Глобал таҳдид: жаҳон ҳамжамияти бирликда курашмоқда
Яқинда “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзусидаги халқаро конференция Тошкент ва Самарқанда бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ўтказилди.
Конференцияда БМТ, ЕИ, ЕХҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар, АҚШ, Афғонистон, Буюк Британия, Германия, Испания, Нидерландия, Латвия, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Қувайт, Қозоғистон, Қирғизистон сингари мамлакатлар делегациялари, хорижлик экспертлар, сенаторлар, депутатлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, фан арбоблари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Анжуманда бугунги кунда тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка раҳна солаётганини, ушбу глобал ҳатарга қарши жаҳон ҳамжамияти биргаликда курашмоғи лозимлигини таъкидланди.
Эътироф этилишича, бу борада Ўзбекистон тутаётган йўл, кўраётган чора-тадбирлар ва халқаро миқёсда илгари сураётган ташаббуслар диққатга моликдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида сўнгги йилларда терроризмга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганини таъкидлаган эди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари ушбу жараёнда айниқса, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлигини, чунки бугун дунё ёшлари сони 2 миллиард кишини ташкил қилгани ҳолда экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган эди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ, куни кеча Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтган ШҲТ саммитида давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани яна бир муҳим воқеа бўлди.
Халқаро анжуманда ёшлар орасида терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари ҳам муҳокама қилинди.
Нотиқлар фикрича, терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализм каби таҳдидлардан ёшларни асраш учун уларнинг хабардорлигини ошириш, ёш авлод ўртасида таълим-маърифий ишларини кучайтириш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, бу борада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, барча давлатлар ёшларини мазкур таҳдидларга қарши қатъий курашиш йўлида бирлаштириш лозим.
Содиқ САФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари:
– Ҳозирги кунда террористик гуруҳ аъзоларининг аксарияти ёшлар саналади. Экстремистик ва радикал гуруҳларнинг асосий ишонгани 30 ёшгача бўлган шахслардир. Бундан келиб чиқадики, бугунги кунда, ҳукумат, парламент, халқаро ташкилотларнинг ҳаракат маркази ёшлар сиёсати бўлиши лозимлигини кўрсатмоқда. Зеро, ёшларни экстремистик ва радикализм каби вируслардан ҳимоя қилиш муҳим вазифа саналади. Айнан шу мақсадда бугунги конференцияга йиғилган ташкилот аъзолари билан биргаликда ўзаро мулоқотлар ташкиллаштирилди.
Татьяна СЕЛИВЁРСТОВА,
Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари:
– Ушбу конференцияга жуда кўплаб давлатлардан ёшлар ташкилоти вакиллари ташриф буюрганига гувоҳ бўлдик. Бу тадбирнинг юқори савияда ташкиллаштирилганидан далолат беради. Ёшлар ташкилотларининг биргаликда иш олиб бориши, бир ёқадан бош чиқариши, шубҳасиз, экстремизм ва радикализмнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Томас ГРЕМИНГЕР,
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби:
– Мен Ўзбекистон ҳукуматидан бу каби юқори савиядаги тадбирни ташкиллаштиргани, бутун дунё халқларини тинчлик йўлида бирлашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганидан миннатдорман. Ўйлашимча, бундай йирик конференциялар терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда юртингизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар кўплаб мамлакатларнинг эътирофига сазавор бўлмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, юртингизни тинчлик йўлида олиб бораётган бугунги саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлаймиз.
Анжуманда тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг олдини олишда замонавий таҳдидлар ва ёшлар ташкилотларининг ўрни, навқирон авлод ўртасида терроризмга сабаб бўлувчи омилларга қарши курашиш бўйича комплекс ёндашув, минтақа мамлакатлари ёшларининг халқаро уюшмасини ташкил этиш юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Халқаро конференция ишида ялпи сессиялар доирасида муҳим йўналишлар бўйича хорижий ва миллий эксперт ҳамда мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Хуршида ҲУСЕНОВА,
“Sog‘lom avloaad” мухбири