Каркадэнинг шифобахш хусусиятларини биласизми?

Инсоният қадим замонлардан бери ўсимликларнинг шифобахшлик хусусиятларини ўрганиб, улардан ўз ўрнида самарали фойдаланиб келган. Ўша вақтларда инсон билан табиатнинг уйғунлиги ҳозирги даврдагидек узилиш даражасигача етмаган эди. Урбанизация жараёнларининг шиддат билан ривожланиши бизни нафақат табиатнинг гўзаллигидан балки, унинг бағрида унган табиий гиёҳларнинг ва унсурларнинг ажойиб шифобахш хусусиятларидан ҳам бебаҳра қолдирмоқда.

Инсоният ҳаёти ўсимликлар олами билан узвий боғланган. Қуйида биз наботот оламига тааллуқли ўсимлик – каркадэ ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Каркадэ гулхайрилар оиласига мансуб бўлган ўсимлик. Бу ўсимлик 3.5 метргача бўй чўзиши мумкин. Унинг пояси ва барглари яшил, бироз қизил ранг аралашган бўлади. Ўсимликнинг гуллари 5-7 см.гача бўлиб, у ўзига хос жуда кучли муаттар ҳид таратади.Бу ўсимликнинг она ватани – Ҳиндистон ҳисобланади. Ҳозирги вақтларда каркадэни Судан, Миср, Хитой, Шри-Ланка, Таиланд ва Мексика каби тропик иқлимли мамлакатларда ўстиришади.

Суданда каркадэ жуда ҳам оммалашган. Шу боисдан ҳам унинг иккинчи норасмий номи – Судан атиргули дейилади.

Малайзияда каркадэни “бунга рая” деб аташади ва ниҳоятда эъзозлашади. Каркадэ ушбу мамлакатнинг миллий байроғида акс эттирилган.

Гуллари сўлиб қолганида каркадэ ажо­йиб шифобахш хусусият касб этади. Улардан тиббий мақсадларда фойдаланиш учун дамлама тайёрланади.

Каркадэ қаерларда ўсишига қараб ўз рангини ва таъмини ўзгартириши мумкин. Масалан, Мисрда етиштирилган каркадэнинг ранги тўқ қизил, таъми эса нордон бўлади. Мексикада етиштирилган каркадэнинг ранги тўқ сариқ, таъми эса бироз шўрроқ бўлади. Таиландда ўсган каркадэ қирмизи рангли, таъми ширин бўлади.

Каркадэнинг таркибида 13 хил органик кислоталар мавжуд. Ўсимлик таркибидаги лимон, олма ва вино кислоталари каркадэдан тайёрланган ичимликка нордон таъм бериб, чанқоқни яхши қондиради. Органик кислоталардан ташқари каркадэда турли хил витаминлар, микроэлементлар, биологик фаол моддалар мавжуд бўлиб улар одам организмига тушганида иммунитетни кучайтиради, асаб тизимининг толиқишини камайтиради. Унинг таркибида яна антоцинлар ҳам мавжуд. Айнан улар ўсимликдан тайёрланган чойга ўзига хос ранг бағишлайди. Антоцинлар қон томирларининг деворларини мустаҳкамлайди, қон томирларининг ўтказувчанлигини оширади ва шу билан қондаги холестерин миқдорини камайтиради.

Спазмолитик таъсири туфайли каркадэ сафронинг ажралиб чиқишини енгиллаштириб, жигар ҳамда сийдик тизими фаолиятини яхшилайди. Мунтазам равишда ундан тайёрланган дамламани истеъмол қилиб борсангиз моддалар алмашинуви яхшиланади, меъда ости бези ва меъда тизими фаолияти нормаллашади.

Ушбу ўсимлик профилактик хусусиятларга ҳам эга. Бу ўсимликдан тайёрланган дамлама, бошқа хил воситалар меъда-ичак тизимининг фаолиятини яхшилайди, диабетнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Ундан тайёрланган чой юмшоқ бўшаштирувчи хусусият касб этади. Меъда-ичак тизимининг фаолиятини нормаллаштириш мақсадида каркадэни камида 15 кун давомида мунтазам истеъмол қилиш зарур. Шундан сўнг бир ҳафта давомида танаффус қилинади ва яна бир ҳафта давомида даволаниш курсини давом эттириш лозим.

Яна ўқинг:  “Витаминлар хазинаси” салати

Дамламаси қон босимини нормаллаштиришга хизмат қилгани учун ҳам каркадэ қадр­лидир. Қизиғи шундаки, дамламани иссиқ ҳолида истеъмол қилсангиз қон босими ошади. Аксинча, дамламани совутиб сўнг истеъмол қилсангиз қон босими пасаяди.

Ундан тайёрланган чой спиртли ичимликлардан заҳарланиш ҳолатини анча камайтиради.

Африка қитъасининг маҳаллий қабилаларида каркадэдан кесилган, тирналган турли хил яраларни даволаш мақсадида фойдаланишади.

Каркадэнинг таркибида шовул (оксалат) кислотаси умуман йўқ. Маълумки, озиқ-овқат таркибидаги оксалат кислота буйракларда тош ҳосил қилиши мумкин. Демоқчимизки, каркадэдан буйрак тизимида касалликлар бор бўлган беморлар ҳам бемалол фойдалана олади.

Ҳар ҳолда баъзи бир беморларга бу ўсимликдан тайёрланадиган турли хил дори воситаларидан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилишга тўғри келади. Жумладан, ўсимликдан тайёрланган дамламалар меъда ширасининг ажралиб чиқишига кучли таъсир қилиши сабабли меъда яраси бор бўлган беморларга уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Каркадэни бир ёшга тўлмаган ёш болаларга ҳам бериш мумкин эмас. Бундан ташқари, ўсимликнинг таркибидаги турли хил моддаларга аллергияси бор беморларга ҳам уни истеъмол қилиш ман этилади.

Ошпазликда каркадэдан унумли фойдаланилади. Масалан, ўсимликнинг янги узилган баргларини турли сабзавотлардан тайёрланган салатларга, ҳайвон гўшти ва балиқдан тайёрланадиган овқатларга қўшиб истеъмол қилинса таом хушхўр бўлади. Каркадэнинг қуритилган уруғларини суюқ овқатларга солишади. Гул баргларидан эса жуда мазали мураббо тайёрлаш мумкин.

Косметологияда каркадэдан фойдаланиш услубларига ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Каркадэдан тайёрланган дамламани аввал совутиб сўнг музхонага қўйиб ҳосил бўлган муз парчалари билан юз терисига оро бериш мумкин. Юз териси жуда ёғли бўлса тайёрланадиган косметик воситага озгина оқ мусалласдан қўшиб юборсангиз айни муддао бўлади. Муолажани бажариб бўлгач юзни яхшилаб ювиб ташлаш ва озиқлантирувчи кремдан суртиб олиш тавсия қилинади. Каркадэни теридаги ортиқча туклардан халос бўлиш мақсадида ҳам ишлатса бўлади. Бунинг учун 1 ош қошиқда янчилган кофе олинади ва унга каркадэдан тайёрланган дамлама қўшилади. Муолажадан кейин яхшилаб ювиниб олиш керак.

Каркадэ қайнатмасини тайёрлаш учун ишлатилган гулбарглари юмшаганидан сўнг уларни ҳам истеъмол қилиш мумкин. Уларнинг таркибида витамин С, оқсиллар, аминокислоталар, пектин мавжуд бўлиб улар ичакларни турли токсин (заҳар)лар ва хилтлардан тозалайди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: