«Қулоқчин»ли КИТОБ

ёхуд баъзи ёшларнинг «телефонпараст»лигидан ҳам мутолаага меҳр уйғотиш мақсадида фойдаланиш мумкин

Афсуски, бу ёшларнинг аксарияти смартфоннинг хотира картаси имкониятларидан фақатгина MP-3 форматда қўшиқ тинглаш ёхуд клип кўриш, сурат ва видеолавҳаларни сақлаб қўйиш учунгина фойдаланишади. Бу таъбир жоиз бўлса, атомнинг кучини ўтин ёришга сарфлаш билан баробардир.

Ваҳоланки, ўша миттигина «чип»да бутун бошли кутубхонанинг китобини (электрон вариантини) сақлаш мумкин. Илм-фан этагини тутган, мутолаанинг ҳаётдаги аҳамиятини теран анг­лаган ёшларимиз учун қўлларидаги мўъжазгина смартфон шунчаки кўнгилхушлик воситаси эмас, балки керак бўлганида дарслик, қўлланма, справочник, луғат, энцик­лопедия, тест тўпламлари, кўргазмали қурол, глобус, харита… – хуллас онгу тафаккурини бойитиш манбаига айлана олади.

Энди бир тасаввур қилинг. Хонадонингизда томорқа юмушлари билан машғулсиз. Айтайлик, ер ағдаряпсиз. Ёхуд уй таъмирлаяпсиз. Ғишт тер­япсиз, бўёқ билан ишлаяпсиз. Ё далада пахта тер­япсиз. Ёки поездда йўл танобини тортиб кет­япсиз… Шундай шароитда юмушингиздан чалғимасдан туриб, мутолаа билан шуғулланишингиз мумкинми? Албатта, мумкин. Ҳам ишингиз тўхтаб қолмайди, ҳам ўзингиз ёқтирган китоб билан йўл-йўлакай танишаверасиз.  Энг муҳими, вақтингиз тежалади.

Ҳатто кетмон чопиб туриб ҳам  истасангиз – Навоий ё Қодирий, истасангиз – Толс­той ёхуд Хемингуэйни бемалол «хатм» этишингиз мумкин. Ёки спорт билан шуғуллана туриб, тест синовларига тайёргарлик кўриш имконига эга бўласиз. Бу, айниқса, ўқиганидан кўра эшитгани тез ёдида қоладиганлар учун кони фойда. 

Сир эмас, бугунги кунда кўпгина ёшларнинг замонавий қурилмалар (смартфонлар, планшетлар)га ружу қўйиши китобга бўлган меҳри пасайиб боришига сабаб бўлмоқда. Янги китоблар нархининг бироз қимматлиги ҳам юқорида айтиб ўтилган муаммо сабабларидан биридир.

– «Халақит берган одамнинг ўзи ёрдам беради бизга», деган ибора бор машҳур фильмларимиздан бирида, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаси Соҳибжон Норқобилов. – Яъни тенгдошларимизнинг «телефонпараст»лигидан ҳам мутолаага меҳр уйғотиш мақсадида фойдаланишимиз мумкин. Фикримча, дарслик, қўлланма ёки бадиий бўлсин – барча турдаги китобларни аудио шаклга ўтказиш ва уларни ўқувчи-ёшларга тарқатиш китобхонлар аудиторияси кенгайишига олиб келади.

Бу борада бир лойиҳага қўл урдим. Келгусида қишлоқ гузарида ташкил этиладиган  шахсий китоб дўконим қошида «Китоб эшитамиз» мультимедиа-аудио марказини ташкил қилиш мақсадида изланишлар олиб боряпман. Ҳозирча фондда мавжуд китоб­ларнинг аудиовариантларини ташкил қилиш ва флеш-хотираларга жойлаштириб, савдога чиқариш ниятидаман.

Яна ўқинг:  Онлайн режимда дори излаш тизими ишга тушади

Соҳибжон таклиф этаётган лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, аудиокитобларнинг бир нечтаси замонавий қурилмаларнинг флеш-хотираларига махсус алгоритмлар ёрдамида шифрланиб, жойлаштирилади. Кўчириш ва кўпайтириш имкониятлари чекланади, натижада тингловчилар фақат китобни эшитишлари мумкин. Устига бошқа аудиоёзувлар, масалан, мусиқа ёки клипларни ёзиш имкони йўқ.

Дарвоқе, аудиокитобдан фойдаланадиган китобхонларни, кўпинча, битта муаммо қийин вазиятга солиб қўяди. Босма китобни ўқиётганлар тўхтаб қолган саҳифаларига хатчўп қўйиб ёки шунчаки қўполгина тарзда саҳифани буклаб қўйиб, кейин яна мутолаани ўша жойдан давом эттиришлари мумкин. Аудиокитобларда эса келиб қолган жойингизни излаб овора бўласиз ёки яна бошидан тинг­лашингизга тўғри келади. Қаҳрамонимиз бу муаммога ҳам барҳам беришни мақсад қилган. У таклиф этаётган  аудиокитобларда тўхтаб қолинган жойни осонгина топиш имкони мавжуд бўлади.

Яна бир муаммо. Интернет орқали юклаб олиш таклиф этилаётган аудиокитобларнинг айримлари маҳоратли сухандонлар, актёр ва актрисалар томонидан ифодали, образли, аниқ-тиниқ ва равон тарзда ўқилган. Айниқса, таниқли сухандон Қодир Махсумов томонидан мусиқа фонида ўқилган мумтоз ғазаллар ёки Афзал Рафиқов, ­Боир­­ Холмирзаев, Дилмурод Узоқов сингари машҳур санъаткорларимиз ижросидаги овозли китоблар ёхуд машҳур асарлар асосида саҳналаштирилган  радиоспектакллар кишини беихтиёр мутолаанинг сеҳрли оламига етаклайди. Бироқ интернетда шундай «аудиокитоб»лар ҳам борки, уни яратганлар гўё кўчадан биринчи учраган тасодифий одамни ушлаб олиб, микрофон олдига ўтқазиб қўйишгандек. Бечора «сухандон» гоҳ гапини йўқотиб қўяди, гоҳ йўталиб ё томоқ қириб қолади, гоҳ шевага ўтиб кетади. Албатта, бундай сифатсиз маҳсулот харидорини топиши қийин. Шу боис ҳам бу борада «чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин» қабилида иш тутган маъқул.

«Китоб эшитамиз» лойиҳаси доирасида камида 5-6 нафар ёшнинг иш билан таъминланишига эришиш кўзда тутилмоқда. Ҳар бир ишчининг ўзига бириктирилган вазифаси мавжуд. Яъни иш бошқарувчи, асар (матн) танловчи муҳаррир, овоз оператори, сухандон, компьютер монтажи устаси, аудиокитоб қадоғи дизайнери каби ишчиларга тегишли вазифалар тақсимланган. Матнлар эса албатта тегишли нашриётлар томонидан чоп этилган китоблардан олинади.  Бу борада муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик асосида тегишли шартномалар имзоланади. Аудиомаҳсулот худди кинофильм дисклари сингари қадоқланади. Қадоқ усти, яъни аудиокитоб «муқова»си асар қаҳрамонларининг суратлари билан безатилади. Бу маҳсулотни бемалол яқинларингизга совға ҳам қилишингиз мумкин.

Дастурий маҳсулот, ­яъни аудио-китоблар барча ўқувчи-ёшлар ва қизиқувчилар оммасига мўлжалланган бўлиб, ундан исталган вақтда (дам олиш, жисмоний меҳнат, спорт билан шуғулланиш пайтида) ва исталган жойда (масалан, транспортда) фойдаланиш мумкин.

Яна ўқинг:  XABARLAR, YANGILIKLAR, VOQEALAR (2014/24)

– Ҳозирги кунда бир дона бадиий китобнинг нархи тахминан 20-30 минг, 1 Гига байтли флеш-хотиранинг нархи 15-20 минг сўм атрофида туради, – дейди Соҳибжон. – Унга эса камида 20 та аудиокитобни жойлаштириш мумкин. ­Яъни 20 000 сўмга битта китоб олган қаёқдаю, шу пулга 20 та аудиокитоб олган қаёқда?! Бу фойдаланувчиларнинг маблағларини ва вақтларини тежашларига олиб келади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу лойиҳа орқали тайёрланадиган аудиокитобларни кўриш имконияти чекланган инсонларга бепул тарқатиш режалаштирилган. Демак, лойиҳа амалга ошишини кузатиб борамиз…

Нуриддин ЭГАМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: