Ўқувчилар учун муносиб туҳфа

Юртимизда таълим тизимида ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш, янгича ёндашувларга мурожаат қилган ҳолда таълим сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида “Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academiy” деб номланган хусусий умумтаълим мактаби иш бошлагани бунинг ёрқин далилидир.

Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан Андижон миллий ҳунармандчилик ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бўш турган биноси реконструкция қилиниб, 600 ўринга мўлжалланган вилоятдаги илк хусусий умумтаълим мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда инглиз, рус тиллари ҳамда математика фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Мазкур ўқув муссасада ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Мавжуд 27 та ўқув хонаси бугунги кун талаблари даражасида жиҳозланди. Айни кунда 2018–2019 ўқув йили учун 1-5 синфларга ўқувчилар қабул қилинмоқда. Уларга 2 маҳал иссиқ овқат берилади. Узоқдан келганлар эса ётоқхона билан таъминланади.

Ўқувчилар суҳбат асосида қабул қилиниб, иқтидорига қараб қайси йўналишда ўқиши аниқланади. Бундан ташқари ўндан ортиқ тўгараклар ташкил этилиши кўзда тутилган. Дарс ва тўгарак машғулотларини малакали педагоглар ҳамда ҳиндистонлик тажрибали мутахассислар олиб боради.

Муассасанинг ўқув дастурлари, дарсликлар билан таъминланиши вилоят халқ таълими бошқармаси билан келишган ҳолда амалга оширилади. Таълим-тарбия жараёнида ўқувчи психологиясини ривожлантириш, эркин мулоқот қилиш кўникмасини шакллантириш, мактаб жамоаси ҳамда ота-оналар ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Улуғ байрам олдидан фойдаланишга топширилган янги мактаб ота-оналар, айниқса, ўқувчилар учун муносиб туҳфа бўлди.

 

Васила ПЎЛАТОВА

Яна ўқинг:  Тошкентда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси очилади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: