Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш – истиқболдаги вазифа

Пойтахтимизда «Осиё Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Осиё Паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Паралимпия ассоциацияси ва яна бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Осиёнинг 23 давлатидан вакиллар ҳамда 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказиладиган Параосиё ўйинлари ташкилий қўмитаси аъзолари қатнашди. Тадбир доирасида Осиё Паралимпия қўмитаси Президенти Дато Зайнал Абу Зарин Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Паралимпия ривожига қўшаётган беқиёс ҳиссаси учун Осиё Паралимпия қўмитасининг ордени билан мукофотланганини эълон қилди.

Турли миллатлар ва маданиятларни бирлаштирувчи бундай нуфузли тадбирга пойтахтимиз мезбонлик қилиши бежиз эмас. Боиси, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва жисмоний имконияти чекланган ёшларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб сирларини пухта эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Айниқса, мамлакатимизда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётир.

Паралимпия тарихи

Шу ўринда, Паралимпия ўйинлари тарихига қисқача тўхталиб ўтсак. Паралимпия ўйинлари – бу таянч ҳаракати аъзолари шикастланган, имконияти чекланган, кўзи ожиз ва ақлан заиф спортчиларнинг олий халқаро спорт форумидир. Паралимпия сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, «para» (ёнида, олдида ва параллел) ҳамда «olimpic» (олимпия) Олимпиада ўйинлари билан ёнма-ён деган маънони англатади.

1948 йил германиялик шифокор Людвиг Гутман Бакингемшир графлигига қарашли Сток-Мандевиль шаҳрида умуртқаси шикастланган ногиронлар учун ҳам жисмоний ҳам ижтимоий реабилитация сифатида спорт мусобақаларини ташкил этиш ғоясини илгари суради. Айнан шу йили Буюк Британияда ўтказилган Олимпиада ўйинларидан сўнг Людвиг Гутман бошчилигида Сток-Мандевиль ўйинларига асос солинади. Дастлабки мусобақада атига 16 нафар жисмоний имконияти чекланган спортчилар иштирок этади. Эзгулик йўлидаги бу ташаббус орадан ўн икки йил ўтиб, хал­қаро спорт форумига айлантирилади. Яъни, 1960 йили Римда 1 ёзги Паралимпия ўйинларига асос солинади. Мусобақаларда 23 давлатдан 400 нафар спортчилар енгил атлетика, сузиш, қиличбозлик, баскетбол, камондан отиш, стол тенниси каби спорт турлари бўйича ғолиблик учун баҳс юритишган. Орадан тўрт йил ўтиб, II Паралимпия ўйинларига Токио шаҳри мезбонлик қилади. Мазкур мусобақаларда 22 давлатдан келган 390 нафар паралимпиячилар спортнинг 11 тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Яна ўқинг:  Hayot ganjida durri bebaho

1963 йил кўзи ожизлар, ампутантлар ва умуртқа поғонаси шикастланган шахслар учун халқаро спорт мусобақаларини ўтказишни таъминлаш мақсадида Халқаро ногиронлар спорти ташкилоти (ХНСТ) ташкил қилинди. 1989 йилга келиб, қишки ва ёзги Паралимпия ўйинларини ўтказадиган Халқаро ташкилот – Халқаро Паралимпия Қўмитаси (ХПҚ) ташкил топди. Ҳозирги кунга келиб, 162 та давлат Миллий Паралимпия Қўмиталари ва 4 та махсус ногиронлар спорти федерацияси Хал­қаро Паралимпия Қўмитасига аъзо. 2006 йил Ўзбекистон Ногиронлар спорт ассоциацияси ҳам Халқаро Паралимпия қўмитасига аъзо бўлди ва дунё миқёсида тан олинди.

Ўзбекистонда Миллий Паралимпия ассоциацияси 2007 йил 27 февралда ташкил топган бўлиб, шу бугунга келиб ассоциация Марказий Осиёда энг фаол Паралимпия ташкилотига айланди. Осиё Паралимпия қўмитасининг 2010 йил Гуанчжоуда бўлиб ўтган Бош ассамблеясида мамлакатимиз паралимпия уюшмаси Марказий Осиёдаги энг фаол ва ривожланган уюшма, деб топилгани ҳар бир юртдошимиз қалбига фахр ва ифтихор туйғуларини жо этади.

Нуфузли мусобақага илк қадам

Шу ўринда айтиш жоизки, спортчиларимизнинг паралимпия мусобақаларидаги илк иштироки Грециянинг Афина шаҳрида ўтказилган XII ёзги Паралимпия ўйинларига тўғри келди. Мазкур мусобақада юртимиздан бир нафар спортчи иштирок этди. Орадан тўрт йил ўтиб, Пекин (Хитой) шаҳрида ўтказилган тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси – XIII ёзги Паралимпия ўйинларида икки нафар спортчимиз иштирок этди. Гарчи ғолиблик қўлга киритилмаган бўлсада, мусобақа спортчиларимиз учун катта тажриба ва маҳорат мактабини ўтади.

Шундан сўнг спортчиларимиз мамлакатимиз ҳамда хориж мамлакатларида кўплаб ўқув-машғулот йиғинларини ўтаб, қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этдилар. Давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар, соҳа ривожига қаратилаётган эътибор натижасида 2010 йили Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган ПараОсиё ўйинларида вакилларимиз 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 3 та бронза медалларини қўлга киритиб, ўзбек спортида янги саҳифа очди.

Муваффақиятлар манзили

Ўтган йили Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган XIV ёзги Паралимпия ўйинлари эса Ўзбекистон спорти тарихига зар­ҳал ҳарфлар билан битиладиган бўлди. Дунёнинг 166 мамлакатидан 4200га яқин атлет иштирок этган мазкур нуфузли мусобақада юртимиздан 10 нафар спортчи дзюдо, сузиш, пауэрлифтинг, енгил атлетика каби спорт турлари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди. Эътиборлиси, бухоролик Шариф Халилов дзюдо мусобақаларида финал босқичига қадар етиб бориб, кумуш медал билан тақдирланди. Сузиш мусобақаларида қатнашган 17 ёшли Кирилл Паньков ёзги XIV Паралимпия ўйинлари тарихидан Осиё рекордини икки марта ўрнатган спортчи сифатида ўрин олди. Шунингдек, енгил атлетика бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ҳусниддин Норбеков диск улоқтиришда 52 метру 5 сантиметр натижа қайд этиб, тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, 100 метрга югуришда Муяссар Ибрагимова ярим финалга қадар етиб борди. Бундан ташқари Дониёр Солиев, Ҳусниддин Норбеков, Миран Саҳатов ҳамда Иван Панифидин каби спортчиларимизнинг иштироки ҳам мухлису мутахассилар эътирофига сазовор бўлди.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА

– Бугунга қадар спортда қандай ютуқларга эришган бўлсам, буларнинг барчаси истиқлолимиз шарофати, муҳтарам Президентимизни биз спортчиларга кўрсатаётган юксак ғамхўрликларининг самараси деб биламан – дейди XIV ёзги Паралимпия ўйинларининг кумуш медал совриндори Шариф Халилов. – Ҳар гал халқаро мусобақаларда иштирок этарканман, ота-онам, яқинларим, қолаверса, бутун халқимизнинг чуқур меҳрини дилдан ҳис этаман. Бу мени янги марралар сари ундайди, улкан ғалабларни қўлга киритишимга катта куч бағишлайди.

Юксалиш йўлида

Президентимизнинг шу йил 23 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори қўлга киритилган ютуқларимиз билан чегараланиб қолмай, галдаги нуфузли мусобақаларга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўриш, спортчи ва мураббийлар малакасини ошириш, уларнинг юқори савияда машғулот олиб боришларини таъминлаш, спортчилар заҳирасини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Айни пайтда ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси қошидаги енгил атлетика, пауэрлифтинг, дзюдо, сузиш, милтиқдан ўқ отиш ва қиличбозлик каби спорт турлари бўйича терма жамоа мураббийлари ва фаоллари билан яқиндан иш олиб борилмоқда. Шунингдек, қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги «Яккасарой» соғломлаштириш спорт мажмуаси, Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» ўқув машғулот базаси, Чирчиқдаги «Кимёгар» спорт комплекси, Бекобод шаҳридаги «Ўзметкомбинат» очиқ акциядорлик жамиятига қарашли сув спорт ҳавзаси ҳамда Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуаси паралимпия спортчиларига бириктирилди.

– Ҳозирги кунга келиб, Ўзбекистон Паралимпия Ассоциацияси Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди билан ҳамкорликда Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш мақсадида махсус таълим муассасаларида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Мақсад – имконияти чекланган инсонларни спортга жалб этиш, заҳира спортчиларни тайёрлаш, шу орқали, халқаро мусобақалардаги иштирокимизни янада яхшилашдан иборатдир, – дейди Ўзбекистон Паралимпия Ассоциацияси матбуот котиби Саъдулло Лутфулло ўғли.

Бундан ташқари жорий йилнинг 3-12 май кунлари Ўзбекистон Паралимпия Ассоциацияси ҳамда Япония Миллий Паралимпия қўмитаси ўртасида тузилган ҳамкорликка асосан Ўзбекистон паралимпия дзюдо терма жамоаси Япониянинг Токио шаҳридаги Ходокан ва Таишо университетларида япон спортчилари билан биргаликда ўқув машғулот йиғинлари ҳамда мураббийлар ўртасида семинар-тренинглар ўтказилди. Шу билан бир қаторда 2013 йил Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган XV Паралимпия ўйинларида дзюдо спорт тури бўйича терма жамоа спортчиларини муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида икки давлат Паралимпия ташкилотлари ўртасида Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Шу билан бирга, бошқа спорт турлари бўйича Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Франция ҳамда Италия Паралимпия қўмиталари билан ҳам мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган.

Яна ўқинг:  Buvimning oshyoni

Давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитларга жавобан, ўзбек паралимпия спортчилари олдиндаги нуфузли мусобақаларда янада юқори натижаларни қайд этиб, Ватанимиз номини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишларига ишонамиз.

Саъдулло ТУРСИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: