ДАРДГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ
Одам организмида ҳалқум уч қисмга бўлинади, яъни бурун-ҳалқум, оғиз-ҳалқум ва ҳиқилдоқ-ҳалқум соҳаси. Бурун-ҳалқум хоанлар орқали бурун бўшлиғи билан, оғиз-ҳалқум томоқнинг юқори қисми орқали оғиз бўшлиғига қўшилади. Ҳиқилдоқ-ҳалқум ҳиқилдоққа қўшилади. Ҳалқумнинг юқори қисмида 6 та бодомча бези бўлади. Ҳалқумда овқат ютиш ва нафас олиш йўллари бир-бири билан кесишади. Овқат ютиш вақтида кичик тилча кўтарилиб, бурун бўшлиғини, ҳиқилдоқ усти пастга тушиб, ҳиқилдоқни беркитади ва овқат оғиздан томоққа, ундан қизилўнгачга ўтади.
Эпиглоттит – ҳиқилдоқ усти ҳамда уни атрофидаги тўқималарнинг яллиғланиши билан боғлиқ хасталик. Одатда бу соҳадаги яллиғланиш туфайли нафас олиш йўллари беркилиб қолиши мумкин.
Ўткир кечадиган эпиглоттит асосан 2-4 ёшли болалар орасида кўп учрайди. Айрим вақтларда бу хасталикка нисбатан катта ёшли болалар, ҳаттоки, катта одамлар ҳам чалинади. Эпиглоттитга чалинган ёш болаларда бир қанча соат давомида иситмалаш, серзардалик, дисфония (овоз тембрининг ўзгариши) ва дисфагия (ютиш функциясининг бузилиши) каби аломатлар пайдо бўлади. Беморлар олд томонга букилиб ўтиришга ҳаракат қиладилар. Уларнинг нафас олиши оғирлашгани боис оғзини очиб ўтиришга мажбур бўладилар, бемор оғзидан сўлак оқиб туради. Ўсмир ва катта ёшли беморларда касаллик аломатлари нисбатан кечроқ ифодаланади. Томоқ оғриғи касаллик бошланган дастлабки икки кун давомида намоён бўла бошлайди. Катта ёшдаги беморларнинг 25 фоизида нафас бўғилиши, 15 фоизида сўлак бези фаолияти кучайиб кетиши, 10 фоизида стридор (ҳуштаксимон нафас олиш) каби клиник аломатлар кузатилади.
Хасталик сабаблари
Аксарият ҳолларда касалликнинг ривожланишига пневмония (зотилжам) ва менингит (мия пардаларининг яллиғланиши) каби хавфли касалликларни келтириб чиқарувчи бактерия — гемофилус инфлюэнце сабабчи бўлади. Бу турдаги микроб одам организмига ҳаво-томчи йўли билан тушиши мумкин. Айрим ҳолларда мазкур микроб бурун бўшлиғида қулай вақт келгунига қадар сақланиши мумкин.
Юқорида айтиб ўтилган микробдан ташқари, касалликнинг ривожланишига пневмококк, стрептококк, кандида замбуруғи, чечак хасталигини келтириб чиқарувчи варицелла зостер вируси ҳам сабаб бўлади. Баъзи бир вазиятларда эпиглоттит шикастланиш сабабли юзага келади. Бундан ташқари, у нафас йўлларининг куйиши (шу жумладан, иссиқ овқат ёхуд суюқликни истеъмол қилиш) оқибатида ҳам ривожланиши мумкин.
клиник кечиши
Касалликнинг патогенези ҳақида сўз кетганида, биринчи навбатда, респиратор вирусларнинг таъсири сабабли капилляр (қил томирча)ларнинг ёрилиши кузатилади. Эпителий тўқимаси шикастланиши туфайли шиллиқ қават остига турли хилдаги бактериялар жойлашиб олади. Кейинчалик улар яллиғланиш ва шишни келтириб чиқаради.
аломатлари
Баъзи ҳолларда эпиглоттитдан аввалроқ турли хил инфекциялар туфайли юқори нафас йўлларини зарарланиши кузатилади. Бундай вазиятда хасталик жуда тез ривожланиб 2-5 соат давомида ҳиқилдоқ усти ҳамда уни атрофидаги тўқималарнинг яллиғланиши сабабли нафас йўллари бутунлай беркилиб қолади.
Юқори ҳарорат, ҳуштаксимон нафас олиш, томоқ қисмининг яллиғланиши, жиззакилик, бетоқатлик, ҳолсизланиш, нафас олишнинг қийинлашиши эпиглоттитнинг асосий аломатлари ҳисобланади. Дардга чалинган бемор бироз енгиллик бўлиши учун бўйин қисмини чўзишга, оғзини катта очиб ўтириб олиб бошини олд томонга эгишга ҳаракат қилади. Бунда беморнинг тили осилиб туради, бурун билан нафас олиш пайтида бурун катаклари кескин равишда шишиб туради. Касалликни гемофилус инфлюэнце бактерияси келтириб чиқарганида беморнинг тана ҳарорати кескин ошади, томоқ соҳасида кучли оғриқ сезилади. Буларга қўшимча равишда сўлак бези фаолиятининг кескин кучайиши, овознинг бўғилиб чиқиши, нафас олишнинг оғирлашиши, кислород етишмовчилиги туфайли лабларнинг кўкариб кетишини ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Мутахассислар эпиглоттитнинг уч хилини — шиш билан кечадиган, инфильтратив ва абцес (газак оладиган) шаклларини фарқлашади. Уларнинг ҳар бирига қисқача таъриф бериб кетамиз: шиш билан кечадиган эпиглоттит учун ютиш вақтида кучли оғриқнинг ҳис этилиши, интоксикация (заҳарланиш), бўйин соҳасини ушлаб кўрганда оғриқ сезилиши, тана ҳароратининг 37-39 даражагача кўтарилиши, ҳиқилдоқ усти ҳамда уни атрофидаги тўқималарнинг шишиши кузатилади. Ҳалқумнинг зарарланган қисмидан фарқли ўлароқ бошқа соҳаларда патологик ўзгаришлар кузатилмайди. Беморнинг қонида лейкоцитоз, ЭЧТ — (русча СОЭ) эритроцитларнинг чўкиш тезлиги миқдорининг кескин ошиб кетиши кузатилади.
Эпиглоттитнинг инфильтратив ва газак оладиган шаклларида беморнинг умумий ҳолати оғирлашиб боради. Касалликнинг бошқа аломатлари нисбатан тез ёки сустроқ тарзда ифодалана бошлайди. Тана ҳарорати 38-390C даражагача кўтарилади. Томоқ соҳасида чидаб бўлмайдиган кучли оғриқ, нафас етишмаслиги, беморнинг юзида кучли изтироб кузатилади. Беморнинг тили ўта даражадаги кулранг караш билан қоплангани, ҳиқилдоқ устининг шишиб, периферик қон томирларининг ҳаддан ташқари қонга тўлиши кузатилади. Газак оладиган ўткир эпиглоттитда зарарланган соҳада мадда ўчоқлари яққол кўриниб туради, шиш туфайли ҳалқумнинг бошқа соҳаларини кузатиш имконияти кескин чегараланган бўлади. Беморнинг нафас олиши анча қийинлашиб қолади (инспиратор нафас қисилиши).
Ўткир кечадиган эпиглоттит чоғида унга зарарланган соҳанинг йиринглаши ҳам қўшилса қисқа фурсат давомида ҳиқилдоқ усти соҳасида хондроперихондрит (ҳиқилдоқ тоғайлари ҳамда тоғай устки қисмларининг яллиғланиши) кузатилади.
асоратлари
Бемор ўз вақтида тўлиқ даволанмаса нафас олиш йўлларининг анатомик бутунлиги бузилиши мумкин. Бунинг оқибатида доимий равишда бемор организмига кислород етишмайди. Кислород етишмовчилиги туфайли бемор тез-тез ҳушини йўқотиши, осонгина талвасага тушиб қолиши сабабли бевақт нобуд бўлиш эҳтимоли катта. Клиник кузатувларга кўра, хасталикка чалиниш оқибатида 10 фоиз ҳолларда эпиглоттит ўзидан кейин зотилжам (пневмония), бўйин соҳасидаги лимфа тугунларининг шишиши, перикардит (юрак халтачасининг яллиғланиши), плеврит (плевра бўшлиғида суюқликнинг тўпланиши) каби асоратлар қолдириши мумкин.
ташхис ҚЎйиШ
Шифокор унинг ҳузурига келган беморнинг гавда ҳолатига қараб бирламчи ташхис қўяди. Биз илгари айтиб ўтганимиз каби эпиглоттитга чалинган бемор бироз енгиллик бўлиши учун бўйин қисмини чўзишга, оғзини катта очиб ўтириб олиб бошини олд томонга эгишга ҳаракат қилади. Бунда беморнинг тили осилиб туради, бурун билан нафас олиш пайтида бурун катаклари кескин равишда шишиб туради. Шифокор кучли оғриқ ва шиш туфайли беморнинг оғиз бўшлиғини кузатиш имкониятига эга бўлмайди. Аксарият ҳолларда бундай вазиятда беморни рентгенга туширишга тўғри келади. Ён томонлама қилинган рентгенограммада ҳиқилдоқ устининг шишиб кетганлиги (катта бармоқ белгиси) аниқ кўринади. Бундай аломатнинг ифодаланмаганлиги эпиглоттитни тахмин қилмаслик учун етарлича асос бўлолмайди.
Айни вазиятда беморнинг ҳалқумини кўздан кечириш учун махсус шпатель ёрдамида тилни пастга босиш мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар оқибатида беморда рефлектор ларингоспазм ва шу сабабли нафас йўллари фаолиятининг бузилиши юз бериши эҳтимоли бор. Эпиглоттитга чалинган беморни операция хонасига олиб бориб фиброларингоскоп ёрдамида кузатиш керак. Зарурат туғилса беморга трахея (бўғиз) соҳасида интубация қилинади.
Қайси шифокорга мурожаат Қилиш зарур?
Отоларинголог – қулоқ, бурун, томоқ хасталиклари бўйича шифокорга мурожаат этилади.
Давоси
Эпиглоттитни даволаш муолажалари тез ёрдам тизими учун хос бўлган тамойилларга асосланиши шарт. Бу касалликни уй шароитида мутлақо даволаб бўлмайди. Беморга интенсив (жадал) терапия усулида тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун умумий наркоз остида нафас йўлларига пластик найни киритиш зарур бўлади. Шундан кейин вазиятни мукаммалроқ ўрганиш мақсадида рентгенограмма қилинади. Томир орқали антибиотиклар, шунингдек, организмнинг ҳаётий қувватини таъминлайдиган махсус суюқликлар юборилади. Бемор махсус хонага жойлаштирилади. Беморнинг нафас олиши ва юрак уриши мунтазам равишда кузатиб борилади. Одатда касалхонада бемор 5-7 кун давомида даволанади. Антибиотиклар курси 7-10 кунгача давом эттирилади.
Ота-оналарга фойдали маслаҲатлар
Ёш болангиз кундузи ёхуд кечаси бехосдан уйқусидан уйғониб талвасага тушса, бошини олд томонга энгаштириб ўтириб олишга ҳаракат қилса ёки ҳадеб кўтариб олишларини талаб қилиб хархаша қилаверса, бўйнини чўзиб, оғзини катта очиб олсаю нафас олишга қийналса, тили осилиб қолса, ютиниши қийинлашса, тана ҳарорати юқори даражагача кўтарилиб кетса, кучли томоқ оғриғидан безовталанса болангизни мустақил даволашга ҳаракат қилмай, шу заҳоти шифокор ҳузурига олиб боринг.
Безовталанаётган болангизни тинчлантиришга ҳаракат қилинг. Бунинг учун энг аввало, ўзингиз тинчланиб олинг. Оғир вазиятларда ҳам эс-ҳушини йўқотмайдиган ота-она ўз боласининг саломатлиги учун кўп нарса қилишга қодир бўлади.
Эпиглоттит эҳтимоли бор бўлса асло болангизнинг тилини бирон нарса ёрдамида пастга босишга, куч ишлатиб унинг оғиз бўшлиғини кузатишга, гавдаси ва айниқса, бошини тик тутишга ундаманг. Унга қандай ҳолат қулай бўлса, шу ҳолатда қолдиринг. Автомобилда кетаётган бўлсангиз болани очиқ дарча олдида олиб ўтиринг, токи унинг нафас олиши осон бўлсин.
Саҳифани интернет материаллари асосида Ҳалима РУСТАМОВА тайёрлади.