Туғруқдан кейинги муаммолар

Ваниҳоят, эсон-омон қутулиб олдингиз. Энди қийинчиликлар ортда қолди деб ўйлаганингизда туғруқдан кейинги, яъни чилла даври муаммолари сизни кутиб турган бўлади. Улар нималардан иборат? Сабаблари нима-ю, чоралари қандай? Шулар ҳақида маълумот берамиз.

Мутахассис – олий тоифали шифокор гинеколог Моҳира СОДИҚОВА

Тикланиш даврига марҳамат!

Туғруқдан кейинги тикланиш даври ҳар бир аёлда ўзига хос бўлиб, ўртача 6 –10 ҳафта давом этади, яъни шу вақт ичида организм туғруққача бўлган ҳолатга қайтади. Аммо доим ҳам бу давр равон кечавермайди. Кўпинча эндигина эришилган оналик бахтини аёл саломатлигидаги айрим муаммолар хира қилади. Бунга асосий сабаблар қуйидагилар:

Паст иммунитет ёки шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик;

Туғруқ пайти кўп қон йўқотиш;

Авитаминоз, қоннинг яхши қуюқлашмаслиги;

Туғруқ пайти жарроҳлик аралашуви;

Бачадонда плацента қолдиғи қолиб кетиши;

Ҳомиланинг она қорнида узоқ вақт сувсиз қолиши.

Туғруқхонадан чиққан аёл қирқ кунгача ана шу туғруқхона назоратида бўлади, яъни бирон муаммо туғилса, дарров ўзи туққан муассаса шифокорларига мурожаат қилиши керак.

 

Безовталиклар

Қуйида туғруқдан кейин учрайдиган асосий муаммоларни санаб ўтамиз:

Кўп қон кетиши. Туғруқдан кейин бачадондан қон келиб туриши нормал ҳолат. Одатда, бир ярим ҳафтагача бу қонли ажралмалар ёрқин қизил рангда бўлади, кейинроқ у камайиб, ранги қорайиб боради. 6–8 ҳафтада тўхтайди. Аммо туғруқдан 2 ҳафта ўтиб ҳам қон ранги ёрқинлигича қолаверса, унда ўткир ҳид ва баъзида йирингли аралашмалар пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Бу бачадонда плацента қолдиғи қолиб кетганлиги ёки бошқа асоратлар аломатидир. Шунингдек, қон етарли миқдорда келмаслиги, яъни 1-2 ҳафтадаёқ тугаб қолишидан ҳам хурсанд бўлманг, бу бачадоннинг қайрилиб қолганидан далолат бўлиши мумкин.

Эндометрит – энг кўп тарқалган асорат. Эндометрит – бу бачадон шиллиқ қаватининг яллиғланишидир. Кўпинча у бачадонга микроблар тушиши оқибатида пайдо бўлади. Туғруқдан 3 кун ўтибоқ унинг белгилари аёлни безовта қила бошлайди (оғир эндометрит), ёки 5–12 суткага келибгина намоён бўлиши ҳам мумкин (енгил эндометрит). Аёл ўзини беҳол сезади, тана ҳарорати кўтарилади, ажралмалар йиринг ҳидига эга бўлади. Дарҳол антибиотик терапиясини бошлаш керак. Эндометритнинг олдини олиш учун туғруққача ва туғруқдан кейин гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳамда инфекцион касалликлардан ҳимояланиш лозим.

Яна ўқинг:  Ковид асоратларидан самарали даво

Мастит. Бу асорат сут безларига стафилоккок бактериясининг тушишидан юзага келади. Кўкрак қаттиқлашиб, иссиқ бўлиб қолади. Бу муаммодан ҳимояланиш учун болани кўкракда тўғри эмизиш ва кўкрак гигиенаси қоидаларига риоя этиш керак. Кўкрак учида ёриқлар пайдо бўлса, уларни вақтида даволаш керак.

Перитонит. Бу кесарча кесишдан кейин кўп учрайдиган асоратдир. Туғруқдан кейинги перитонит бачадондаги чокка инфекция тушиши ёки тухумдонлар шамоллашидан келиб чиқади. Аёлнинг тана ҳарорати кўтарилади, қорин дам бўлади ва қориннинг пастки қисмида оғриқ юзага келади. Бу касаллик жарроҳлик йўли билан инфекция тушган жойни олиб ташлаш орқали даволанади. Унинг олдини олиш учун кесарча кесишдан сўнг гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиш керак.

Эпидурал анестезиядан кейинги асоратлар. Бугунги кунда эпидурал анестезия туғруқ пайти оғриқни қолдиришнинг энг хавфсиз усули ҳисобланади. Чунки бунда она ва бола хаётига хавф жуда минимал даражада. Эгилувчан катетер ёрдамида 3-4-умуртқа поғоналари орасига оғриқ қолдирувчи восита юборилади. Бунда аёл ҳушини йўқотмайди, туғруқ табиий йўл билан амалга ошади. Бордию кесарча кесишда оғриқсизлантириш қўлланса, аёл тезда ўзига келиши, сутга наркознинг ўтмаслиги каби фойдали жиҳатлари мавжуд. Аммо бу усул қўлланганда худди инсон организмига четдан амалга оширилган бошқа аралашувлар каби, маълум асоратлар хавфи юзага келади. Энг кўп кузатиладигани – умуртқа поғоналари орасидаги боғламларнинг зарарланиши ва орқа мия қобиғининг яллиғланишидир. Натижада бел оғриши, оёқда сезувчанликнинг камайиши, бош оғриғи кабилар аёлни безовта қилиши кузатилади. Тўғри, бу асоратларни даволаш мумкин, лекин барибир алоҳида зарурати бўлмаса ушбу анестезияни талаб қилмаслик керак. Унутманг, туғруқ пайтидаги оғриқ қўрқинчли эмас. Агар 9 ой давомида фақат яхши ният қилиб, ўзингизни ижобий нарсаларга тайёрлаб борсангиз, оғриқни енгиб ўта оласиз. Ахир, ҳамма аёллар бундан ўтишган.

Депрессия. Кўпинча янги бўшанган аёлнинг жисмоний толиққанлиги ва организмдаги гормонал ўзгаришлар туфайли юзага келади. Бутун ҳаётингиз чақалоққа боғлиқдек, эрингиз сизни тушунмаётгандек, ҳеч ким сизга ёрдам бермаётгандек туюлади. Хуллас, кайфиятингиз негадир ёмон бўлиб юраверасиз. Бунда вазиятни ўзгартириш ўзингизнинг қўлингизда. Аввало, бу ҳолат вақтинча эканини, барига гормонлар сабаблигини ўйланг. Иложи бўлса, чақалоқни бир-икки соатга кимгадир қолдириб гўзаллик салонига бориш, сайр қилишга имкон топинг. Депрессия хуружи яқинлашаётганини сезишингиз билан яхши нарсалар ҳақида ўйланг, орзуларга берилинг. Яна бир йўли: бирон машғулот топиш. Балки китоб ўқирсиз, тўқишни ўрганарсиз. Хуллас, ўзингизни ёмон хаёллардан чалғитинг. Имкони бўлиши билан ухлаб олинг, чунки камуйқулик ҳам депрессияни кучайтиради.

Яна ўқинг:  Хусусий тиббиёт муассасалари акушерлик фаолиятини юритишга ҳақлими?

Бавосир. Кўпчилик аёллар ҳомиладорликда ич кўп қотиши, туғруқ пайти қаттиқ кучаниш туфайли бавосирга чалиниб қоладилар. Бу жуда нозик ва оғриқли дард. Афсуски, бу муаммони ўзингиз ҳал қила олмайсиз. Шу сабабли мутахассисга мурожаат қилинг. Бавосирнинг олдини олиш учун ҳомиладорликда тўғри овқатланиб, ичингиз мунтазам юришиб туришини таъминланг. Дард келганда ҳуқна қилдирманг, ич келтирувчи турли шамчалардан фойдаланманг. Ҳаммаси табиий йўл билан ҳал бўлишига қўйиб беринг.

Ортиқча вазн. Айрим аёллар туғиши билан ҳомиладорликдан олдинги кийимларига сиғиб кетаверишади, бошқалар эса ортиқча вазн билан ойлаб, ҳатто йиллаб курашишади. Одатда, аёл ҳомиладорликда ўртача 10-15 кг вазн қўшади. Туғруқдан кейин 7-8 кг вазн дарҳол йўқотилади. Қолганлари эса вақт ўтиши билан ё йўқолади, ё бир умрга аёл билан қолади. Іар кимда ҳар хил. Нима қилмоқ керак? Аёлларимизнинг асосий хатоси – нотўғри кун тартиби. Сиз чақалоқ парваришига бутунлай берилиб кетиб, ўзингизни унутасиз. Эрталаб хотиржам ўтириб нонушта қилмайсиз, баъзида тушликка вақт тополмайсиз ва кечқурун қўлингизга тушган нарсани еб кетаверасиз: қорнингиз тўйса бўлди. Албатта, семирасиз-да. Туғруқдан кейин дарҳол оздирувчи парҳезларни бошлаш керак эмас. Бу сиз учун бефойда, болага эса зарарли бўлиши мумкин. Кейин болаларнинг кетидан увол бўлмасин деб овқатларини еб қўйиш одатингизни ҳам ташланг. Тез-тез оз-оздан овқатланинг, узоқроқ сайр қилинг.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug’diyona» газетаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: