Болалар таомномасидаги бўтқаларнинг озуқавий аҳамияти ҳақида
Бўтқалар болаларга асосан эрталабки нонуштада, баъзан кечки овқат сифатида ҳам тавсия этилади. Манний, маккажўхори, сули, маржумак (гречка), гуруч, перловка ва бошқа донлар ёрмаларидан тайёрланган бўтқалар таркибида секин ҳазм бўлувчи углеводлар бўлгани сабабли улар организмга қувват беради. Бу таомлар узоқ вақт қоринни тўқ тутади.
Маккажўхори ёрмаси
Туйилган маккажўхори донида кўплаб витамин ва микроунсурлар мавжуд. Бундай бўтқа болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизимига яхши таъсир кўрсатади. Уларнинг иммунитетини кўтаради ва организмда метаболизмни яхшилайди. Шунингдек, танадан турли зарарли моддаларни ҳайдаб чиқаради. Яна организмнинг умумий ҳолатини мўътадил қилиб кайфиятнинг кўтаринки бўлишини таъминлайди. Бу бўтқани севиб истеъмол қилувчиларнинг тишлари ва милклари соғлом бўлади. Унинг зарари шундаки, кўп ейилса ортиқча вазнга сабаб бўлиши мумкин.
Буғдой бўтқаси
Бундай ёрма йирик навли буғдойни қайта ишлаш асосида тайёрланади. Унинг таркибида кўп миқдорда углеводлар, ёғлар, оқсил, крахмал мавжуд. Бу бўтқа калорияси камлиги билан ажралиб туради. Иммунитетни кўтариб, организмнинг умумий қувватини оширади. Шу сабабдан буғдой бўтқаларини катталар ҳам истеъмол қилса бўлади. Айниқса, оғир жисмоний юкламаларни бажарадиган инсонлар учун бу таом жуда фойдали. У ажойиб антиоксидант бўлиб, танада моддалар алмашинувини яхшилайди, холестеринни камайтиради. Жигар ва қон яратиш тизимини фаолиятига ижобиий таъсир этади. Танадан турли хилтларни, ортиқча ёғ ва тузларни чиқариб ташлашга ёрдам беради. Шунингдек, гипотериозда (қалқонсимон без фаолияти сустлиги), меъда яраси ёки юрак хасталикларида бу бўтқани диетолог-парҳезшунос билан маслаҳатлашиб истеъмол қилиш лозим.
Арпа бўтқаси
Унинг (перловка) ёрмасидан пиширилган бўтқа қадимда шоҳ навкарларининг овқатланиш рационига киритилган. Бу арпа донида мушакларни ўстирувчи ва ҳорғинликни бартараф этувчи фосфор борлиги учун бўлса керак. Ушбу ёрма таркиби оқсил, углеводлар, ёғлар ва турли витамин (асосан В гуруҳ витаминлари) ва микроунсурларга бой. Уни истеъмол қилганда сочлар, тери ва тирноқлар кўриниши чиройли ва соғлом бўлади. Бу маҳсулот иммунитетни кўтариб, кўриш қобилиятини яхшилайди. Аммо меъда яраси ва панкреатит (меъда ости безининг яллиғланиши) хасталиги мавжуд беморлар уни эзилиб кетгунча пиширишлари зарур. Арпа бўтқасини ҳомиладорлар, қорни дам бўладиган хасталар ва қабзиятда эҳтиёт бўлиб истеъмол қилган маъқул.
Гуруч бўтқаси
Бугунги кунда айнан гуруч бўтқаси дунё аҳолиси томонидан суйиб истеъмол қилинади. Унинг таркибида кўп миқдорда углеводлар ва барча витамин ва минераллар мавжуд. Гуручнинг шифобахшлиги абсорбентлик (организмни тозалаш) хусусиятидадир. У тирноқлар, соч кўринишини яхшилайди. Асаб тизимини мустаҳкамлайди, уйқунинг меъёрида бўлишини таъминлайди. Айниқса, болалар таомномасида кўпроқ гуруч бўтқаси ишлатилса фойдадан холи бўлмайди.
Маржумак бўтқаси
Маржумак (гречка) бўтқаси оқсил, углевод ва ёғларнинг конидир. Унда барча витаминлар ва микроэлементлар бор. Шу боис озиш учун парҳез тутадиганларга бу жуда ҳам қўл келади. Унинг таркибидаги фойдали моддалар болаларда анемия (камқонлик) нинг олдини олади. Шунингдек, гречка овқат ҳазмини яхшилайди, қон томирларни мустаҳкамлайди. Бу бўтқа асаб бузилишларида, бавосил (геморрой), ревматизм, (бод) қандли диабет, артритда тавсия этилади.
Сули бўтқаси
У кўпинча нонуштада истеъмол қилинади. Сулини бошқа бўтқалар каби сувда ва сутда пишириб тайёрлаш мумкин. Таркибида Е ва В витаминларидан ташқари, темир, фосфор, рух, калий каби микроунсурлар мавжуд. Ундаги бета-каротин холестеринни камайтириб, томирларда тиқилмалар ҳосил бўлишининг олдини олади. Калорияси кўп бўлгани учун иммунитети паст, соғлиғи заиф болаларга ҳафтада 2 марта тавсия этилади. Сули бўтқасини ортиқча вазнли кишиларга кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Гули Ислом ШАЙХ қизи,
Профессор