош мия катта ярим шарлари
қандай тузилган?

Бош мия 2 та – ўнг ва чап ярим шардан иборат. Унинг чап ярим шарида нутқ марказлари жойлашган. Шунинг учун ҳам бош миянинг чап ярим шарида сўз билан боғлиқ барча тафаккур операциялари бажарилади. Бош миянинг ўнг ярим шари объектларнинг фазовий жойлашувини таҳлил қилиш учун жавоб беради. Масалан, атроф-муҳитдаги уйлар, дарахтлар, машиналар, ҳайкаллар ва борингки, ҳар қандай шаклга эга бўлган объектларнинг шакл-шамойилини таҳлил қилади. Демак, бош миянинг ўнг ярим шари дунёни сўз иштирокисиз идрок этади ва бу ерда кўриш анализаторининг аҳамияти катта.
Чап ярим шар эса сўз билан ифодаланган маълумотларни идрок этади. Образли қилиб айтганда, чап ярим шар асосан сўз билан, ўнг ярим шар эса кўз билан дунёни англайди. Бу уйғунлик сақланган бўлса, инсоннинг хотираси ҳам мустаҳкам бўлади.
Сиз кўраётган геометрик шаклларни қабул қилиб олиш ҳам ўнг ярим шарнинг вазифаси. Лекин ҳар қандай фазовий жисмлар ёки геометрик шаклларни сўз билан ифодалаб бериш талаб қилинса, бу ерда чап ярим шар ёрдамга келади. Демак, чап ярим шарнинг тили бор.
Бироқ ҳозир мен келтириб ўтган маълумотлар ўнақайлар учун хос. Чапақайларда эса нутқ марказлари бош миянинг ўнг ярим шарида жойлашган. Демак, чапақайларда чап ярим шар бажарадиган аксарият функциялар ўнг ярим шар зиммасига юклатилган.
Бундан ташқари, амбидекстрлар, яъни олий руҳий функцияларни бажаришда миянинг иккала ярим шари бир хилда иштирок этадиганлар ҳам бор. Бундайлар иккала қўли билан ҳам бир хил ишлай оладиган кишилардир. Бироқ бу дегани иккала қўли билан ҳам ёза олади дегани эмас. Масалан, амбидекстр ёзганда қаламни ўнг қўлига олса, нон кесганда чап қўлини ишлатади. «Тоза» чапақайлар 10-15 фоиз атрофида. Амбидекстрларда нутқ функциясини бажаришда бош миянинг иккала ярим шари ҳам иштирок этади. Шунинг учун амбидекстрларда инсульт сабабли нутқ бузилса, у тез тикланади.

Нейрон нима?

Нерв ҳужайралари нейрон деб аталади. Барча аъзолар ҳужайралардан ташкил топгани каби, нерв системаси ҳам ҳужайралардан иборат.
Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида 14 миллиард ҳужайра, яъни нейрон бор. Нейронлар ҳар хил тузилишга эга. Нейрон танаси кулранг, ундан чиқувчи толалар эса оқ рангда бўлади. Нейроннинг битта узун толасига аксон деб айтилади. Аксон орқали нейрон танасидан импульс­лар бошқа нейронларга ва тўқималарга узатилади. Нейрондаги бошқа бир қанча ўсиқчалар эса дендрит дейилади. Дендритлар нейронга импульслар олиб келувчи толалардир. Бош мия­нинг пўстлоқ қисми кулранг тусда бўлади. Пўстлоқда инсоннинг барча фаолиятини бошқарувчи марказлар жойлашган. Булар ҳаракат, сезги, нутқ, кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш каби марказлар. Улар анализатор номи билан ҳам юритилади. Бошқа нейронлардан фарқли ўлароқ, пўстлоқ нейронларининг ақли бор! Демоқчиманки, улар нафақат ҳаракат ва сезги, балки ақлий фаолиятда ҳам иштирок этади. Шунинг учун ҳам инсоннинг бош мияси зарарланса, ақлий фаолият ҳам бузилади. Орқа мия ёки периферик нервлар зарарланса, ақлий фаолият ўзгармайди.

Анализатор нима?

Анализатор деганда, ташқи маълумотларни қабул қилувчи, қайта ишловчи ва жавоб реакциясини сақловчи нерв тузилмалари тушунилади. Нерв системасида кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, умумий сезги, ҳаракат ва нутқ анализаторлари фарқ қилинади.


Анализаторлар маркази бош мия пўстлоғининг турли соҳаларида жойлашган. Масалан, кўриш анализатори энса, эшитиш анализатори чакка, ҳаракат анализатори пешона, сезги анализатори тепа бўлагида, нутқ анализаторлари эса чакка ва пешона бўлакларида жойлашган. Агар нутқ анализатори зарарланса, нутқ бузилади, ҳаракат анализатори зарарланса, фалажлик ривожланади, эшитиш анализатори зарарланса, инсон эшитмайдиган бўлиб қолади ва ҳоказо.

Бош миянинг ичида
нима жойлашган?

Яна ўқинг:  Безовталик ўсмирларнинг соғлигини мустаҳкамлайди

Бош мия пўстлоғини нейронлардан иборат дедик. Уларнинг толалари бош миянинг ички қисмини ташкил қилади. Нейрон танаси кулранг тусга эга бўлса, унинг толалари оқ рангга эга. Нейрон толалари орқали импульслар ўтказиб турилади. Бироқ бош миянинг қоқ ўртасида экстрапирамидал система деб аталмиш тузилмалар мавжудки, улар ҳам инсон ҳаракати фаолиятини бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Бу тузилмалар пўстлоғости ядролари деб аталади.


Улар ҳам кулранг тусда бўлади. Бу йирик ядролар миллионлаб нейронлардан иборат. Уларда ҳаракат фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор медиаторлар ишлаб чиқарилади. Буларнинг ичида дофамин моддаси ўта аҳамиятлидир. Агар дофамин моддаси етарли даражада ишлаб чиқарилмаса, Паркинсон касаллиги ривож­ланади. Миянинг ички қисмида жойлашган бу тузилмалар инсон ҳис-туйғуларини белгилаб беришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Образли қилиб айтганда, бош мия пўстлоғи ақл-заковат, миянинг ички тузилмалари эса ҳиссиёт учун масъулдир.

Мияча қандай
вазифани бажаради?

Мияча калла суягининг орқа энса чуқурчасида жойлашган бўлиб, унинг асосий вазифаси тана мувозанатини бошқаришдир. Мияча ҳам худди бош мия ярим шарлари каби иккита ярим шардан иборат. Уни катта миянинг кичик укаси ҳам дейишади. Миячанинг иккала ярим шари бир-бири билан бирлашган. Уларнинг бирлашган бу қисми чувалчанг деб аталади. Чунки у чувалчанг шаклига эга. Мияча ҳам худди бош мия катта ярим шарлари каби ташқи томондан пўстлоқ билан қопланган ва кулранг тусга эга. Мия­чанинг пўстлоқ нейронларидан чиқувчи нерв толалари унинг оқ моддасини ҳосил қилишда иштирок этади. Миячанинг оқ моддаси ичида жойлашган кулранг тусдаги тузилмалар мияча ядролари деб айтилади. Улар 4 жуфт бўлиб, тана мувозанати ва ҳаракатлар координациясини бошқаришда бевосита иштирок этишади.
Тана мувозанати деганда, мияча фақат тўғри юриш учун жавоб бераркан деб ўйламанг. Мияча зарарланганда оёқ-қўлларда фалажликлар бўлмаса-да, одамнинг бир маромдаги ҳаракат фаолияти издан чиқади. Чунки қоғозга оддий нуқтани қўйишдан тортиб, то инсон бажарадиган энг мураккаб йирик ишлар ҳам (масалан, самолётни бошқариш) мияча иштирокисиз амалга ошмайди. Бизнинг ҳуснихатимиз чиройлилиги, равон гапиришимиз, овқатланаётганда қошиқни бемалол оғзимизга олиб келишимиз, қулфга калитни тиқиб бемалол очишимиз, чойнак-пиёлаларни чиройли қилиб тахлаб қўйишимиз, геометрик фигуралар чизишимиз, борингки, мушак­лар иштирокида бажариладиган ҳар бир ҳаракат мияча иштирокида бажарилади.


Мияча зарарланса нима бўлади? Маст одамнинг гандираклаб юришини албатта кўргансиз. Мияча зарарланса, одам худди маст одамдек гандираклаб юради, ғўлдираб гапиради ва ҳатто исмини ҳам ёза олмайди. Унинг қўлидан нарсалар тушиб кетаверади, эшик қулфига калитни тўғри тиқа олмайди, пиёладаги чойни оғзига олиб кела олмай тўкиб юборади, тугмасини тақа олмайди ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам мияча ҳаракат фаолиятини координация қилади деб айтамиз. Бироқ мияча зарарланса, одам маст кишига ўхшаб ақлини йўқотмайди. Чунки миячада ақл марказлари жойлашмаган.

Орқа мия қандай тузилган?

Орқа мия умуртқа канали ичида жойлашган. Унинг узунлиги ўртача 42-44 см.га тенг. Йўғонлиги 2 см. атрофида! Орқа мия йўғонлиги ҳар кимнинг бош бармоғи йўғонлиги қандай бўлса, унинг орқа мияси йўғонлиги ҳам шундай ёки сал катта. Инсоннинг қўл ва оёқлари билан бажариладиган барча хатти-ҳаракатларини амалга оширишда ушбу ингичка орқа миянинг ўрни беқиёс.
Қўл-оёқлар ва танамизга кўрсатилган ҳар қандай яхши ва ёмон сигналлар дастлаб орқа мияга боради. У ердан эса бош мияга узатилади. Масалан, биз қўлимизни бехосдан қайноқ нарсага тегизсак, ўйлаб ўтирмасдан уни дарров тортиб оламиз. Бу реакция бир сонияга ҳам етмайди. Чунки нерв толалари бўйлаб импульс бир сония­да 50-60 м. тезликда ҳаракатланади. Сизнинг қўлингиз неча см.? Энди у ёғини ўзингиз ҳисоб­лайверинг. Тиззага неврологик болғача билан урганда оёқ қисқаришини ҳаммамиз биламиз. Рефлекс – бу турли ташқи таъсирларга организм­нинг жавоб реакцияси дегани.
Рефлекс қандай пайдо бўлади? Ташқи сигнал терида жойлашган рецепторлар орқали қабул қилинади ва сезги толалари бўйлаб орқа мияга етиб келади. Бу ерда сезги импульслари ҳаракат импульсларига айланади. Ҳаракат импульслари ҳаракат толалари бўйлаб қўллардаги мускулларга етиб келади ва Сиз қўлингизни дарров тортиб оласиз. Инсоннинг барча фаолияти рефлектор фаолиятдир. Буни исботлаб берган Павлов ­Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Яна ўқинг:  Янги дастур қулоқ инфекцияларини аниқлайди

Асаб системаси ички аъзоларни қандай бошқаради?

Организмда ҳеч қандай аъзо ёки тўқима йўқки, асаб системасининг иштироки бўлмаса. Шунинг учун ҳам халқ орасида «Барча касалликлар асабдан» деган нақл бор. Бунинг тагида катта маъно ётибди. Асаб системаси организмнинг барча фаолиятини бошқаради ва назорат қилиб туради. Бирор бир жараён асаб системасининг иштирокисиз кечмайди. Кўз ёши оқиши, сўлак ажралиши, қон томирларда қон юриши, терлаш, сийдик ажралиб чиқиши каби ҳар қандай функция­лар асаб системасининг бевосита иштироки ва назоратида рўй беради.
Асаб системасининг ички аъзолар фаолиятини бошқарадиган қисмига вегетатив асаб сис­темаси деб айтилади. Вегетатив асаб системаси симпатик ва парасимпатик нерв системаларига ажратилади. Буларнинг иккаласи биргаликда ички аъзолар фаолиятини бошқариб туради.

Гипоталамус ва гипофиз

Гипоталамус – барча ички аъзолар ва системалар фаолиятини бевосита бошқарадиган мия тузилмаси. Образли қилиб айтганда, бош мия инсон организмини ақл билан бошқарса, гипоталамус уларни гормонлар ёрдамида бошқаради. Гипоталамус тана ҳарорати, артериал қон босими, ҳиссиёт, моддалар алмашинуви, яъни оқсил, ёғ, углевод, сув ва электролитлар алмашинуви учун жавоб беради. Бирорта ички аъзо ва системанинг фаолияти гипоталамус иштирокисиз рўй бермайди. Гипоталамус ҳам ўз вақтида унга яқин жойлашган гипофиз билан биргаликда фаолият кўрсатади. Гипофизда инсон организми учун ўта муҳим бўлган гормонлар ишлаб чиқарилади.

Бу гормонлар аҳамияти шу даражада каттаки, улар керагидан ортиқча ёки кам ишлаб чиқарилса, ҳатто тана шакли ҳам ўзгариб кетади. Сиз, албатта, бу ҳақда эшитгансиз. Агар боланинг бўйи ўсмай қолса, унда гипофиз гормонларини текшириш керак деб юришади. Чунки соматотроп деб аталмиш гормон етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаса, боланинг бўйи ўсмай қолади. Бунга нанизм деб айтилади. Аксинча, бу гормон ортиқча ишлаб чиқарила бошласа, бола тез ўсиб кетади, юз ва тана хунук тарзда катталашади. Бу ҳолатни акромегалия деб аташади.

Мия пардалари қандай вазифани бажаради? Ликвор нима?

Бош мия ҳам, орқа мия ҳам 3 та парда билан қопланган. Булар – қаттиқ, ўргимчак тўрисимон ва юмшоқ пардалар. Қаттиқ парда калла суягига яқин жойлашган, унинг тагида ўргимчак тўрисимон парда, ундан пастда эса юмшоқ парда жойлашган.
Юмшоқ парда майда қон томирларга бой бўлиб, мияга ёпишиб туради. Худди пиёз каби юмшоқ ва силлиқ қават бўлгандай. Юмшоқ парда ҳам худди шундай мияга тегиб туради. Ўргимчак тўрисимон парда билан юмшоқ парда орасида бўшлиқ бор. Бу бўшлиқда ликвор, яъни мия суюқлиги оқади. Мия пардалари ва ликвор марказий асаб системаси учун муҳим ҳимоя вазифасини бажаради. Бир кунда мия қоринчаларида жойлашган тўрсимон чигаллар орқали деярли 450 мл. ликвор ишлаб чиқарилади. Ликвор ҳар сония тинмасдан ишлаб чиқарилиб ва қайта сўрилиб туради. Турли касалликлар, айниқса, менингит, лептоменингит ва бош мия жароҳатларида ликвор ишлаб чиқарилиши кучайиб кетади ва миянинг ички босими ошади. Болаларда эса гидроцефалия ривожланади. Бош мия ичида суюқликнинг кескин кўпайиб кетишига гидроцефалия деб айтилади. Агар ёш болада гидроцефалия ривожланса, унинг боши катталашиб кетади. Буни МРТ текширувини ўтказиб, аниқлаб олиш зарур.

Бола нега сийиб қўяди?

Сийдик ажралиб чиқарилишини ҳам асаб сис­темаси назорат қилади. Шу ерда тунги энурез, яъни тунда бола нима учун сийиб қўйиши ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтмоқчи эдим. Бундай ҳолларда, одатда, ота-оналар фақат уролог­га мурожаат қиладилар. Болани, авваломбор, невропатолог кўриши керак.
Тагига сийиб қўядиган болаларнинг ҳаммаси қотиб ухлайдиган бўлишади. Тунда ухлаб ётган боланинг қовуғи сийдикка тўлади ва бунинг натижасида қовуқнинг ички деворида жойлашган барорецепторлар (босимни сезувчи нерв ўсиқчалари) қўзғалади. Ушбу рецепторларда пайдо бўлган сигналлар орқа мияда жойлашган тос функцияларини назорат қилувчи марказга узатилади. Бу ерда сигналлар қайта ишланиб, бош мияга узатилади. Бош мияга сигнал етиб келгач, бола уйғониши керак. Чунки қўшимча равишда келган ҳар қандай сигнал бош мияда қўзғалиш ўчоғини ҳосил қилади ва бунинг натижасида ухлаб ётган одам уйғонади. Масалан, қаттиқ товуш эшитсангиз, бирор жойингиз оғриб қолса, соат жирингласа ёки ёмон туш кўрсангиз уйғониб кетишни бунга мисол қилиш мумкин.
Бироқ бола ухлаб ётаверади. Орқа мия эса бош миядан жавоб олмагунча унга «Болани уйғот» деб сигнал юбораверади. Бош мия эса ширин уйқуда! Буйрак эса сийдик ажратиб чиқариб, қовуқни тўлдириш билан овора. Қовуқ сийдикка тўлиб, янада катталашаверади. Барорецепторлар эса орқа мияга тинмай сигнал юбораверади. Орқа мия ҳам бу сигналларни ўша заҳоти тинмай бош мияга етказаверади. Энди бу SOS сигналига айланади! Бош мия эса ҳамон ширин уйқуда. У ҳеч қандай сигналларни қабул қилмаяпти. Ҳеч қандай иложи қолмаган орқа мия қовуқ билан «тил бириктириб», болани сийдириш ҳақида ўзлари «қарор қабул қилишади» ва ухлаб ётган бола тўшакка сийиб юборади. Қовуқ сийдикдан бўшаганлиги ҳақида орқа мияга яна сигнал юборади. Орқа мия бу сигнални яна бош мияга жўнатади. Энди бош мияга сигнал нафақат бўшаган қовуқдан, балки тўшакдаги сийдикка бўккан терида жойлашган рецепторлардан ҳам юборилади. Кетма-кет келиб турган сигналлардан бош мия уйғониб кетади. Бироқ энди кеч эди!
Агар энурез енгилроқ бўлса, бола тагига сийгандан кейин уйғониб кетади. Оғир кечувчи энурезларда бола тагига сийса ҳам ухлаб ётаверади. Бола фақат уйқуга тўйгач ёки онасининг бақир-чақири ва юмшоқ жойига теккан шапалоқдан уйғонади.

Хўш, тагига сиядиган боланинг қаттиқ ухлаш сабаби нимада? Ёки нима учун баъзи болаларда энурез бир неча йиллаб давом этади? Бола аслида узоғи билан 2-3 ёшдан кейин тагига сиймаслиги керак. Энурезнинг сабаблари кўп бўлиб, уларни умумлаштириб оладиган бўлсак, бош мия ва орқа мия тузилмаларининг функционал жиҳатдан яхши такомиллашмаганидир. Тагига сийиб қўядиган болаларда марказий асаб системасида қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари жуда суст ривожланган бўлади. Бош мия томондан сигналларнинг қабул қилинмаслиги ёки бу сигналларнинг бош мияда етарли даражада қўзғалиш ҳосил қила олмаслик сабаби ана шунда.


Энурез билан касалланган болаларнинг деярли барчасида неврастения белгилари аниқланади, улар ўта инжиқ бўлади. Аксарият болалар эса жисмоний нимжон ҳам бўлишади. Уларнинг ота-оналари ҳам ёшлигида энурездан азият чеккан бўлади.
Шаҳарлик ёки «дом»да яшайдиган болаларда энурез кўп учрайди. Чунки, улар тоза ҳавода кам бўлишади, жуда кўп вақтини телевизор ва компьютер экранлари олдида ўтказишади, қўл телефонларини кўп ўйнашади. Демак, энурезнинг олдини олишда ва ҳаттоки даволашда фаол жисмоний ҳаракатларнинг ўрни жуда катта. Шу ерда мунтазам равишда спорт билан шуғулланадиган болаларда энурез умуман учрамаслигини айтиб ўтмоқчи эдим.
Энурезни даволаш керакми? Баъзида энурезни масхус даволаш талаб қилинмайди. Бироқ болани албатта врачга кўрсатинг. Агар болангизда энурезга сабабчи бўлувчи жиддийроқ касаллик топилмаса, уни спорт тўгаракларига беринг. Ҳатто велосипед ҳайдайдиган ёки яхшигина футбол ўйнайдиган болаларда ҳам тагига сийиб қўйиш кам кузатилади ёки энурез йўқолиб кетади. Нима учун? Чунки югуриш ва велосипед ҳайдаш тос аъзолари фаолияти билан боғлиқ орқа мия­даги марказларнинг қўзғалувчанлик фаолиятини кучайтиради ва чиниқтиради.

Кўпинча мендан энурез билан хасталанган бола катта бўлганда жинсий заиф бўладими деб сўрашади. Йўқ! Бироқ бола ҳадеб тагига сияверса, унинг жинсий аъзолари шамоллаб қолиши мумкин. Болани албатта невропатологга кўрсатиб, даволатиш керак. Беморни қандай даволашни врач индивидуал тарзда ҳал қилади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

Яна ўқинг:  ОИВ ва ОИТС: соғлом ҳаёт учун огоҳлик!

“Асаб ва руҳият” илмий-тиббий маркази директори,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: