Осиёда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида

Пойтахтимизда «Осиёда Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий паралимпия уюшмаси томонидан Осиё паралимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Осиёнинг 23 давлатидан ташриф буюрган Паралимпия қўмиталари вакиллари, шунингдек, Инчон Параосиё ўйинлари (Жанубий Корея) ташкилий қўмитаси аъзолари қатнашди.

Осиё паралимпия қўмитасининг илк анжумани бўлган мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий паралимпия уюшмаси раиси Асатилла­ Салимов мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногирон ва жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча зарур шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Айниқса, бу борада имконияти чекланган инсонларнинг спорт тадбирларида иштирок этиши ва спортнинг паралимпия турлари билан шуғулланаётган ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-­Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бунга ёрқин исбот бўла олади.

2012 йили Лондонда бўлиб ўтган XIV Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик ўн нафар паралимпиячи юқори натижаларни қўлга киритди. Дунёнинг 166 мамлакатидан қарийб 4200 паралимпия спортчиси иштирок этган ушбу мусобақаларда дзюдочимиз Шариф Халилов кумуш медалга сазовор бўлди. Сузиш мусобақаларида қатнашган 17 ёшли Кирилл Паньков ёзги XIV Паралимпия ўйинлари тарихидан Осиё рекордини икки марта ўрнатган спортчи сифатида ўрин олди. Ўзбекистон паралимпия спортчиларининг бу ва бош­қа ютуқлари халқаро спорт ташкилотлари томонидан бир неча бор эътироф этилиб, юқори баҳоланди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Миллий паралимпия уюшмасининг самарали фаолиятини юксак баҳолади. Осиё паралимпия қўмитасининг 2010 йил Гуанчжоуда бўлиб ўтган Бош ассамблеясида мамлакатимиз паралимпия уюшмаси Марказий Осиёдаги энг фаол ва ривожланган уюшма, деб топилган эди. Осиё паралимпия қўмитаси президенти Дато Зайнал Абу Зарин Ўзбекистон Республикаси Президентининг нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун Осиёда паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга қўшаётган юксак ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Осиё паралимпия қўмитаси ордени билан тақдирланди.

Халқаро анжуманда 2020 йилга мўлжалланган Осиё паралимпия ҳаракати дастурини ривожлантириш, унинг ижросини таъминлаш вазифалари муҳокама қилинди, Осиё паралимпия ҳаракатининг 2020 йилгача мўлжалланган Тошкент декларацияси кўриб чиқилди.

Яна ўқинг:  Қатиқ асабни мустаҳкамлайди

Бобур ОБИДОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: