ФИКРИ ТЕРАН, ИЛМГА ЧАНҚОҚ

ёшларга сабоқ бериш ҳам бахт

Мамлакатнинг таълим салоҳиятини ошириш Ўзбекистон мус­тақилликка эришган илк кунлариданоқ танлаган йўли давлат ва жамият қурилишининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътироф этилди. Бу борадаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг барқарор тарзда ривож топиб бориши замирида инсон манфаати мужассам.

Тарих зарварақаларини варақлаб, шунга гувоҳ бўламизки, асрлар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллигини ўша даврда ёшларга бўлган эҳтиром, муносабатдан англашимиз мумкин.

Истиқлол йилларида оилага, ёш авлод тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам кўра катта аҳамият берилмоқда. Ҳозирги кунда давлатимизнинг энг катта ишончи, таянчи ўсиб келаётган ёш авлоддир. Бу тўғрисида юртбошимиз шундай фикр билдиради. “Мен ўзимнинг тақдиримни ҳам, мамлакатимизнинг ва мустақиллигимизнинг тақдири ва келажагини ҳам ана шу ёшлар қиёфасида, уларнинг пок қалби, эркин тафаккури, мустаҳкам иродаси ва дунёқарашида кўраман”.

Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Зангиота академик лицейида ҳам ана шундай соғлом фикрли, тафаккури теран ёшлар бисёр. Ўқувчиларимизнинг юзу кўзидаги мамнунлик, илмга бўлган чанқоқлик ифодаси менга чексиз завқ-шавқ бахш этади. Бу ерда қайсидир ўқувчи келажакдаги улкан режалари ҳақида дўстига тўлиб-тошиб сўзлаб берса, яна бири устозининг янги ишлари хусусида кўрсатмалар олаётганини кўп бора учратасиз. Табиийки, бундай илмсевар ёшларимизнинг ўз истеъдоди ва қобилиятини юзага чиқариш учун қулай шарт-шароит, замонавий технология билан жиҳозланган ўқув хоналарининг ўрни муҳим. Шунинг учун лицейимизнинг моддий техник базасига алоҳида эътибор қаратилди. Семинар ва лаборатория хоналарининг жойлашуви, бир-бирига боғлиқ фанларнинг оралиқ масофалари ўқувчига қулай бўлишини эътиборга олиб ташкил этилди. Ўқув хоналарига жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган техник ускуналар, мебель тўпламлари ҳамда компьютерлар жойлаштирилди. Лицейимиз табиий фанларга йўналтирилгани боис, бу йўналишдаги зарурий адабиётларни топиш ўқувчиларга қийинчилик туғдирмаслиги учун ахборот-ресурс марказининг моддий базаси янгиланди, янги адабиётлар ўқувчилар ихтиёрига топширилди.

Лицейимиз ҳовлисида ташкил этилган боғ кўзни қувонтирадиган даражада кўркам қиёфа касб этди. Бу гўзалликка ўқувчиларимиз ҳам беэътибор эмас. Кези келганда уларнинг ҳам бу боғга меҳнати сингган.

Лицейимизда ўқувчиларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришда уларни бир мақсад сари жипслаштириш ниятида ҳар йили ўқувчиларимиз билан биргаликда “Озод ўлкам – обод маҳаллам”, “Юрт ишқида ёниб яшайман”, “Йилнинг энг яхши устози”, “Ватанни севмоқ иймондандир”, сингари кўплаб тадбирлар ўтказиб турамиз. Бу йўлда нафақат ўқувчиларимиз, балки ўқитувчилар ҳам фаол. Уларнинг биргаликда иш олиб бориши, ҳамфикрлилигини кўриб қувонаман. Зеро, бу йўлда уларнинг жипслиги таълим йўлининг муҳим ютуқларини белгилаб беради. Бундай ютуқлар билим даргоҳида фаолият юритиб келаётган ҳар бири ходимга алоҳида куч-ғайрат бағишлайди. Моҳир педагогларимизнинг иш услуби вилоят миқёсида намуна сифатида оммалаштирилган. Жамоадаги уюшқоқлик, якдиллик, ҳамкорлик барча муваффақиятларнинг гаровидир, десак муболаға бўлмас. Агар муассасамизнинг тарихий солномасига назар ташласак, ҳар йили ўқувчиларимизнинг турли ютуқларга эришганига гувоҳ бўламиз. Тиниб-тинчимас фидойи педагогларнинг ташаббускорлиги, ташкилотчилиги туфайли маънавий-маърифий, маданий ишларнинг барчаси намунали йўлга қўйилган. Бу даргоҳда 530 нафар талабага, 32 нафар малакали ўқитувчи таълим бериб келмоқда. Муассасамизда таълим 4 мутахассисликка йўналтирган. Хорижий филология, ижтимоий гуманитар фанлар, табиий фанлар, аниқ фанлар шулар жумласидандир.

Яна ўқинг:  ТАННИ ҚИЗДИРУВЧИ ВА ОЗДИРУВЧИ НЕЪМАТЛАР

Халқимизда меҳнат қилган элда азиз дейдилар. Бу, албатта, касбининг билимдонлари-педагогларга ҳам тааллуқлидир. Зеро, фидойилик, жонкуярлик, ўз касбига садоқат билан ёндашиш кишини ана шундай сифатлар билан алқаб ўтишга ундайди.

Бу даргоҳда қандай ютуқ қўлга киритилмасин, барчаси жамоамизнинг фидойилиги ва аҳиллигидандир. Мен оиламдан, касбимдан бахт топган аёлман. Хоҳ, шогирдим, хоҳ ҳамкасбим бўлсин уларнинг кичик ютуғидан ҳам бошим кўкка етади. Зеро, таълим самарадорлиги йўлидаги ҳар қандай ютуқ ортида машаққатли меҳнат бор. Жамоамизнинг асл ягона мақсади фидойи, билимдон, зукко ва албатта соғлом ва баркамол авлодни камол топтиришдир.

Назокат ЖЎРАЕВА,

ЎзМУ қошидаги Зангиота академик лицейи директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: