Сотилган ҳовли

Дўстимнинг илтимоси билан унга ҳамроҳ бўлдим. У шаҳар чеккасидаги чала битган иморатни сотиб олган, айни пайтда уйни қабул қилиб олишга бораётган экан.

Иморат деганлари пастаккина девор билан ўралган, дарвозасиз, иккитагина кичик хонадан иборат “временка” экан. Дўстимнинг айтишича, турмуш ўртоғи автомобиль ҳалокатида вафот этган аёл уйни сотиб, қишлоққа, қариндошлари ёнига кўчиб кетишга мажбур бўлибди.

Уйнинг собиқ соҳибаси кўч-кўронини йиғиб, тараддудланиб турган экан. Калитни дўс­тимга тутқазди-ю, хайрлашиб, кўчада турган эски юк машинасига ўтирди.

Дўстим билан ҳовлини айланиб улгурмаган ҳам эдик, кўчада яна юк машинаси келиб тўхтади. Ундан ҳаллослаб тушган уйнинг собиқ соҳибаси дўс­тимдан узр сўради-ю, қўлидаги “бак­лашка”дан ҳовлига зеб бериб яшнаб, турган икки туп атиргулга сув қуйди. Анча вақт гулларга термулиб турди. Кўчадан машина сигнали эшитилгач, у уйқудан уйғонгандек, чўчиб тушди.

– Узр, укажон, – деди аёл дўстимга юзланиб. – Сиздан илтимос, гулларимга яхшилаб қаранг. Қўшнининг эчкиси ёмон…

 

Нуриддин ЭГАМОВ

Яна ўқинг:  Шахматчиларимиз Шри-Ланкадан 33 та медаль билан қайтди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: