Фарзанд – ҳаёт гултожи

Фарзанд дунёга келар экан, ота-она унинг тимсолида ёрқин келажакни кўради. Ҳаёти давомида ўзи эриша олмаган жамики ютуқларга дилбанди етишишини истайди. Бунинг учун керак бўлса, жонини фидо қилади. Жигаргўшасининг камол топиши, эришажак барча муваффақиятларида у билан елкама-елка туришни истайди.

Инсоннинг соғлик ва тинчликда ўтаётган ҳар бир куни у кўзлаган мақсади томон тобора яқинлаштиради. Шубҳасиз, соғ-саломат вояга етаётган фарзанд ота-она ҳаётининг бахти, иқболи, унинг жамики орзу-умидлари соҳиби.

Кексаларимиз дастурхон бошида дуога қўл очганларида энг аввал Яратгандан тани сиҳатлик, ҳотиржамлик сўрайди. Бунинг боисини фарзандим Хабибуллонинг соғлиги билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлганида янада теранроқ англадим. Доимий чарчаш, ҳолсизлик, қувватнинг камлиги дилбандимни болаликнинг энг беғубор дамларини қувноқ кайфиятда ўтказишига ҳалал берарди.

Шифокорлар фарзандимда жиддий хасталик борлигини айтишди. Ўтказилган тиббий текширувлар натижаси эса отаси ва мени чуқур қайғуга солди. Унда юрак нуқсони аниқланган эди…

Кунлар ўтгани сайин ўғлимдаги беҳоллик кучая борди. Давомий ўтказиладиган муолажалар сабаблигина у яна вақтинчалик кучга тўлар, аммо унинг ҳаракатлари соғлом болаларникидан анчайин фарқ қиларди. Шифокорлар унга юрак жарроҳлиги амалиёти зарурлиги, бунга қадар эса ўғлимнинг саломатлиги хавф остида эканини айтишди. Табиийки, юрак жарроҳлиги билан боғлиқ амалиёт ўзига яраша катта маблағни талаб этади.

Шундай кунларнинг бирида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳақида хабар топдик. Зудлик билан Хабибуллонинг ҳужжатларини йиғиб, фонд мутахассисларига топширдик. Ўтказилган тиббий кўриклардан сўнг уни операция қиладиган бўлишди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида фонд мутахассислари турмуш ўртоғим ҳамроҳлигида фарзандимизни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги Артемис клиникасида юрак жарроҳлик амалиётини ўтказиш мақсадида олиб кетишди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Бундан мен ва яқинларим қанчалик хурсанд бўлганини сўз билан ифодалаб беролмайман.

Мана бир йилдирки, соғлом бўлиб бағримга қайтган фарзандимни шаҳдам қадам босишлари, тенгдошлари билан қувнаб ўйнашини кузатар эканман ич-ичимдан унга соғлом ҳаёт бахш этишда ўзининг беминнат ёрдамини аямаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг меҳнаткаш, фидойи ходимларига қалбимда чуқур миннатдорликни ҳис этаман.

 

Марзия ЯКУБОВА,

Сурхондарё вилояти, Денов тумани

Яна ўқинг:  Эътиборсизликнинг аччиқ бадали ёхуд яна тиббий саводхонлик хусусида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: