Рангларга бурканган олам
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури ижросини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ақлан етук, жисмонан бақувват инсонлар этиб тарбиялаш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан кенг доирадаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
1997 йилдан буён мунтазам ташкил этиб келинаётган “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танлови ана шундай лойиҳалардан бири бўлиб, ушбу фестиваль иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларда тасвирий санъат ва бадиий ижодга бўлган қизиқишни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Sen yolg‘iz emassan” жамғармаси, Ўзбекистон Бадиий Академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур беллашув бу йил ҳар қачонгидан-да ўзгача руҳда ўтди. Танловда республикамиздаги “Меҳрибонлик” уйларининг 1 минг 200 нафар тарбияланувчиси иштирок этиб, вилоят босқичларида ғолиб деб топилган 160 дан ортиқ акварель расмлар ва 100 дан ортиқ амалий санъат асарлари мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичига тақдим этилди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан тасвирий асарлар йўналишида 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган иштирокчилардан 3 нафар, 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар, амалий санъат асарлари йўналишида 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар, 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар жами 12 нафар ғолиб аниқланди. Қолаверса, 10 та номинация бўйича ҳам энг саралар сараланди.
Кўргазма давомида Тошкент шаҳрининг 21-, 22-, 23-, 30-“Меҳрибонлик” уйларининг иқтидорли тарбияланувчилари ўртасида тезкор расмлар кўрик-танлови ҳам ташкил этилиб, барча ижодий ишлар шу вақтнинг ўзида ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди.
– “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танловининг якуний босқичида “Юксакликка интилган Ватаним” номли суратим билан қатнашдим ва якунда фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилдим. Бундан жуда ҳам хурсандман, – дейди Жиззах вилоятидаги 29-“Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Шохруҳ Мелибоев.
Танлов сўнггида ғолиблар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда “Sen yolg‘iz emassan” жамғармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Х.ҲУСЕНОВА