Болаларда бурун нега қонайди?

унинг сабаб ва оқибатлари

 

 Айни жазирама ёзнинг иссиқ кунларида ёш болаларда тез-тез учрайдиган салбий ҳолатлардан бири бурундан қон келишидир. Бундай ҳолатда ота-она уй шароитида болага қандай ёрдам кўрсатишлари кераклиги ҳақида шифокор отолоринголог Нилуфар Алимардонова қуйидагиларни тавсия этди.

Бурун қонаши қон кетиши билан кечувчи касалликлар ичида биринчи ўринда туради. Умумий ЛОР касалликлари ичида эса бу хасталик 3-5 фозни ташкил этади. Бу аъзодан қон кетиши болаларда тез учраб турадиган ҳолат бўлиб ҳар бир ота – онани хавотирга солади. Болаларда бурундан қон кетиши тўсатдан ёки шикастланиш сабабли юзага келиши мумкин. Унинг сабаблари маҳаллий ва умумий турларга бўлинади.

 

1.Бурун тўсиғи олд қисмидаги томир чигали жуда юза жойлашганлиги сабабли бурунни тез қонашига олиб келади. 90 фоиз қон ушбу соҳадан кетади.

2.Қон кетишига яна бир сабаб бурун ичини шикастланиши ҳаттоки, бола бурнини енгилгина кавлагани учун ҳам шиллиқ қават жароҳатланиши мумкин

3.Бурун ичига ёт жисм тушиши натижасида ҳам болаларнинг бурнидан қон кетади. Одатда бундай ҳолатда бурундан қон ажралма аралаш келади. Бир неча кун ёт жисм ушбу аъзо ичида қолиб кетса боланинг нафас олиши қийинлашиб, ундан бадбўй ҳид келади.

4.Яна буруннинг хавфли ёки хавфсиз ўсма касалликларининг ривожланиши сабаб ҳам бурундан қон кетади.

5.Хона намлигининг ҳаддан зиёд камайиб кетиши ёки жазирамада шиллиқ қават ва ундаги томирлар деворининг қуриши натижасида ҳам бурун тўсатдан қонаши мумкин.

 

Шунингдек, бола организмидаги қон томир касалликлари, қон яратиш аъзолари касалликлари, жигар, буйрак ҳамда гиповитаминоз (витаминлар танқислиги) натижасида ҳам ушбу салбий бу ҳолат кузатилади.

 

Албатта, ҳар қандай организм учун нормал бўлмаган ҳолат яъни, патологик ҳолатга жиддий қараш керак. Стресс (руҳий зўриқиш) натижасида организмда мавжуд бўлган касалликлар қўзғалиши мумкин. Одатда тез-тез бурундан қон кетиши айниқса, ёш болаларда кўпроқ кузатилади. Бунга ҳам сабаб юқорида айтганимиздек, беморнинг бурни жароҳатланиши яъни, уни кароват тўсиғига уриб олиши натижасида баъзан йиқилиб тушиши сабаб бўлса, қишки пайтларда хонани ҳаддан зиёд иситиб, ҳавони қуритиб юбориш натижасида ҳам юзага келиши мумкин.

Яна ўқинг:  Аллергия қандай юзага келади?

Бурундан қон кетган вақтда энг асосийси ота-оналар ўта хавотирланмасликги ва ўз ҳатти-ҳаракатларини назоратда ушлаши муҳим. Агар бола онанинг аҳволидан саросимага тушганини сезиб қолса, унинг аҳволи яна жиддийлашиши мумкин. Бурундан қон кетган пайтда уни тинчлантириб ярим ўтирган ҳолда гавдасини бироз олдинга букиб, уни бошини пастроқ эгиши керак. Буруннинг қайси томонидан қон кетаётгани аниқланиб, ушбу аъзонинг қаноти қўл билан маҳкам босиб турилади. Кейин 5-10 дақиқа давомида бурун устига совуқ сув билан намланган мато ёки муз бўлаклари солинган халтача қўйилади. Агар шунда ҳам қон кетиши давом этса, бурун ичига стерил пахтадан ясалган томпони 5-10 дақиқага қўйиш зарур.

Одатда оналар боланинг бурнидан қон кетса унинг ичига тампон қўйиб, беморнинг бошини орқага яъни, энса томонга букиб ёки чалқанча ётқизиб қўйишади. Бу эса хато.

Чунки беморнинг бурнидан оқаётган қон ҳалқум орқали унинг нафас йўлларига ёки овқат ҳазм қилиш йўлига тушиши натижасида баъзан болани йўтал тутади. Ёки у қайт қилиши мумкин. Натижада қон кетиши яна қайталанади. Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам бурундан қон кетганда шифокор кўригига бориш шарт. Бурундан қон кетишнинг олдини олишда энг муҳими уни келтириб чиқарган сабабларини аниқлашдир.

Дарҳақиқат, ота-оналар ёш болалар организмидаги ҳар қандай касалликларига бефарқ бўлмасдан дарҳол мутахассис шифокорга олиб боришлари керак. Азиз, ота-оналар, беғубор ва гулдек нозик фарзандимизнинг соғлиғига ниҳоятда эътиборли бўлишни унутманг.

 

Дилфуза АЗИМОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: