“Бошқарув кадрлари тайёрлашнинг бутунлай янги тизими яратилади”

Сўнгги йилларда давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 30 майида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор ижроси ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ўқув-методик бўлими бошлиғи Боту АЛИМОВ билан суҳбатлашдик:

– Истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олишнинг замонавий тизимини яратишни назарда тутувчи ушбу қарор бугун ўрта ёш вакиллари ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Келинг, аввал шу ҳақида суҳбатлашсак.

 

– Бугунги кунда асосан бошқарув соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Негаки республикамизнинг деярли барча ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасалар фаолияти ўрганилиб, таҳлил қилинганида улардаги бошқарув тизими, раҳбар ходимларда янгича фикрлаш ҳамда ишни тўғри ташкил этишда камчиликлар мавжудлиги кўзга ташланди. Айни шу ҳақида Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Кўриниб турибдики, ушбу қарорнинг қабул қилинишини ҳаётнинг ўзи тақозо этди.

 

Мазкур ҳужжат асосида ташкил этилган “Тараққиёт” республика танловининг таъсис этилишидан қандай мақсадлар кўзланган?

 

– Бу танловнинг жорий қилиниши айни муддао бўлди. Яъни, “Тараққиёт” республика танловидан кўзланган асосий мақсад бошқарув кадрларини танлаб олиш, уларнинг салоҳиятини ўстириш ва бу борадаги камчиликларни тўлдиришни назарда тутади. Биз республиканинг барча ҳудудларидан тегишли талабларга жавоб берган фуқаролар ўртасида танлов ўтказиб, шу мақсад асосида идоралар, давлат органлари, вазирликлар, турли муассасаларга раҳбарлик лавозимига тайинлаш ва ушбу идораларнинг кадрлар заҳирасини шакллантиришда мустаҳкам замин яратмоқдамиз.

 

Ушбу танловда кимлар иштирок этиши мумкин?

 

– Қарор мазмун-моҳиятига эътибор берсак, танловда тегишли талабларга жавоб бера оладиган фуқаролар эмин-эркин иштирок этишлари мумкин. Бунда ишхонадан тавсиянома, маълум бир идоранинг тавсияси ёки йўлланма хати назарда тутилмайди. Унда 30-45 ёш оралиғидаги, таянч олий маълумотли, ўз соҳасида камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин. Танловнинг дастлабки қабули учун шу йил сентябрь ойида (бир ой давомида) рўйхатдан ўтиш жараёни бошланади. Онлайн рўйхатдан махсус портал орқали ўтилиб, электрон анкета тўлдирилади. Ушбу тизимнинг жорий этилиши имкон қадар субъектив омилларни бартараф этиш, шахсни хизмат лавозимида поғонама-поғона ўсишида маълум бир шахсларнинг таъсирини имкон қадар чеклаш имкониятини яратиб беради.

Яна ўқинг:  Есанг – саҳар е...

 

Танлов қандай соҳалар бўйича ўтказилиши кўзда тутилган?

 

– Қарорга мувофиқ 16 та йўналиш назарда тутилган. Бу йўналишлар албатта, ўз-ўзидан шаклланиб қолмаган. Яъни, бошқарув кадрларига бўлган эҳтиёж ўрганилган ва шундан келиб чиқиб ғолиб чиққан 50 нафар иштирокчи айни шу йўналишлар бўйича тақсимланади. Бу йўналишлар давлат ва жамият бошқарувининг барча соҳаларини қамраб олади.

Жумладан, давлат қурилиши ва бошқарув соҳасида, иқтисодиёт, пул-кредит, суд-ҳуқуқ, саноат, коммунал хизмат кўрсатиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва шу каби энг аҳамиятга молик соҳаларни ўз ичига олган. Яна шуни айтиб ўтиш жоизки, бир шахсга фақат бир марта рўйхатдан ўтиш ва битта йўналишни танлаш ҳуқуқи берилади.

 

Агар фуқаро имтиҳондан ўтолмаса, у кейинги йилда яна рўйхатдан ўтиши мумкинми?

 

– Президент қарорининг талабига мувофиқ имтиҳондан ўтолмаган фуқаролар учун маълум бир чекловлар йўқ. Бу танлов, имтиҳон эмас. Яъни иштирокчи беллашувнинг бирор босқичидан ўта олмаса, билим ва кўникмаларини ошириб, сўнг яна иштирок этади.

 

Танловдан муваффақиятли ўтганлар уч ойлик курсларда ўқиши белгиланган. Ушбу курсларни тамомлаганларидан сўнг улар қандай лавозимга тайнланади?

 

– “Тараққиёт” – кўп босқичли танлов бўлиб, унинг сўнгги босқичида рўйхатдан ўтган ва синовларда иштирок этган фуқаролардан 150 нафари танлаб олинади ва уларнинг 50 нафари ғолиб, 100 нафари эса финал босқичи иштирокчилари ҳисобланади. Шундан ғолиб бўлган 50 нафар мутахассис давлат бошқарув академияси ва корпоратив бошқарув илмий-танлов марказий базасида 3 ойлик Президент дастури бўйича ўқитилади. Ушбу курс якунлангач, юқорида айтиб ўтилган йўналишлар бўйича тегишли ташкилот ва давлат органларига раҳбарлик лавозимларига тайнланади. 100 нафар финал иштирокчилари эса шу йўналишлар бўйча тегишли идораларнинг кадрлар заҳирасини шакллантиради.

Яна шуни таъкидлаш керакки, 50 нафар ғолиб энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари, финалга чиққан 100 киши эса 20 баравари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Ушбу танловда тегишли йўналишлар бўйича фақат давлат идораларида фаолият кўрсатувчи ходимлар эмас, балки хусусий сектор вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин.

 

Талабгорлар қандай шартлар бўйича синовдан ўтади?

Яна ўқинг:  ОЛИСИМИЗ ЯҚИН, ОҒИРИМИЗ ЕНГИЛ

 

– Танлов бир неча босқичдан иборат: биринчи босқичда иштирокчилар онлайн шаклда республика ҳудудларида марказлаштирилган тартибда мантиқий фикрлаш ва хорижий тиллардан тест топширади.

Иккинчи босқичда мамлакатимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги бўйича тест бўлиб ўтади. Тест натижаларига кўра ҳар бир йўналиш бўйича камида 18 нафардан талабгор танлаб олиниб, уларга соҳалар бўйича камида 5 та муаммоли савол ечимини назарда тутувчи ахборот-таҳлилий шаклидаги эссе ёзиш топширилади. Бу босқич якунига кўра талабгорлардан 300 нафари саралаб олинади ва натижаларга кўра ҳар бир йўналиш бўйича энг ками 18 нафар номзоддан иборат гуруҳлар кейинги босқичга ўтказилади.

Учинчи босқичда иштирокчилар ўз соҳасидаги вазирлик ва идораларда 1 ой давомида амалиёт ўтайди. Амалиёт ўташ тартиби эса Давлат бошқаруви академияси томонидан белгиланади. Бу вақт давомида уларнинг ташкилотчилик қобилиятини белгилаб берувчи ёзма тест ҳам ўтказилади. Унга кўра жами талабгорлардан 150 нафари финалга тавсия этилади.

Финал эса 2 босқичда бўлиб ўтади. Дастлаб, қатнашчилар муаммоли ҳолатлар бўйича гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлашади. Иккинчи босқичда эса танлов комиссияси томонидан суҳбатдан ўтказилади ва натижаларга кўра финал иштирокчилари ҳамда ғолибларга бўлинади.

 

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: