ҲАЁТ – ҲИКМАТ, ИЛМ – УМРИМ МАЗМУНИ
– ДЕЙДИ ПРОФЕССОР ДИЛОРОМ ЁРМАТОВА
Бирор юртнинг аёлини билмоқчи бўлсангиз, ўчоғидаги қўрини кўринг, – дейди халқимиз. Чунки, аёлни аввало оиладаги тутуми билан баҳолашади. Самарқандликларда азиз меҳмоннинг оёғи остига қўй сўйиб, қайнатма шўрва пишириш анъанаси бор. Яна шуниси эътиборга моликки гўштнинг энг ширин жойини азиз меҳмонга қўйишади.
Профессор Дилором опа Ёрматова ота-боболаримиз урф-одатларига монанд яшаётган аёллардан бири. Неча марта меҳмондорчиликка чорлаган бўлса, дастурхонида қишлоқча шўрва, лаганлар тўла гўшт ҳамиша бўлади. “Тошкентда турсак ҳам самарқандча шўрва қилдим. Тотиб кўринг” дея мулозамат қилади. Она қишлоғига борса, Самарқанд нонидан албатта дўстларига илинади. “Нон ёпганда бувиларим қишлоқнинг кексаларига ёки ўзига бирор ҳунарни ўргатган устозларига олиб чиқарди. Бу удум инсонни қадрлаш билан бирга гўзал эзгу-тилакларни ҳам ўзида ифода этади. Иссиқ нондан берилган садақа эл-юртга келаётган бало-қазони қайтаради, оилани кўзу суқдан асрайди” дея ўзига хос фалсафа билан мушоҳада қилади ва аждодларнинг урф-одатларига садоқат билан яшайди.
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида ёшларга “Экология” фанидан сабоқ беради. У қишлоқ хўжалиги соҳасининг фидойиси. Юртимизда соя, зайтун, буғдойнинг янги навларини етиштириш борасида катта ишларни амалга оширган олиманинг республикамизнинг барча вилоятларини, қишлоқларини, далаларини пиёда кезган, десак, хато бўлмайди. Ўтган йиллар ичида юзлаб ёшларни фан оламига етаклади, уларнинг илмий изланишларига кўмаклашиб, устоз мақомига эришди. Бироқ, у ўзининг устози олдида ҳамон шогирд. Гарчи, устози боқий оламга кетган бўлса-да…
Аёллар даврасида устозлар ҳақида гап кетди. Баъзилар аспирантларнинг раҳбарлари кўп нарсаларни талаб қилиши ҳақида гапиришди. Дилором опа эшитиб туради-да, “Гуручнинг ичида ҳам курмаги” бор, барча устоз ҳам бир хил эмас дея, ўз устози ҳақида сўзлаб берди: – Отам мактаб партасидан олийгоҳга йўллаган устозим бўлса, устозим қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Горелов Евгений Потапович фан оламига олиб келди. Номзодлик илмий ишимизни бошлаган пайтимизда бир сумка нарса кўтариб борганимни эслайман. Сумкани олдимда очди. Ичидан иккитагина нонни олди-да, бошқасини қайтариб берди ва шундай деди: “Нондан улуғ нарса йўқ, майли уни оламан. Бошқасини олиб кетиб болаларингга едир. Болаларинг ризқини менга олиб келишинг нотўғри. Иккинчи марта буни такрорлама”.
У кишидан дала кезишни, деҳқонлар билан самимий суҳбатлашиб, фанни амалиёт билан боғлашни ўргандим. Ўзи рус миллатига мансуб бўлса-да, ўзбек мактабида ўқиган ўзбекнинг дўпписини севиб кийиб юрадиган олим эди. Мен уларнинг раҳбарлигида фан номзоди унвонини олдим. Яна уларнинг маслаҳати, кўмаги билан фан доктори бўлдим. Биз устоз билан ўтган йилларда ота-боладек бўлиб кетдик. У кишининг сўзлари, маслаҳатлари халқ ҳикматларини эслатарди. Устозим ҳаётдан ўтиб кетган бўлса ҳам унинг ўгитлари ҳамон йўлларимни, ёритиб туради. Мана улардан баъзилари:
– Ён-атрофингдаги одамлардан яхши фазилатларни изла! Афсуски, уларнинг ёмон томонларини сендан бошқа айтувчилар ҳам бор.
– Ҳаёт жуда қисқа эканлигини унутма. Унинг омонатлигини ҳис қил. Токи уни сенга омонатга берган Оллоҳ элчисини юборганида ўтган умрингдан афсусланма.
– Ҳаётингда илоҳий деб ҳисоблаган ва муқаддас санаган нарсаларинг бўлсин. Яқинларингни зиёратига боришдан вақтингни аяма.
Ҳозир Самарқандга борсам, устоз қабрини тез-тез зиёрат қиламан. Ўтган ойлар ичидаги янгиликларни айтаман. Худди тириклигида мени эшитаётгандек гапираман. Овоз чиқариб сўзлаганимда у киши мени аввалгидек эшитиб, маслаҳат берадигандек туюлаверади. Аслида бутун дардимни гапириб туриб, шу ерда қатъий хулосага келаман. Бу устознинг руҳий мададимикан, ёки менинг мулоҳазалариммикан? Буни ўзим ҳам билмайман. Лекин, у ердан дардларим тўкилиб, маслаҳатлашаётган мавзуда бирор қарорга келиб, руҳим енгил тортиб чиқишим аниқ.
Ана шундай пайтда устозимнинг ўгити ёдимга келди. Тез-тез ўтганларни зиёрат қилиб туриш керак экан. Шунда одам бу дунё ўткинчилигини англайди. Оёғи остига қараб юришга ўрганади.
Дилором опа донишмандларга монанд фалсафий мушоҳада қилади. Бу албатта, халқимиз удумларига ишониб, анъаналарини улуғлаб, устозларни эъзозлаб яшаб келаётган турмуш тарзидандир.
Қут-баракали оила етакчиси Дилором опанинг бир келин-қизи, икки куёв-ўғли бор. Невараларини санашга қўрқади.
Олиманинг омади ва ютуқлари изланишларини пировард натижада элга фойдаси тегишини кўзлашидадир. Яна соғлом авлод тарбиялашда халқона удумларни авайлаб-асраб келаётганлигида деб ҳисоблаймиз. Дилором опа ёшларга ўргатади: – Бодом камёб, чункни у жуда фойдали. У озуқа бўлиш билан бирга, шифобахш, ҳар куни 15 донадан еган кишининг кўриш қуввати ошади, хотира яхшиланади. Айниқса, аччиқ бодом ёғи буйрак ва қовуқдаги тиқилмаларни тозалайди. Бодом мағзининг қанд билан аралаштирилгани дармонсизлик, нафас сиқиши, бош айланиши ва йўталга даво сифатида ишлатилади.
Дилором опа янги туғилган чақалоқ неварасини, шогирдларининг фарзандларини қўлга олгандан кейин “Элга буғдойдек барака, соя ва зайтундек мева бергайсан” дея алқаб, танглайини кўтаради. Чунки, бир умр зайтун ва соя ўсимликларини маҳаллийлаштириш ва улардан олинадиган шифобахш неъматлар ҳақида изланди “Зайтун таркибида одам организми учун зарур бўлган 102 хил модда бор. Унинг ёғи меъда ичак касалликларига, юрак фаолиятини яхшилашга, одам танасидаги холестеринни камайтиришга ёрдам беради. Унинг барги дамламаси бодомча бези, нафас йўллари касаллигига фойда қилади. Меваси истеъмол қилинса, турли хил шамоллашлар ҳамда бод касаллигининг олдини олади, – деб тавсия қилади.
Умри давомида Дилором опа ўнлаб, юзлаб шогирдларга устозлик қилди. Бироқ, устозимдек ёшларга устозлик қила олдимми дея ўзига савол беради. Ва устозидек намунали ҳаёт кечиришга интилади. Қизи — Ҳуснобод Хушвақтова ҳам она изидан бориб, илму фанга меҳр қўйди. Бугунги кунда иқтисод фанлари номзоди бўлиб, Дилором опа билан ёнма ён фаолият юритяпти. Ҳуснобод волидасини ҳам онам ҳам устозим деб алқайди. Ўз касби ҳақида тўлиб-тошиб гапиради. Мен ёш олиманинг сўзларини тинглар эканман, эзгулик аввало оналарнинг қалбида, вужудида куртаклайди. Сўнгра авлодларга кўчади, дегим келади.
Дилором опа адабиёт соҳасида ҳам қалам тебратади. У “Айланайин ишқ” асарида аёл ҳақида шундай дейди: “Сени энг буюк сўз тузувчилар минглаб йиллар давомида тупроққа тенглаштириб келдилар. Тупроқ каби хокисор деб таъриф айладилар. Аёл кел сендай улуғни, сендай муҳтарамани Қуёшга тенглаштирай. Сен борлиқ табиатга жон ато этувчи Қуёшнинг бир бўлагисан. Дунёни абадийлик сари етакловчи, гўзаллаштирувчи, аёл, кўзларингдаги кулгу билан яхшиликларга ундайсан.
Бу сатрлар олиманинг ўзига ҳам тарифу тавсифдек. Унинг феъли тупроқдек хокисор, интилишлари, эзгуликлари қуёшдек юксак! Ўз устозини яхшиликлар билан эслаган Дилором опани устозлар куни билан қутлаймиз.
Раъно ЗАРИПОВА,
Республикада хизмат кўрсатган журналист