Маҳбуслар ва аҳоли бир шифохонада. Шундай бўлиши мумкинми?
Яқинда маҳалламизда бир одам вафот этди. Шамоллашни ўтказиб юборгани сабаб ўпкаси ишдан чиққан экан. Аслида эса хасталик сабаби сил эди. Буни биз маҳалладошлари ва оила аъзолари биламиз, аммо сир сақлаймиз. Ташвишлиси –болаларимиздан хавотирдаман. Уларни дарвозадан чиқаришга қўрқамиз…
Tошкент шаҳар ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 2016 йил 9 январь 22-сонли буйруғига асосан Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган 2-Сил касалликлари клиник шифохонасининг фаолияти тугатилди. У ердаги 350 нафар бемор пойтахтдаги Олмазор туманида жойлашган 1-Сил касалликлари клиник шифохонасига кўчирилди. Айни пайтда 500 нафардан ошиқ бемор мазкур масканда даволанмоқда. Бир хонада олти ва ундан кўп одам жойлаштирилган. Муаммолар ана шундан сўнг бошланди.
Жиноятчилар озодликда…?
Гап шундаки, Қибрай туманидаги шифохона қамоқхонага қарашли бўлиб, даволанаётган шахслар муқаддам судланганлар эди. Улар пойтахтдаги шифохонага кўчирилгач, “ўзига хон, кўланкаси майдон” бўлишди. Шифохонада оддий фуқаролар даволанади. Маҳбуслар эса уларга дўқ уриб, тажовуз қилишган. Шу тариқа шифохонада кетма-кет ҳуқуқбузарликлар содир бўлмоқда.
Бу тартибсизликлар бино ичидан кўчага ҳам тарқала бошлайди. Маҳбуслар озодликда кўнгли тусаган ишни қилишади. Истаган пайтда кўчага чиқиб, ташқаридан касалхона ҳудудига спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар олиб киришади. Мисол учун, 2017 йилда гиёҳванд моддалар истеъмол қилган шахслар томонидан тўртта жиноят содир этилгани участка нозирининг дафтарида қайд қилинган.
– Ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайдиган қарор қабул қилинган, – дейди Ғани Аъзамов номидаги маҳалла участка нозири майор Шерзод Қодиршоев. – Оддий беморлар билан маҳбусларнинг бир жойда даволанишига йўл қўйилганида, энг аввало, қўриқлаш хизматини кучайтириш лозим эди. Шифохонада ҳар куни бирор муаммо чиқади. Шахсан ўзим маҳбуслар шифохонага гиёҳванд моддалар олиб кираётганида қўлга олганман. Уларни кўчалардан йиғиб келаман. Мен билан шерикликда ишлаётган ҳамкасбларим тез-тез алмашяпти. Йигирма тўрт соат давомида маҳбуслар ортидан юрамиз. Уларнинг вилоятларга кетиб қолганларини қидириб, топиб қайтариб келамиз. Маҳалладаги одамларнинг ҳаловати йўқолган. Судланганлар аҳолининг уйига ўғирликка тушаяпти. Ўғирлик устида икки нафарини тутганмиз. Бу бебошлик қачонгача давом этиши мумкин?
…2017 йил 5 февраль куни соат 20:00 атрофида шифохонада жанжал кўтарилди. 1978 йилда туғилган Абдусалом Умаров ва 1972 йил туғилган Хайрулло Аҳмедов спиртли ичимлик истеъмол қилганидан сўнг, ўртада низо пайдо бўлади. Натижада Умаров Аҳмедовнинг оёғига пичоқ санчиб, оғир жароҳат етказади.
Бундай ҳуқуқбузарликлар кунора содир бўлмоқда. Аҳоли ва бемор маҳбуслар ўртасида ҳам кескин низолар юзага келяпти. Бунинг олди олинмаса, оқибатини тахмин қилиш қийин эмас.
Аҳолининг силга чалинаётгани рост(ми)?
Ғани Аъзамов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1-Сил касалликлари клиник шифохонаси аҳолига маънавий зарар етказиб қолмай, саломатлигига ҳам салбий таъсир этмоқда. Яна тўрт қўшни маҳалла аҳли ушбу масала юзасидан ҳар ҳафта Олмазор тумани ҳокимлигига шикоят билан мурожаат қилади.
Маҳбусларнинг кўп қисмини гиёҳвандлар, спиртли ичимликка ружу қўйган, турар жойи йўқ шахслар ташкил этади. Уларнинг давлатга боқимандалиги камдек, одамларга ҳам зиёни етяпти. Улар маҳалладаги умумий овқатланиш шохобчаларида овқатланишади, спиртли ичимликлар ичишади. Сил касаллиги ҳаво орқали инсонга тез юқишига ақли етган одам борки, маҳбуслар кирган емакхоналардан оёғини узган. Ҳудуддаги дўконлардан ҳам нарса харид қилишмаяпти. Бундан норози кафе ва дўкон эгалари бемор маҳбусларга нарса сотишни исташмайди. Ўртада эса жанжал, муштлашишлар содир бўлмоқда. Энг ачинарлиси, бундай вазиятда Президентимиз тинимсиз қўллаб-қувватлаб келаётган тадбиркорлар катта зарар кўрмоқда.
Аҳоли билан суҳбатлашганимизда “Сил касаллиги бошқаларга ҳам юқаяпти, ҳатто, болаларда ҳам аниқланмоқда. Биз шикоят билан кўп жойларга бордик, аммо бесамар” дея ўз муаммоларини айтишди. Энг хавфли томони шифохона ҳудуди қўриқланмайди.
– Маҳалламизда 3 минг 300 га яқин фуқаро истиқомат қилади, – дейди Ғани Аъзамов МФЙ раиси Мираббос Магдиев. – Уларни қийнаётган муаммолар биргаликда, ҳамжиҳатликда бартараф этиб келинади. Аммо икки йилдан буён ечимини топмаётган бу муаммо нафақат бизнинг маҳалла, балки шифохона атрофидаги Тараққиёт, Қорасарой, Гуручариқ, Чимбой ва Олтинсой маҳаллалари учун ҳам бошоғриққа айланди. Олдинлари бу ердаги беморларга махсус кийим бериларди. Уларнинг хатти-ҳаракати назорат қилинарди. Гигиенага қаттиқ эътибор қаратиларди. Энди уларни эплаб бўлмаяпти. Маҳаллада ёшлар кўп, қизларимиз бор. Биз фарзандларимизнинг мактабга бориб-келиши, кўчага бемалол чиқишидан ҳам хавотирга тушаяпмиз.
Маҳалла раисининг куюнганича бор. Дарҳақиқат, шифохонани кўчиришнинг имкони йўқдир, аммо қўриқлаш тизимини жорий этиб, аҳолини хавф-хатардан, суринкали бу хасталикдан қутқаришнинг наҳотки бирор-бир йўли топилмаса…
Раҳбарият нима дейди?
Биз муаммони ўрганиш жараёнида шифохона раҳбариятидан ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Бироқ, суриштирув жараёнида касалхонанинг бош шифокори ўз вазифасидан озод этилгани маълум бўлди.
– Айни пайтда шифохонамизда янги бош шифокор тайинланиш арафасида. Янги раҳбар келганида, барча саволларга жавоб оласиз, – деди 1-Сил касалликлари клиник шифохонаси бош шифокор ўринбосари Раҳима Расулова.
Аҳоли саломатлиги, эртамиз эгалари ҳисобланмиш ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда катта муаммога панжа орасидан қаралмоқда. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида чора-тадбирлар фақат қоғозда қолмаслиги керак. “Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида юртимиз бўйлаб кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ободлик эса, энг аввало, соғлом муҳитдан ҳам бошланади.
Ғани Аъзамов номидаги маҳаллада рўй бераётган, кун сайин палак ёзаётган ушбу муаммо ҳал этилмаса, оқибати бундан-да, ёмон кўриниш олиши мумкин.
Биз мутасадди ташкилотлардан айни масала юзасидан амалий ҳаракат ва ижобий натижа кутиб қоламиз.
Дилдора ФАЙЗИЕВА,
“Соғлом авлод” мухбири