СТРЕСС – БУ НИМА ВА У БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?

Бахт онлари саёҳатнинг охирги бекати эмас – ўзи(ми?)

Ўз афзаллиги ва камчилигига эга оддий одамман. Ҳар куни барча каби турли даражали стрессларга учрайман. Атрофдаги воқеа­ларга таъсирланишни назорат қила бошлаганимдан сўнг ёмон кайфият ва ўзгаларга салбий муносабатим камайиб борди.

Аслида стресс – бу нима деган саволга жавоб излаб уни куч сарфлаш, сиқилиш, босим, тушкунлик деб ўзимча талқин этдим. Илмий тил билан айтганда, у одамни қўрқитган, ғазаб­лантирган ёки унга таҳдид қилган бирор нарсага тананинг жисмоний, руҳий, ҳиссий ва кимё­вий таъсирланиши деган қарорга келдим.

Кўп одамлар стрессни бартараф қилишга қаратилган ҳаракатларнинг амалга оширилмаслиги организмимиз ва руҳимизга қандай зарар келтиришини тушунади ва билади. Аслида стрессдан қутулиш осон, энг муҳими – истак. Оддийгина хоҳишнинг ўзи етарли эмас, бутун вужуд билан буни исташ керак. Ушбу ният ҳам онгда, ҳам онг остида, ҳаттоки мушакларда, яъни бутун танада ривожланиши лозим. Дангасалик ва ҳамма нарсани кейинга қолдириш одати даҳшатли оқибатларга олиб келади.

Биз оила қурганимиздан сўнг, фарзандлар туғилгач ҳаётимиз яхши бўлиб кетади, деб ўзимизни ўзимиз ишонтирамиз. Кейин болаларимиз у ёки бу ишни қилгани учун хафа бўламиз, каттароқ бўлганда ҳаммаси ўзгаради, деб ўйлаймиз. Кейин ўсмир бўлганда, муносабатлари бизга ёқмайди. Катта бўлганидан сўнг ҳаммаси жойига тушади, деб кўнгилга таскин берамиз. Хўш, биз қачон яшаймиз? Ахир ҳеч нарсага қарамасдан бахтли бўлиш тўғрисида қарор қабул қилишнинг ўзи етарли-ку. Демак, болалар туғилиши, катта бўлишини кутиш шарт эмас. Ҳар бир ондан мазмун аҳтариб бахтиёр яшашга интилиш лозим. Бахт онлари бебаҳо, у саёҳатнинг охирги бекати эмас, аслида саёҳатнинг ўзи.

Сабаблар нималарда кўринади?

Иш жойида бевосита меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда олинган ёки олинаётган стресс – касбий стресс деб аталади. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, мажбуриятлари билими, кўникма ва касбий маҳоратига мос келмайдиган, ҳамкасблари ва раҳбарияти томонидан шиддатли тазйиқ остида бўлган ҳамда кучи етмаса ҳам қийин вазиятга қарши чиқаётган ходимлар касбий стрессга дуч келади.

Стресс ҳолатига тушиш табиий бўлса-да, аммо у соғлиғимизга жисмонан ва манан салбий таъсир кўрсатади. Ишнинг самарадорлигини пасайтиради, бевосита ёки билвосита ташкилот мақсадларига эришиш харажатларини оширади. Шунинг учун раҳбар ходимларига ўзларини хотиржам ва дадил ҳис қиладиган иш шароитларини яратиши лозим.

Яна ўқинг:  Номи қандли, аммо азоби аччиқ

Бироқ стресс ижобий моҳиятга ҳам эга бўлиши мумкин, деган фикр ҳам мавжуд. Яъни мураккаб вазият туфайли келиб чиққан стресс барча кучларни уни ҳал этишга сафарбар этишга туртки бериши ва инсон ривожланишида янги босқич очиши мумкин.

Стресснинг турлари кўп бўлиб, ҳолдан тойиш ҳам, маънавий жароҳатланиш ҳам жуда оғир оқибатларга, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин. Кўпчилик холларда соғлиқ ёмонлашувининг асосий сабаби ишдаги беқарорликдан мунтазам равишда стресс ҳолатида бўлиш, ишни йўқотишдан қўрқиш, тегишли вазифаларни бажаришдаги қийинчиликларга дуч келиш, касбдошлар билан таранг муносабатларда бўлишликдир.

Организмга таъсири

Стресс уч даражада намоён бўлади – ақл, фикр, туйғулар. Аввал маълумот интеллектуал ишловдан ўтади (онг ва онг ости), сўнг туйғу пайдо бўлади (кучли ёки заиф) ва охирида бу жараёнлар жисмоний даражада мус­таҳкамланади.

Мушаклар кучланишини бартараф қилиш болаликдан барчага маълум: бармоқлар чарчаганда бироз силтаб, дам оламиз. Айрим мушаклар – бу сиқилган жағлар, таранг қорин, орқа мушаклари ҳеч қандай заруриятсиз таранг бўлиши мумкин. Таниқли немис психологи Курт Райх бу аҳволни «мушак совути» деб номлаган. У дам олишни билмаган, яъни стрессни бартараф қила олмайдиган одамларда пайдо бўлади. Мушак тарангланиши одамнинг маълум психологик муаммоларини акс эттириб, салбий ҳиссиёт ва амалга оширилмаган истаклар натижасида пайдо бўлган қолдиқ аломатлардир.

Бўйин ва бош соҳасида оғриқлар билан кузатиладиган остеохондроз, аксарият ҳолатларда мушак сиқилиши ҳисобига кенг тарқалган. Компьютер олдида ўтириб ишлайдиган одамлар сони кўпайиши билан беморлар сони кес­кин ўсди. Бошимизни қай ҳолатда ушлашимиз билан бутун организм иши боғлиқ. Бўйин иккита асосий асаб марказини бирлаштиради: бош мия ва орқа мия. Замонавий тиббиётда бундай формула мавжуд: «Бош мия ҳужайралари тирик бўлгунча одам тирик ҳисобланади». Бу мазмунда бошни тепа ушлашни тавсия қилган халқ заковати янги амалий маънога эга бўлади.

Гавдани тўғри тутиш эса барча ички аъзоларнинг ўзаро тўғри жойлашишини таъминлайди. Киши ўзини бошга илгак боғлангандек тасаввур этиши, илгакка арқон боғланиб, кимдир ушбу арқонни тепага тортаётгандек ҳис этиши лозим. Ҳар сафар букчайганда шуни ўйлаб танани тик тутса, бу яхши самара беради.

Яна ўқинг:  Кичкинтойнинг «тили чиқиши» кечикаяптими?

Кайфият қанчалик ижобий бўлса, шунчалик стрессга кам дучор бўламан, салбий ҳиссиёт эса – стресс гаровидир, деб ҳаракат қилиш лозим. Аслида ҳар куни салбий туйғуларга дуч келамиз. Масалан, кун жонга теккан будильник товушидан бошланади, сўнг оммавий транспортда йўл, синган пошна, ёмон об-ҳаво ва ҳоказо. Ва кўплаб одамлар ғазабланган аҳволни, яъни стресс ҳолатини ҳаёт қонуни сифатида қабул қилишади.

Инсон мияси ҳақиқий хавфни туюлган хавфдан ажратмайди, шунинг учун ҳар сафар вазият хавфли туюлганда, у ҳақиқий хавфга таъсирлангандай таъсирланади. Атрофдаги вазиятлар қанча кўп душманларча кўринса, шунча кўп вақт давомида организм жанговар тайёргарликда бўлади. Сурункали стресс – тўлиқ хавф вазиятида доимо бўлиш натижасидир.

Организмимиз мустаҳкам ва чидамли, у тикланишда катта имконият ва қобилиятларга эга, аммо бунинг учун онг аниқ ва тўғри ишлаши керак. Бошимизда бўлаётган барча жараёнлар, бизнинг фикрларимиз, тасаввуримиз ҳолатимизга таъсир кўрсатади, бу онгдан ташқари, автоматик режимда амалга оширилади.

«Ижобий визуаллаш» деб номланган техника мавжуд, у салбий туйғулардан қутулишга ёрдам беради. Бирор бир ёқимли воқеани, масалан, севимли одам қилган совғани эслаганимизда, бундай хотиралар таъсирида организм энг яхши туйғуларни эслайди ва бундан ўзини яхши сеза бошлайди.

Аксарият ҳолларда биз салбий ҳодисаларни эслаймиз. Масалан, раҳбар билан ёқимсиз суҳбатдан 2 соат ўтиб кетса-да, ҳамон ушбу вазият таъсири остида бўламиз ва натижада организм ҳам салбий ҳиссиёт остида бўлади.

Эслаганда кўз олдимизга келган тимсолларни кучайтириш ва стресс билан курашиш учун ишлатиш мумкин. Бундай пайтда ўриндиққа қулай аҳволда ўтиринг. Кўзингизни юминг, чуқур нафас олинг ва чиқаринг. Сиз ўзгартиришни истаган салбий вазиятни тасаввур қилинг. Уни яна бир бошдан кечиринг, ўшанда сезган барча нарсаларни эсланг.

Энди вазиятни ўзгартиринг. Унга бошқа ранг беринг. Ўзингизга керак йўналишга алмаштириб, ижобий натижага эришинг.

Яна бир бор чуқур нафас олинг. Кўзларни очинг ва табассум қилинг! Бир нарсани асло унутманг, яъни оптимист ҳар қандай қийинчиликда имкониятларни кўради, пессимист ҳар қандай имкониятда қийинчиликни топади!

Қарши кураш: нима қилмоқ жоиз?

Шифокорларнинг сўзларига қараганда, офис ходимларининг саломатлигига турли хил негатив омиллар салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу гиподинамия (мушак фаолиятининг етишмаслиги, мушаклар қисқариш кучининг камайиши), ҳаддан ортиқ ақлий зўриқиш, нотўғри овқатланиш ва уйқу етишмаслигидир. Натижада, жисмоний соғлиқнинг ёмонлашуви (бел ва бўйин мушак-скелет оғриқлари, кўришнинг ёмонлашиши, коронар юрак касаллиги, варикоз) ва «Эмоционал емирилиш»да намоён бўлган «Офис синдроми» ривожланиб боради. Касалликнинг охирги аломатларига ҳиссий ҳолатни бир хил даражада сақлай олмаслик, ўта чарчаш, ишга ҳамда ҳамкасблар билан мулоқот олиб боришга бефарқлик вужудга келиши киради.

Вазиятни холисона баҳолаш учун мунтазам равишда иш ва дам олишни янада яхшироқ ташкиллаштириб, вақти-вақти билан бир фаолиятдан бошқа фаолиятга ўтишга уриниб кўришимиз лозим. Яъни стрессни пайдо қилувчи омилларни мумкин қадар қисқартириш керак.

Стрессга қарши курашнинг «Симптоматик» усулларига таъсир давомийлиги чекланган дориларни ичиш киради. Асабийлашиш, хавотирланиш, уйқусизлик, ўта ҳиссиётларга берилувчанлик аломатларининг олдини оладиган дори воситалари билан даволаш неврологлар амалиётида олдиндан қўллаб келинмоқда. Дори касаллик симптомларини камайтириш билан бирга умумий иш самарадорлигини ҳам пасайтиради, уйқуга олиб келади. Фақатгина шифокоргина стресс билан курашишда самара берадиган, кундалик ҳаёт ритми ва ишдаги соғлом фаолиятни сақлаб қоладиган фойдали тўғри воситани тавсия қила олади.

Яна ўқинг:  Бола тарбиясида отанинг ўрни қандай?

Тоза ҳавода сайр қилиш, тўғри овқатланишга риоя қилиш, бир кунда камида саккиз соат ухлаш (уйқунинг камлиги организм ҳолати ва унинг ишчанлигига, ақлий фаолият ва руҳий соғлиққа таъсир қилади), ичкилик ва чекишдан воз кечиш, тоза ҳавода сайр килиш усулларини қўллаш жуда фойдалидир.

Бу каби кўрсатмаларга амал қилганингиздан кейин ҳам ишингиздан норозилик, шу билан боғлиқ асабийлашиш бўлса ёки аксинча лоқайд­лигингиз ошиб кетса, ўз турмуш тарзингизни мантиқан ўзгартирганингиз маъқул.

Нодира КАРИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: