Умуртқа касаллиги қон босимига таъсир қиладими?
Статистика маълумотларига кўра, ер юзи аҳолисининг 80 фоизи гипертониядан азият чекади. Артериал қон босимининг кўтарилиши, афсуски, ёш танламайдиган касаллик. Буни устига, безовталик ёшлар орасида ҳам тобора кўпаймоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Ҳар бир кишида ишчи қон босими мавжуд. Ана шу ишчи босимнинг ўзгариши, организмда маълум ҳолатни пайдо қилади. Биринчи ўринда қон томирлар тонусини кўздан кечириш лозим. Негаки, қон томирлар тонуси бирламчи гипертония сабабчиси ҳисобланади. Бунда юрак ЭКГ си, қон ва пешоб суюқлигининг умумий таҳлили ўтказилади. Буйрак функциясининг бузилиши ёхуд пешоб ажратиш тизими касалликлари мавжуд бўлганида ҳам артериал қон босими кўтарилиши мумкин.
Пешоб ажратиш қийинлашганида, қон босимида ўзгариш келиб чиқади. Ички секреция безларининг номеъёрий фаолияти организмда моддалар алмашинувининг бузилишини келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида сув-туз баланси издан чиқади, қон таркиби ўзгариб, қон томирларга зўриқиш туша бошлайди. Бу ҳам артериал қон босимининг баландлашини келтириб чиқарувчи омилдир. Умуртқа поғонаси юқори қисмининг жароҳатланиши мавжуд бўлса, бўйин остеохондрози ҳамда умуртқанинг юқори қисмидаги жароҳатлар, кўпинча мушаклар тонусининг ортишини келтириб чиқаради. Бу эса ўз навбатида қон томирларида сиқилиш (спазм) ни пайдо қилади. Бундай беморлар гипертониклар сафидан жой олмаслигини истаса, албатта шифокор кўригига мурожаат қилиш лозим. Шунингдек, таомланиши, кун тартиби ва қандай дори препаратларини, қай маҳал қабул қилаётганига ҳам эътибор бериш керак.
Нодира ҲАМРОЕВА,
олий тоифали шифокор-терапевт