Аҳоли саломатлигини асраш йўлида
Фуқароларнинг бахтли, фаровон ҳаёт кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишиларидан бири саналади. Бугун юртдошларимиз барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, аҳоли учун муносиб турмуш тарзини яратиш борасида қилинаётган эзгу ва хайрли ишлар натижасини ўзларининг кундалик турмуши мисолида яққол ҳис этмоқда.
Аҳолига бепул шошилинч ва юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида энг юксак талабларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган шифохона ва бўлимлар тармоғининг ташкил этилиши бу борадаги ислоҳотларнинг самарали натижаларидан бири бўлди, дейиш мумкин. Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш каби эзгу ишлар ҳудудлардаги тиббий ихтисослашган марказлар фаолиятида ўз аксини топмоқда. Бу айни вақтда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, соҳада бугунги кун талаблари даражасида иш ташкил этишга олиб келмоқда. Қувонарлиси, пойтахтимизнинг Сергели туманида ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.
Айни пайтда тумандаги мавжуд тиббиёт муассасаларида жами 112 нафар умумий амалиёт шифокори ва 224 нафар умумий амалиёт ҳамширалари фаолият олиб бормоқда. Инновацион ғояларни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида ҳудуддаги барча оилавий поликлиникаларда аҳолининг электрон базаси яратилмоқда. Ушбу қулайлик натижасида беморлар аввало электрон рўйхатдан ўтказилиб, сўнгра шифокор қабулига киритилади. Бу эса ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, беморларнинг вақтини тежалишига хизмат қилади.
– Сўнгги икки йил давомида Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Бу борада бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишларни янада такомиллаштириш устувор вазифа қилиб белгиланган. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир, – дейди Сергели туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Мураккаб Қуватова.
Тиббиёт бирлашмасига кўп тармоқли марказий поликлиника билан бирга, ҳудуддаги 5 та оилавий поликлиника бириктирилган. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида поликлиникалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Жумладан, тақдим этилган 102 та компьютер жамланмаси касалликларни эрта аниқлаш ва фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Бир сўз билан айтганда Сергели туманидаги барча шифо масканларида юртдошларимиз саломатлигини асраш, аҳоли ўртасида турли касалликларнинг олдини олиш, даволаш, тиббий-профилактика тадбирлари сифатли йўлга қўйилган.