Миллат генофондига дахлдор масала: унга панжа орасидан қараб бўлмайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонованинг “Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти тингланди.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойида “Она ва бола скрининг” марказлари томонидан 214 минг 237 нафар хавфли гуруҳига мойил ҳомиладор аёл тиббий текширувдан ўтказилган. Уларнинг 3 минг 391 нафарида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар билан ривожланаётган ҳомила аниқланган. Ногирон болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида тегишли чоралар кўрилди.
Тадбирда миллат генофондини асраш, соғлом авлодни вояга етказиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, соҳада бир қатор камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Мамлакат миқёсида оналар ўлими қисман камайган бир пайтда Навоий, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бу кўрсаткич юқорилигича қолаётир. Гўдаклар ўлими кўрсаткичи эса Андижон ва Хоразм вилоятларида ўзгармай қолмоқда.
Тадбирда амбулатор-поликлиника муассасалари билан туғруққа ёрдамлашиш муассасалари ўртасида ўзаро алоқа етарли йўлга қўйилмаганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Депутатларнинг фикрича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун амбулатор-поликлиника муассасалари билан туғруққа ёрдамлашиш муассасалари, шунингдек, турли босқичдаги туғруққа ёрдамлашиш муассасалари фаолиятини ўзаро интеграциялашган ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ.
Танбир якунида оилалар, оналар ва болалар саломатлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда туғма нуқсонларни барвақт аниқлаб, даволаш, болалар ногиронлигини камайтириш, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олинган ҳолда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Х.ҲУСЕНОВА