Математикларимиз муваффақияти

Бугунги кунда таълимнинг барча бўғинларида ўқитиш стандартларини такомиллаштириш ва шу асосда замонавий ўқув дастурлари, режалари, дарслик ва қўлланмаларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўз ижобий самарасини бермоқда.

Жорий йилнинг 1-6 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги математика бўйича халқаро мусобақада ҳамюртларимизнинг муваффақиятли иштироки бунга яққол мисолдир. Мазкур мусобақада улар 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритишди.

Мактаб ўқувчиларининг халқаро математика мусобақаси (International Mathematics Competition) дунёнинг иқтидорли ўқувчилари учун энг катта ва муҳим форум ҳисобланади. Мазкур мусобақада иштирок этиш ҳар бир мамлакат учун улкан шараф ҳисобланади. Ҳар йили июль ойида ўтказиладиган мусобақада дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан келган 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар ўзаро беллашадилар.

Мазкур нуфузли мусобақада бешинчи марта иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси шу йили мусобақада иштироки тарихида илк маротаба умумжамоа ҳисобида энг кўп медални қўлга киритди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов олтин медаль, шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев ва Пешку туманидаги 18-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш медаль, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Искандар Бўриев ҳамда Учтепа туманидаги 4-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Мажидов бронза медалига сазовор бўлишди.

 

Мусобақа масалалари мен учун мураккаблик қилмади, – дейди олтин медаль соҳиби Дониёр Исмоилов. – Бу устозларимнинг мактабда менга пухта билим бергани, мусобақага тайёргарлик чоғида машаққатли синовлардан муваффақиятли ўтганимиз туфайлидир. Халқаро мусобақадаги бир неча масаладаги топшириқлар тузилиши менда қизиқиш уйғотди.

 

Юртимзда мактаб ўқитувчилари анъанавий ўқитиш услубларига содиқ қолган ҳолда, инновацион ишланмаларни фаол қўллаб келмоқда. Ўқувчиларда эркинлик ва ташаббускорликни шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилади. Бу келажакда уларнинг муҳим ижтимоий ва профессионал вазифаларни амалга оширишига асос бўлади. Болаларда алгоритмларни ишлаш, масала тузиш ва уни ечишда амаллар кетма-кетлигини белгилаш, бошланган ишни ниҳоясига етказиш, матнларни онгли ўқиш ҳамда уларнинг маъносини чақиш, кузатиш объектларини тасвирлаш, уларни таққослаш, қиёсий натижалар бўйича шахсий мулоҳазаларни билдириш кўникмалари шакллантирилади.

Иштирокчилар мазкур олимпиадада нафақат катта тажриба тўплади, балки янги дўстлар ҳам орттиришди. Ўзбекистоннинг ана шундай ёшлари яна келгусида янги билим чўққиларни забт этиб, халқаро миёсда юртимиз шарафини ҳимоя қилиши шубҳасиз.

Яна ўқинг:  Сокин уйқу ҳаловати ҳомила саломатлигида муҳим омил

 

Маъмура САИДМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: