Магнит тўфони: унинг инсон саломатлигига таъсири

Сўнгги йилларда магнит тўфони тушунчаси пайдо бўлиб, инсон саломатлигига таъсир кўрсатиши ҳақида кўп фикрлар юритилмоқда. Хўш, магнит тўфони нима ўзи?

Ер атмоcферасининг ташқи чегарасига қуёшдан тушган тўлқинли нурланиш вақтига қараб ўзгаради. Қуёшда вақти-вақти билан атом бомбаси портлашига ўхшаш портлаш юз бериб туради. Бу портлашлар вақтида қуёшнинг нурланиши бир неча мартага ортиб рентген, ультрабинафша нурланиши ҳосил бўлади ва қуёшнинг магнит тўлқинларининг ерга тушиши кузатилади.

Ҳозирги вақтда тўпланган маълумотларга қараганда коинотдаги ўзгаришлар одам организмининг барча аъзоларига таъсир этади. Юрак, қон томир, бош мияси касалланган беморларнинг аҳволининг ёмонлашиши космосдаги ёки иқлим шароитининг ўзгаришидан аввалроқ бошланар экан. Кўпинча беморлар об-ҳавони ўзгаришини олдиндан биладилар.

Қуёш фаоллиги ортганда асаб тизими, юрак-томирлар билан хасталанган беморлар қаттиқ оғриқни сезадилар. Улардаги стенокардия хуружлари, неврологик бош оғриқлари икки-уч кун давом этиб, сўнг ўтиб кетади. Кўпгина касаллик­лар метериологик омиллар билан боғлиқ.

Магнит тўфонининг бошланиши, унинг фаоллигини кучайиши билан гипертония (хафақон) хасталиги мавжуд беморларнинг қон босими ортади. Геомагнит тўфони, электромагнит майдони куча­йишида беморларда бир қатор клиник белгилар юзага келади. Уларнинг қон босими ортади. Соғлиги ёмонлашади ва юраги оғрийди ёки санчади. Бундай кунларда инфаркт, инсульт каби касалликлар кўпаяди.

 

Магнит бўронларига сезувчан беморлар нима қилишлари зарур?

Сурункали касалликлари мавжуд, ташқи муҳит омилларига сезувчан хасталар магнит тўфонлари бўлишини билишлари билан (бундай беморларда “хабарчи” белгилар доимий бўлади) ўзларини асрашлари керак. Улар ҳая­жонланишнинг олдини олишлари, тинч ҳолатда юришлари, кўпроқ дам олишлари, жисмоний ва руҳий зўриқишдан эҳтиёт бўлишлари зарур. Шунингдек, юрак қон томир тизимида бузилишларга олиб келувчи жисмоний зўриқишлар ва тўйиб овқат ейишдан, алкоголли ичимликларни ичишдан, холестерин миқдорини оширувчи ёғли овқатлар истеъмол қилишдан сақланишлари даркор.

Сув муолажаларини қўллаш ҳам яхши натижа беради. Агар инсонни магнит тўфонлари вақтида жиззакилик, хавотир, уйқусизлик каби салбий ҳолатлар безовта қилса шифокор кўрсатмаси билан арслонқуйруқ (валериана) дамламасини қабул қилишлари мумкин. Шунингдек, ялпизли, малинали чой, наъматак, мелисса (лимон ўт), далачой дамламаларидан ичиш тавсия этилади.

 

Маълумот ўрнида

1930 йилда А.Чижевский қуёшнинг юқори даражада фаоллашган даврида аҳоли ўртасида ўлим кўрсаткичи кўплигини аниқлаган. Коинотдаги ўзгаришлар сабабли одамларнинг асаб тизимида ҳам салбий ўзгаришлар кузатилади. Айниқса, коинотда бу ҳолат кузатилса кўпроқ марказий асаб тизими касалланган беморлар вафот этади.

 

Яна ўқинг:  Касаллик чақирувчи замбуруғлар инсон организмига қандай ўтади?

Сурункали ички касалликлари мавжуд беморлар доимий шифокор назоратида юришлари, мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб, даво муолажаларини ўз вақтида қабул қилиб туришлари лозим. Бундай муолажалар организмни  ташқи муҳит омилларига сезувчанлигини пасайтиради, вужуднинг курашувчанлик хусусиятларини оширади.

 

Наргиза АДИЛОВА,

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: